Баъзан режиссёрларнинг асар мазмун-мундарижаси доирасидан у қадар чиқиб кетолмаганини, ҳатто унгача етиб боролмаганини ҳам кўриш мумкин. Камюнинг "Бегона", Маркеснинг "Ошкора қотиллик қиссаси" ёки Жойснинг "Улисс" асари асосида олинган фильмларда китобнинг сояси акс этган, холос (ваҳоланки, улар устида таниқли режиссёрлар, актёрлар, ижодкорлар гуруҳи ишлаган). "Чол ва денгиз"нинг китоби бошқа, киноси бошқа. Китобни ўқиб, буюк ҳисларга, улуғ инсонга ошно бўласан, кинода эса ўша буюклик жимгина осмондан ерга тушади, ёнингга, ҳатто сендан қуйироққа ўрнашади. Инсоннинг енгилмаслигини ифодалаган буюк балиқчи кинода кунини зўрға ўтказадиган қашшоқ ва боқиманда кимсага айланиб қолган (бола пиво, балиқ келтирганда унинг қиладиган "хушомад"ини эсланг).
Демак, режиссёрнинг олдида қийин вазифа туради: асарни тўла-тўкис томошабинга етказиб беролса - омади, акси бўлса шунчаки уриниш сифатида эътибордан четда қолади.
Хўш, улуғ адибимиз Абдулла Қодирий романи асосида 1969 йилда суратга олинган "Ўткан кунлар" фильмида асар мазмун-моҳияти қанчалик тўғри ва тўкис очиб берилган?
"Ўткан кунлар" фильми бошидаёқ романдан фарқли жиҳатларга дуч келасиз. Мисол учун, роман воқеалари далв (январь)да, қиш кунларида бошланади. Асар тарихимизнинг энг кир, қора кунлари ҳақида. Буни ифодалаш учун ён-атроф ҳам зимистон, кўнгилга у қадар ўтиришмайдиган шароитда бўлиши керак. Ўз навбатида шу зимистонда Отабек ўз севгисини топади ва кўнглига баҳор келади. Шунда асарнинг муҳим зиддияти юзага келади. Фильмда эса иссиқ, қуёшли бир кун. Отабек, Ҳомид, бир кўриниб қайта бўй кўрсатмайдиган Зиё шоҳичи ўзаро гурунглашиб боради. Бир қарашда Отабекнинг унча катта ташвиши йўқдай - беғаму бедард, Ҳомид айтган "Азизбачча" деган гапга ўзига ярашмаган бир ҳолда писмиқларча кулиб қўяди. Кейинги саҳна эса бирданига тўйга уланиб кетади. Энди романда Отабек Ҳасаналидан яшириб чеккан оҳ-воҳларни, кейин у "маънавий отам" деб санайдигани - Ҳасанали Зиё шоҳичи билан совчиликка боргани, қутидорнинг хотини раъйига қараб кўндиргани хусусидаги лавҳаларни эсга олсак, китобни ўқимай, фильмни кўрган одам кўп "сирлар"дан бебаҳра қолишини англаймиз.
Китобни ўқимаганлар яна шу нарсада ютқазадики, фильмда аниқ Отабек, аниқ Кумуш ҳавола этилади. Отабекни қанча мард, танти, юрт ва ёр ишқи билан ёнган юрак соҳиби сифатида тасаввур қилманг, фильмда сал бўшангроқ қаҳрамонни қабул қилишга мажбурсиз. Романда тасвирланишича, Отабек савдогарлик қилиб, Семипалатинск (Шамай)гача борган, дунёқараши кенг, давр сиёсатини, унинг оқибатларини таҳлил қила оладиган йигит (рус босқини ҳақида ҳам айнан у айтади. Бироқ фильм советлар даврида ишлангани учун бу фикрларни тасвирга кўчиришнинг имкони йўқ эди). Фильмда эса у ланж бир аҳволда юради, агар унинг ўзи Худоёрхон ҳузурида савдогар эканини айтмаганида, томошабин Отабекнинг жўшқинлик талаб этиладиган касб эгаси эканини зинҳор хаёлига келтирмайди.
