Айни шу жиҳатни сўнгги ойларда ўтган бир қатор халқаро муҳокамалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 72-сессиясида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жаҳон сиёсати учун ҳал қилиниши лозим долзарб муаммоларни кўрсатиб берганлиги ва улар ечими йўлидаги таклифлари кўплаб ҳалқаро миқёсдаги сиёсатшунослар, экспертлар ва мутахассислар муносабати, таҳлилларига сабаб бўлди. Таҳлилчилар жаҳон сиёсати архитектурасининг янги қиёфасини яратиш лозим эканлигини ва буни ўз вақтида Ўзбекистон Президенти эътироф этганини таъкидлашмоқда.
Шунингдек, Самарқандда жорий йил 10-11 ноябрь кунлари ўтказилган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда ҳам давлатимиз раҳбари томонидан минтақадаги давлатлар ўртасида хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш йўлидаги ҳамкорлик масаласида белгиланган вазифалар ва қатор ташаббуслар қизғин кутиб олинди.
Президентимиз маърузасида дастлаб минтақа хавфсизлигига таҳдидлар масаласи унинг бугун дунё етакчи давлатлари манфаатларининг тўқнашаётган худудга айланиб бораётгани, минтақанинг сиёсий нотинчлик ҳукм сураётган ҳудудлар билан чегарадош эканлиги билан боғлиқлиги айтилди.
Маълумки, Марказий Осиё минтақаси 4 миллион квадрат километр майдонда 70 миллиондан ортиқ аҳоли яшаётган табиий ресурсларга бой, қадимий Ипак йўли марказида жойлашган ва халқаро логистика, транспорт коридорини боғлаб турувчи нуқтада туриши унинг йирик имкониятларга эга эканлигини англатади. Шу билан бирга, минтақа Россия, Хитой сингари йирик давлатлар билан чегарадош ҳам ҳисобланади.
Шунга кўра, давлатимиз раҳбари томонидан минтақада савдо-иқтисодий, инвестициявий ва инновацион ҳамкорликни ривожлантириш ва бу борада Минтақавий иқтисодий форумни йўлга қўйиш, Марказий Осиё давлатларининг ҳудудлар раҳбарлари (ҳокимлари) бизнес ҳамжамиятининг ассоциациясини таъсис этиш таклиф этилди. Минтақавий умумманфаатлар устуворлиги, шунингдек, минтақада транспорт-логистика салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш ва транспорт инфратузилмасининг жадал ривожланишини таъминлаш масаласининг ечимини топиш йўлида, 2018 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва амалга оширилмаган имкониятлар” мавзусида халқаро конференция белгиланиб, қисқа муддатда минтақа давлатлари ўртасида Транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича умумминтақавий дастурни ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Минтақада мазкур масала ечими бўйича муайян натижаларга эришилгани таъкидланиб, бунинг исботи тариқасида Ўзбекистон ва Туркманистон Республикалари ўртасида Амударёдан ўтадиган Туркманобод-Фороб янги темир ва автомобиль йўллари кўприклари ишга туширилиши билан Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон транспорт-транзит йўналишининг муҳим тармоғи бунёд этилгани, Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли қурилишида ўзаро келишувлар якунига етгани айтиб ўтилди.
Шу ўринда истиқболда мазкур йўналишларда ҳал қилиниши лозим муаммолар минтақа давлатлари учун муҳим эканини унутмаслик лозим. Ўзбекистон минтақа марказида жойлашгани билан географик ноқулай нуқтада, аммо янги лойиҳалар ишга туширилиши натижасида бир қанча йўллар билан ҳаракатланиш имкониятига эга. Аммо Туркманистонда биргина газ экспорти билан боғлиқ Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон лойиҳасини амалга оширишда газ қувурларининг Афғонистон шимолий чегарасидан ўтказилиши ва бу ҳудудлар айни вақтда турли жангари гуруҳлар жойлашган, улар назоратида эканлиги билан ушбу давлат учун шошилмасликни тақозо қилса, Каспий лойиҳаси трансчегаравий дарёлар ва сув ресурслари билан боғлиқ ҳалқаро ҳуқуқ нормаларини кун тартибига қўяди ва бу ҳам Озарбайжон, Эрон сингари Каспий денгизида ўз ҳудудларига эга давлатлар билан ҳисоблашишни тақозо этади.
