Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

20.02.2017


ТИНЧЛИК УЧУН КУРАШМОҚ КЕРАК

Шу кезларда дунёнинг турли бурчакларида киши кўнглига хавотирдан ўзга нарсани солмайдиган ҳолатлар юз бермоқда. Бунинг учун узоққа бориш шарт эмас, интернетга бир назар ташласангиз кифоя: кунда-кунора қаердадир навбатдаги теракт содир бўлган, бошқа жойда зиддият кучайган. Қайсидир давлат бошқаларини ядро қуроли билан қўрқитаяпти, бошқаси яна бировини "тинчлантириб туриш" учун унинг чегаралари яқинига бир неча минг қуролланган аскарларини шай қилиб қўйган. ИШИД деганлари ўзининг сўнгги  нафасини ҳам қон билан олмоқда. "Боко ҳарам"нинг ҳаром қилмишларини тўхтатишнинг ҳозирча имкони бўлмаяпти. Бирор кун йўқки, талотўп, уруш-жанжалсиз ўтган бўлса.

2011 йилнинг бошларида араб ўлкаларида бошланган низо ва қарама-қаршилик бугунги кунда издан чиққан иқтисодиёт, ижтимоий- сиёсий таназзул каби ўз салбий оқибатлари билан бўй кўрсатмоқда. Биргина Сурияда бу тартибсизликлар турли террорчи тўдалар,  экстремистларнинг янада фаоллашуви, бунинг натижасида мисли кўрилмаган қотилликлар содир этилиши билан якун топди. Украинада содир бўлган қарама-қаршиликлар, тартибсизликлар оқибатида минглаб бегуноҳ одамлар қурбон бўлди. Франция, Туркия, Бельгия каби давлатларда содир бўлган  терактлар туфайли бир неча юзлаб кишилар ўлим топди. Азалий сепаратчилик ҳаракатлари яна қайта бош кўтармоқда.

Мамлакатимиз раҳбари 9 май - Хотира ва қадрлаш кунида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлган суҳбатида доим халқимиз эътиборини тинчликни асрашга қаратади. Хавф-хатарлар кучайиб бораётган бугунги нотинч замонда нималардан огоҳ бўлишимиз, қандай таҳдидларга қарши курашишимиз лозимлиги тўғрисида ўз фикрларини билдиради. Бу бежиз эмас. Бугун дунё тез ўзгариб, кучли давлатлар геосиёсий манфаатлари тўқнашуви кескин тус олаётгани, халқаро терроризм, экстремизм каби хавф-хатарлар кучайиб бораётганини ҳисобга олиб, аввало, бу бало-қазолардан ўз вақтида огоҳ бўлишимиз, тегишли хулосалар чиқариб олишимиз зарур.

Зотан, биз уруш кўрган халқмиз. Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабада муносиб ҳиссамиз бор. Айни пайтда шуни ҳам яхши англаймизки, уруш ҳеч қачон бахт, фаровонлик келтирмайди.

Шаҳарларимизда қад кўтарган "Мотамсаро она" ҳайкали эса уруш даҳшати ва тинчлик қадрини кишиларга муттасил эслатиб турувчи ўзига хос рамзга айланиб қолган...

Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 71 йиллиги, Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонлаётган шу кунларда юртдошларимиз ўз инсоний бурчини бажо этиб, Ватанимиз озодлиги, мусаффо осмони учун жон бериб, қурбон бўлганларнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб, таъзим қилади.

Бугун шу улуғ айёмни нишонлар эканмиз, бу ғалабанинг кўпчилик қаторида бизнинг халқимиз учун ҳам нақадар қимматга тушганини, халқимиз бу мудҳиш урушда қанча қурбонлар, қанча йўқотишлар берганини, қанча етим-есирлар, мислсиз азоб-уқубатларни кўрганини ёдга олсак, эл-юртимизнинг тақдири, унинг келажаги ҳал бўлган ўша даврларни ёдга олсак, уруш тугаганига 71 йил бўлишига қарамасдан, бундай қирғин, бундай офатни бугун ҳам одамларимиз алам ва изтироб билан эслайди.

Урушдан олдин Ўзбекистонда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллиони жангларда бевосита иштирок этган. 500 мингга яқин юртдошларимиз урушда ҳалок бўлган, қанчаси бедарак кетган, қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтган.