Кумуш романда беғубор, маъсум ва эрка, ўрни келганда, қатъиятли тасвирланади, Отабекнинг соғинч тўла мактублари, уни деб одам ўлдирган Ҳомид, эрдан чиққан, дея "ном" орттирган бўлса-да, эшигидан совчи аримаслиги… Бироқ кинодаги Кумуш…
Баъзан Габриэль Гарсиа Маркес "Ёлғизликнинг юз йили" асарини киночиларга бермай тўғри қилган экан, деган ўйга борасан киши. "Урсула - менинг онам, уни қайсидир актриса қиёфасида кўришни хоҳламайман", деган экан адиб. Романда Кумушнинг ўн саккиз ёшда экани айтилади. Бироқ кинодаги Кумуш бу ёшдан анча илгарилаган, нигоҳи ҳам фақат аёллар бўладиган ички ҳовлидан ташқарига чиқмаган, ёт назарлардан авайлаб-асралган қизнинг кўзлари эмас. Унинг онаси Офтобойим эса элликни уриб қўйган хотинга ўхшайди. Аслида Офтобойимнинг ёши ўттиз бешда. Тўғри, эскининг одамлари бирмунча улуғроқ кўринган, дейиш ҳам мумкин. Бироқ Мирзакарим қутидор хотинининг кўнглига қараб (Отабекнинг ичкуёв бўлиб қолиши ҳам Офтобойимнинг хоҳиши билан бўлганини унутмаслик керак), унинг инон-ихтиёрига қарши бормай, нима деса бажаришини ҳисобга оладиган бўлсак, у хотин киши қаритиб қўйиладиган хонадонда яшамайди. Аксинча, Офтобойим ёш ва ҳаётга некбин қараши керак. Фильмда Офтобойим қайси ўринда кўриниш бермасин, меъдага урадиган бир тарзда йиғлаб туради. Қолаверса, Отабекни Марғилонга тинимсиз қатнатган Кумушнинг онаси, фильмдаги Офтобойимдан биз тасаввур этган гўзал малакнинг туғилиши мумкин эмасдай туюлади.
Ёки Отабек қутидор хонадонидан ҳайдалганда, унга жой берган уста Олим асарда ниҳоятда кўнгилчан кўринади. Бошига бахт қуши қўнган чоғда, ёри бевақт вафот этиб, умиди буткул сўнганига қарамай одамларга меҳр-муҳаббатини сақлаб қолган. Отабек ҳар гал келганда, ошга уннайди, ҳатто қўшнисиникида аза бўлаётган чоғда ҳам (Кумушни ўғирлашга борганда, Отабек томонидан ўлдирилган Содиқ - ўша, сохта талоқ хатини келтириб берган қора хотиннинг ўғли) ош пиширишга киришиб кетади (шу ўринда Қодирий бобомиз ҳам сал ҳаяжонга берилиб кетгандай туюлади менга. Чунки ҳеч бир ўзбек, минг душман бўлсин, ён қўшнисиникида аза бўлиб турганда, димоқларни қитиқлаб, ўз уйида ош тайёрламайди). Фильмдаги уста Олим ҳам кўнгилчан, бироқ анча қари. Ҳолбуки, унинг ҳам ёши бир жойга бориб қолган эмас, "қирқ ёшлар чамали, қонсиз юзли, сийраккина соқолли" бир одам. Қаҳрамонларнинг ёши асар моҳиятини очиб беришга у қадар кескин таъсир кўрсатмайди, бироқ юқорида айтилганидай, билиб турган нарсамиз фильмда қандайдир ўзгаришга учраса, қабул қилиш сал қийин кечади.
