Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

11.01.2017


ТИНИБ-ТИНЧИМАС МАСЛАҲАТЧИ

Махфират жуда қўрқди, ҳаяжонланди. Аммо шу қадар чиройли машғулот ўтдики, кўпнинг назарига тушиши учун шунинг ўзи кифоя қилди. Кейинчалик у  "Йилнинг энг яхши тарбиячиси" кўрик-танловининг туман босқичида қатнашиб, юқори ўринни эгаллади.

Бу орада Махфират оилали, тўрт қиз, бир ўғилнинг онаси бўлди. Болаларини ўқитиб, ҳаммасини уйли-жойли қилди. Фарзандлари тиббиёт, маданият ходими бўлишди. Ўқитувчилик, тикувчилик, шифокорлик касбларини эгаллашди, тадбиркор бўлишди. Атрофини набиралар ўраб олди.

Махфират ташкилотчи аёл. У боғчада ўтадиган барча тадбирларда фаол иштирок этди, ўзини кўрсатди. Шу жойда унинг санъатга бўлган қобилияти кўзга ташланди. Тадбирларда ёқимли овози, чиройли қўшиқлари билан танилди.  Кейинчалик Рус қишлоғида Тўхта Раҳимова томонидан ташкил этилган "Ризвонгул" фольклор-этнографик дастасининг фаол аъзосига айланди. "Ибратли келин", "Алла", "Оналар куйлаганда" вилоят танловларида муваффақиятли иштирок этди.

Махфират Халилова 2005 йилдан буён Йўлдош шаҳарча маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасида ишлаб келаяпти. Умрининг асосий қисми баланд тоғ этакларида ўтиб, кейинчалик туман марказига кўчиб келган аёллар билан тил топишиш Махфиратга қийин бўлмади. Тоғ аёллари даврасига кириши  билан ўзи ҳам тоғликка айланди, уларга меҳрини қўйди. Биров  аёли ҳақида ножўя гап қилса, жаҳли чиқадиган бўлди. Катталар уни сингил, ёшлар опа ўрнида кўрадиган бўлишди.

- Махфират ҳар томонлама ибратли маслаҳатчиларимиздан бири, - дейди туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Розия Ашурова. - У санъатни севади, спорт билан шуғулланади. Нутқи равон, тарғибот ишларини кўнгилдагидай бажаради. Энг муҳими, маҳалласида обрўси баланд. Аёлларнинг ундан маслаҳат сўраб, уни қора қилиб келганларига кўп бор гувоҳ бўлганман.

Махфиратни гоҳ мактабда, гоҳ қишлоқ врачлик пунктида учратасиз. Маҳалладаги учта қишлоқнинг ҳар бирида мактаб бор. Ўқувчиларнинг ярми қизлардан иборат. У "Ораста қизлар" тўгараги аъзолари билан суҳбатлашиб, улар ўртасида тадбир ўтказиб чарчамайди. Ораларида бирор иқтидорлисини кўриб қолса, қўлидан ушлаб устоз топиб беради, юзага чиқаришга уринади. Туман миқёсида ўтадиган танловларда қишлоқ қизлари иштирокини таъминлайди. Эрта никоҳнинг олдини олиш, ўқувчи қизларни касб-ҳунар коллежларига жалб қилиш унинг энг асосий ишларидан бирига айланган.

Маҳаллада 900 нафар туғиш ёшидаги хотин-қиз бор. Махфират ким ҳомиладор, кимга туғиш қатъий, кимга нисбий ман қилинган, ёддан билади. Ҳамиша қўлида  ёш келинлар, ҳомиладорлар рўйхати туради. Қишлоқ врачлик пунктида акушер-гинеколог билан биргаликда улар билан суҳбат ўтказади.

2009 йилда республика миқёсида бўлиб ўтган "Энг намунали қишлоқ" танловида ўзи ишлаётган Йўлдош шаҳарча маҳалласининг ғолиби бўлиб, "Дамас" енгил автомашинаси билан мукофотланиши Махфиратни янада руҳлантириб юборди. 2012 йилда ўзининг ҳаётида ҳам унутилмас воқеа рўй берди - "Шуҳрат" медали билан тақдирланди. 2016 йил Мустақиллик байрами арафасида эса "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибасига айланди. Ўша куни уни қутлагани борганимизда қалби тўла қувонч, кўзлари тўла севинч ёшлари билан қарши олди.

У меҳнати юзага чиқиб, қадр топганидан чинакамига шод, бахтиёр, хаёлида эса бундай юксак ишончни оқлаш учун бундан кейин қиладиган ишлари  режаси чарх ураётганди...

Лола ЎРОҚОВА, Китоб тумани

Report typo