Бу рақамлар тинчлик ердан кўкармаслигини, осмондан тушмаслигини кўрсатади. Шунинг учун ҳатто кунига жилла қурса уч бора дастурхон атрофида "тинчлик-хотиржамлик бўлсин" деб Яратгандан сўраб туришни канда қилмаймиз.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, тинчлик муттасил таъминлаб бориладиган, зиғирдек эътиборсизликни, лоқайдликни хуш кўрмайдиган қадрият. Унга бўлган эътибор салгина сусайгани заҳоти барқарорлик ўрнини фалокат, тараққиёт ўрнини таназзул, адолат ўрнини адолатсизлик, маърифат ўрнини жаҳолат, эзгулик ўрнини залолат эгаллайди. Яқин Шарқ минтақасида кейинги йилларда содир бўлган ва ҳануз давом этаётган воқеалар шундан далолат беради. Миср, Ливия, Тунис, Сурияда ҳокимият пешволари ва жамоат арбобларининг эътиборсизлиги, лоқайдлиги мамлакатларни тараққиётдан четга сурди, иқтисодиётни издан чиқарди, ижтимоий турмушни жаҳолат ботқоғига ботирди, энг даҳшатлиси, миллат манфаатларига хизмат қилиши мумкин бўлган ёш авлод дунёқарашини тубдан ўзгартириб юборди, уларнинг катта қисмини турли вайронкор ғоялар ва ёт манфаатларнинг сўқир хизматчисига айлантирди.

Энди ўзимизнинг минтақага назар ташлайлик. Қўшни Афғонистонда 35 йилдан ортиқ вақт давомида тўхтамаётган уруш, наркобизнес, диний экстремизм ва терроризм ёндош ҳудудларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Афғонистон раҳбари Ашраф Ғани мамлакатнинг 12 та провинциясида ҳукуматни шакллантира олмади, бугун бу ерларни бошқарувчи раҳбар йўқ. 34 провинциядан 25 тасида ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Толибонлар фаоллашиб, бир қанча стратегик муҳим шаҳарларни эгаллаб олишди. Бу эса ўз-ўзидан бошбошдоқликнинг янада кучайишига, тармоқ ёзиб, қўшни давлатларга ҳам ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.

Бундан ташқари, Ўзбекистон жамоавий хавфсизлик тизими изчил йўлга қўйилмаган минтақада, Форс кўрфази, Каспий денгизи ҳавзаси ва Тарим ҳавзасининг нефть ва газга жуда бой конлари жойлашган ярим ҳалқанинг стратегик марказида жойлашган. Шу боисдан бу ҳудудда бутун дунёда энергия тақчиллиги  шароитида кўпгина давлатларнинг бир-бирига мос келмайдиган манфаатлари ўзаро тўқнашмоқда. "Биз, - деб ёзади мамлакатимиз раҳбари "Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари" номли асарида, - Россия, Хитой ва Ҳиндистоннинг, Шарқ ва Ғарб мамлакатларининг бир-бирига мос келмайдиган манфаатлари юзага чиқадиган минтақанинг бир қисмимиз. Аслида шаклланиб келаётган, лекин жуда куч-қудратли, XXI асрнинг қиёфасини белгилаб берадиган бу куч марказлари ана шу минтақада ўз манфаатларини излайди. Евроосиё марказлари туташган ерда жойлашган бизнинг ҳудудимиздан, бутун минтақа ҳудудидан ислом дунёсининг Туркия, Покистон, Эрон ва Саудия Арабистони каби қудратли мамлакатлари ҳам юқоридаги кучлар каби ўз манфаатларини излайди".

Демакки, тинчлик бардавомлигини таъминлашнинг асосий шарти огоҳликдир. Огоҳлик хавф-хатардан асрайди, фалокатларнинг олдини олади. Айниқса, тинчлигимизга нималар таҳдид солаётгани, катта-катта давлатларнинг манфаатлари тўқнашган ҳудудларда қандай сиёсий ўйинлар кетаётганини олдиндан кўриб, англаб олинса, уларга қарши чора топишга вақт ҳам, имкон ҳам бўлади. Бу ҳаёт ҳақиқатини Президентимиз такрор ва такрор таъкидлаб келади, тинчликдек бебаҳо неъматни асрашга халқимизни даъват этади, тинчлик учун албатта огоҳлик зарурлигини доимо уқтиради. Зеро, уруш даҳшатлари қайта ёдга олинаётган шу кунларда тинчликнинг қадрига етиш, унинг бардавомлигига ҳисса қўшиш ҳар бир юртдошимизнинг инсоний бурчидир.

Б.ЎКТАМ

Report typo