Айтайлик, Кумуш романда биринчи марта тасвирланганда, қандай либосда бўлади? Совуқ ҳаво тегдириб, бош оғриғи билан уйда ётган Кумуш (Отабекни ариқ бўйида учратиши ҳам айнан шу бош оғриғидан бошланади) эрка ва тантиқ қиз қиёфасида намоён бўлади ва эгнида сариқ атлас борлиги айтилади. Бироқ фильмда Кумушни биринчи марта фақат тўй муносабати билан кўрамиз. Узоқ айрилиқдан сўнг Ўзбекойимнинг рухсати теккач, Тошкентга борганида-чи? Ўшанда Кумушнинг эгнида қандай кийим бўлади? Фильмда актрисага ярашадиган ранг танланган, чамамда. Китобда эса Кумуш Тошкентга қора атласда боради - чунки Отабек унинг шу либосини яхши кўради. Аввало Отабек, шу орқали ўқувчи учун муҳимми, демак, кино муаллифлари ҳам бунга эътибор бериши керак эди. Фильмда Отабек дор остига бораркан, Мирзакарим қутидорга "Кумушга аввал уч йигит совчи қўйган экан. Шу ростми?" деган саволни беради. Қутидор бундай саволнинг боисини сўраганда, "Кумушни биринчи марта кўргандаги рухсорини унутолмайман" деб жавоб беради. Бу суҳбат гўё Отабек хаёлидан бир зум бўлсин Кумушнинг кетмаётганини ифода этса-да, аслида ҳеч нарсага хизмат қилмайди.
Бундан ташқари, фильмда воқеалар занжирининг асосий уловчиси - Ҳомиднинг қиёфаси очилмай қолган. У фақат талоқ хати уюштиргани ва Кумушни ўғирламоқчи бўлгани учун ўлдирилади. Тўғри, у Отабекка нисбатан ёмонлик қилди, бироқ уни шу учун ўлдириш нечоғлик адолатдан? Китобни ўқиган одам Ҳомиднинг ўлдирилиши нақадар тўғри бўлганини англайди. Мисол учун, фильмда Ҳомиднинг уста Олимнинг қайниси Сайфига тегажоғлик қилгани, баччабоз эканига бирор ишора йўқ. Аслида у шундай паст кимса эди. Унинг учун бировнинг хотинига кўз олайтириш табиий ҳол саналарди. Буям етмаганидай, Отабек талоқ қилди, деб Кумушга харидор чиққанида, куёв, яъни Салим шарбатдорнинг ўғли Комилбекни тўйи бўладиган кунда оғилда сўйиб кетган ҳам шу - "ўзимизнинг" Ҳомид эди. Ҳамтовоқлари билан Кумушни ўғирлашга келган Ҳомиднинг қилмишларига чек қўйиш саҳнаси эса кинода жуда оддий. Бу драматик, қайсидир маънода кульминацион саҳна китобда жуда чиройли ва ишонарли тасвирланади.
Ҳомид ўз гумашталари - жони йўқ, қаттиқроқ қўл тегиб кетса, ерга чўзиладиган Мутал (китобдан унинг кучли экани маълум!) ва ташқи қиёфасига кўра илгари хўроз сўйгани даргумон Содиқ (Ҳомидга одам тинчитганини, агар яна зарурат бўлса, бунга тайёрлигини билдиради) билан Кумушни ўғирлашга бораркан, уларнинг Отабекка муносиб рақиб эмаслиги аниқ кўриниб туради. Боз устига Кумуш ухлаб ётган хонага кириш учун лаҳм кавлашда тешани бор кучи билан уришадики, гўё у хонада ҳеч ким йўқдай, биров зарб билан урилаётган товушни эшитмаётгандай. Бу зарбдан аслида кар одам ҳам уйғониб кетиши, хавфни англаши очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бироқ Кумуш кўчага ёндаш хонада бир ўзи ухлайдию уйғонмайди.
Фильмда, юқорида айтганимиздек, Отабекнинг Ҳомидга айтар сўзи йўқ. Шерикларини тинчитиб, Ҳомидни ҳам осонгина нариги дунёга равона қилади. Китобда кураш осон кечмагани, Содиқнинг ханжари бир-икки марта унинг орқасига келиб теккани, Ҳомид қўлини силтаб тортганида, ханжар унинг бош бармоғи орасини суякка етгунча шипириб кетгани ёзилади. Фильмда баттол Ҳомид осонгина жон таслим қиларкан, ўз даврининг эмас, анча йиллар кейинги сўкиниш тарзи билан "Единг-ку, аблаҳ" дейди, холос. Кейин бирданига жон таслим қилади. Романда эса эртаси куни унинг ўлим билан курашаётгани, бирор оғиз сўз айтолмаётганини Отабекка Ҳомиднинг жияни Раҳмат айтади. Хўш, нега? Барибир тирик қолмас экан, Ҳомиднинг ўлимини чўзиш адибга нима сабабдан керак эди? Чунки Ҳомид қийналиб ўлиши керак эди. Шунча ғаразгўйлиги билан у осонгина ўлиб кетавериши мумкин эмасди.
