Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

22.02.2017


ТИНЧЛИК ВА ОСОЙИШТАЛИКНИНГ ҚАДРИ БЕБАҲО

Тадбирни вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Баҳодир Қодиров кириш сўзи билан очаркан, фаровон ҳаётимизга рахна солишга интилаётган, динни ниқоб қилиб олиб, тўғри йўлдан адашган кишилар орасида аёллар, хотин-қизларнинг ҳам борлиги жуда ачинарли ҳолат эканини таъкидлади.

Дарҳақиқат, аёл - оиладаги маънавий муҳитнинг таянч нуқтаси. Унинг қўлида келажак пойдевори бор. Фарзандининг тинч-хотиржам яшаши, камолотга етиши, касб-ҳунар, илм ўрганишини бир четга суриб, оналикдай буюк масъулиятни унутган, турли мутаассиб оқимларнинг бузғунчи ғояларига эргашган аёлларни ҳеч бир сабаб билан оқлаб бўлмайди. Айрим хотин-қизлар эса борига шукур қилиш ўрнига чет элларда сарсон-саргардон бўлиб юришибди, хориж мамлакатларида турли бузғунчи кучлар қўлида қўғирчоқ бўлишмоқда, охир-оқибат топганлари  хору зорлик,  таҳқир ва нафрат бўлаяпти, бу яна бир жиҳатдан ўзининг жасорат ва матонати, ақл-заковати, нафосат ва назокати билан тарихда ўчмас ном қолдирган момоларимиз авлодларига умуман ярашмайдиган ҳолат.

Тадбирда мутасадди идоралар вакилларининг "Диний экстремизм, фундаментализм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари", "Диний экстремизм ва терроризм - тараққиёт душмани", "Либос - ўзлик кўзгуси" каби мавзулардаги маърузалари тингланди.

Шунингдек, диний экстремистик оқим таъсирига тушиб қолган айрим хотин-қизларнинг ҳам фикрлари тингланиб, улар гулдай умрини хазон қилганини, фарзандларининг, оиласининг бахтини пуч ғояларга алмашганини, жаннатмонанд юртимиздаги бахтли, тинч-осойишта, фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, шукур қилиш зарурлигини таъкидлашди.

Аёл, она деб аталмиш мўътабар номга доғ туширган, бузғунчи кучларнинг манфаати йўлида бахтидан мосуво бўлган кишилар ҳақида ҳикоя қилувчи "Беҳуда кетган умр" видеофильми намойиши барчани чуқур мушоҳадага чорлади.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo