“Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини инсон манфаатларига мувофиқ такомиллаштириш” мавзусидаги ушбу анжуманга вилоятимизнинг туман-шаҳарларидаги мактабгача таълим муассасалари ва мактабларнинг ўқув-тарбия ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, методистлар, Қарши давлат университети ўқитувчи-профессорлари таклиф этилдилар.
- Анжуманни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Президентимизнинг жорий йил 26 сентябрда қабул қилинган “Педагог кадрларни тайёрлаш, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятини таълим тизими ходимларига етказиш, шунингдек, тизим олдига қўйилган вазифалар юзасидан кенг тушунча беришдир, - дейди марказ директор ўринбосари, фалсафа фанлари номзоди Тоҳир Қурбонов. Анжуманда ушбу қарор ижросини таъминлаш учун амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида кенгашиб олинди.
Анжуман давомида “Таълим тизимидаги ислоҳотлар жамият тараққиётининг асосий мезонидир”, “Малака ошириш тизимини инсон манфаатларига янада мослаштириш зарурияти - замон талаби” каби маърузалар иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди. Савол-жавоблар асносида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган янги маълумотларга эга бўлишди.
Х.ҚИЛИЧЕВА