Фильмни кўриб, томошабинда ҳам савол туғилади: хўш, эсини таниганидан буён савдогарлик қилиб, кўплаб масалаларга нозик дипломатия билан ёндашган Отабек қандай қилиб бирданига учта жиноятчини тинчита олди? Бунинг жавоби Отабекнинг Кумушга ёзиб қолдирган мактубида ошкор этилади.
"Менинг учун кўйингизда ва оёғингиз учида жон бериш жуда ширин эди ва кўпдан бери ғоям эди, - деб ёзади Отабек. - Шу сабабли яқинроғингизда ўлмоқ учун, ўлар эканман, сўнг дақиқамда яна бир мартаба бўйингизни олиб ўлиш учун душман томонидан уйингизга очилган туйнукчага кирдим. Кирдим-да, сизнинг бўйингизни олдим, ҳафиф тин олгандаги латиф ухлаган товушингизни эшитдим... Шу вақт, субҳонолло... ўзимда кутилмаган бир куч сезган эдим, икки эмас, икки юз душманга муқобила этишга ўзимда қудрат кўрган эдим..."
Бундан ташқари, фильм кўпроқ Отабек ва Кумуш севгисидан, шу севги атрофидаги можародан ҳикоя қилади. Романда рус босқини арафасидаги ўзаро зиддиятлар, фитналар, қипчоқ қирғини, юрт оғаларининг манфаатпарастлиги, худбинлигию бошқа иллатлари ҳам қаламга олинади. Тарихий воқеалар, масалан, Марғилоннинг тўқувчилик ҳунарида Туркистоннинг биринчи шаҳри экани фильмда бирор ўринда кўринмайди. Юртга солиқ солиб, иккиюзламачилик қилган Азизбекнинг характери очилади, бироқ унинг тақдири қандай якун топгани томошабинга мавҳумлигича қолади. Китобдан аёнки, халқини қадрламаган Азизбек отга оёғидан боғланиб, судратма қилинади.
Китобда аниқ тарихий воқеалар келтирилгани боис кинода тарихий шахслар ҳам борича кўрсатилиши керак эди. Мисол учун, Отабек таъриф берганидай Мусулмонқул - "тулки", "сиёсий ўйин"ларнинг бош ташкилотчиси. Бироқ фильмда у иккиюзламачилигини дарҳол билдириб қўяди, чақув билан саройга тасодифан келиб қолган савдогар йигит - Отабек билан ади-бади айтишиб ўтиради. Яъни катта бир давлат бошида турган одамга хос қилиқлар қилмайди. Китобда қипчоқ қирғинига ҳам алоҳида урғу берилади. Бу фильмда ҳам бор, бироқ қипчоқ қирғини қачон, нима муносабат билан юз берди, деган саволлар очиқ қолади. Китобдан биламизки, Ниёз қушбеги ўз ўрнига Марғилон ҳокими Ўтаббой қушбеги мингбоши бўлганини қабул қилолмай, фитна қўзғаб, қипчоқ қирғинига рухсат беради.
Умуман олганда, "Ўткан кунлар" романининг фильмга кўчмаган қисмлари кўп. Балки бу ҳолат умумий мазмунга фавқулодда таъсир этган деб бўлмас, бироқ улардан унумли фойдаланиш асар моҳиятини янада очишга, уни ўқувчи-томошабинга янада яқинлаштиришга хизмат қиларди. Бунга китоб асосида олинадиган галдаги фильмларда эътибор берилса, ажаб эмас. "Ўткан кунлар" янги талқинларга, янги ёндашувларга муносиб.
Хулоса шуки, "Ўткан кунлар"нинг фильмини кўриб, китоби ҳам шундан иборат, деган хаёлга борадиган кишилар романни бир бошдан ўқиб чиқишса, бундан фақат ютишади.
Бекзод ЎКТАМ