Дастлабки натижалар ёки охирги воқеалар кузатилса, ҳар бир давлат ноёб ресурс – сувга эгалик ёки хавфсизлик талабларига кўра денгизда газ қувурлари жойлаштирилишига осонликча рози бўлмаяпти.
Маърузада минтақада ўз ечимини кутаётган масалалар сифатида давлатлар чегаралари билан боғлиқ масалаларни ҳал этишни якунлаш ва сув ресурсларидан адолатли фойдаланиш муаммосини имкон қадар тезроқ тартибга солиш лозимлиги таъкидланди ва эътиборлиси ушбу масалалар БМТ минбарида ҳам келтириб ўтилганди.
Шу ўринда яқин тарихга бир назар, 2008 йил НАТОнинг Бухарест саммитида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов Марказий Осиё минтақасида Амударё ва Сирдарё сув манбаларида трансчегаравий дарёлар ва сув ресурсларига оид ҳалқаро қонунчилик талабларини менсимаслик кайфияти авж олаётгани, айрим четдан туриб иштирок этувчилар буни қўллаб-қувватлашаётгани, натижада гидроманипуляция (сув ресурсларидан босим қуроли сифатида фойдаланиш) элементлари ривожланиш хавфи борлигини таъкидлаган эди.
Мазкур масала ечимида бугунги кунга келиб томонлар ўзаро бир-бирига ҳурмат руҳида маълум келишувларга эришди ва бу давом этмоқда. Ўзбекистон миллий манфаатлари ҳимояси йўлида бу масалани амалий мулоқот йўли билан ҳал этади ва Президентимиз таъкидланидек, Ўзбекистон БМТ томонидан ишлаб чиқилган Амударё ва Сирдарё ҳавзалари сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциялар лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди.
Маърузада Ўзбекистоннинг ҳалқаро миқёсда доимий равишда минтақа хавфсизлигига таҳдид сифатида таъкидлаб келадиган Афғонистон муаммосини ҳал этишга эришиш ва диний экстремизм ғоялари тарқалишининг олдини олиш билан боғлиқ фикрлар ҳам келтириб ўтилди. Минтақанинг 60 фоиздан ортиқ аҳолисини ёшлар ташкил этади ва уларнинг радикал оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш дастлабки вазифадир.
Бу борада давлатимиз раҳбари БМТ сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ҳамда “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш ташаббуси билан чиққан эди. Айни масала 15 июнь куни Тошкент шаҳрида “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида ўтган анжуманда ҳам илгари сурилганди. Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, вилоятимизда – Абул Мўъийн ан-Насафий марказида ақида илми мактаби, шунингдек, Самарқандда ҳалқаро миқёсдаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкентда Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши бунга мисол ва бизнинг амалий қадамларимиздир.
Яқин тарихдан биламизки, 2014 йил 6 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида беш ядровий давлат — АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия якдиллик билан ва бир пайтнинг ўзида муҳим халқаро ҳужжатни — Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш тўғрисидаги шартнома асосида Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги протоколни имзолашганди.
Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан 1993 йили БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб илгари сурилган ташаббуснинг тўла амалга оширилишини ниҳоясига етказгани ҳолда, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳамда ядро қуроли тарқалмаслиги ва қуролсизланиш бўйича ҳалқаро юридик актнинг яратилишига замин бўлди.
Маълумки, Ташқи сиёсий фаолият концепциясида давлатимиз минтақа хавфсизлигини яқин, ўрта ва узоқ истиқболда муҳим долзарб масала ва мамлакатнинг ҳаётий муҳим манфаатлари шу минтақа билан боғлиқ, деб ҳисоблаши қайд этилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев хавфсизликка таҳдидларни “ўзиники ва ўзгаларники” деб ажратишдан воз кечиш, “яхлит хавфсизлик” тамойилига амалда риоя қилиш зарур, деган фикрни билдирди.
Умуман олганда, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, халқаро майдонда ўзаро тенглик, хавфсизлик ва ҳамкорлик, инсон манфаатларининг устунлиги принципларини таъминлашга қаратилганки, буларнинг барчаси Бош қомусимизда белгиланган узоқни кўзлаган ҳаётбахш қоидаларнинг амалдаги ифодасидир.
Ботир МУСУРМАНОВ,
“Ўзбеккино” миллий агентлиги вилоят бўлими бошлиғи