- Ёз фасли ўткир юқумли ичак касалликларини қўзғатувчи микроблар ҳамда уларни ташувчи зарарли ҳашаротларнинг кўпайиб ривожланиши учун қулай вақт ҳисобланади. Чунки бу пайтда мева-сабзавот ва полиз экинлари айни пишиқчилик даврига киради. Айримлар ушбу мақсулотларни ювмасдан тановул қилишга шошилади. Лекин, уларнинг санитария-гигиеник ҳолати, шунингдек, текширув лабораторияларидан ўтказилган таҳлиллари билан қизиқмайдилар. Бу ҳолат ўткир юқумли ичак касалликларини келтириб чиқариши ҳеч гап эмас.
ТУРЛАРИ
Ўткир юқумли ичак касалликларига қорин тифи, сальмонеллёз, ичбуруғ, вирусли гепатитнинг “А” тури, рота вирусли гастроэнтерит ва бошқа бир қатор касалликлар киради. Қорин тифи микроблари оқар сувда, сабзавот ва меваларда 5 кундан - 10 кунгача, кўлмак сувда 1 ойгача, нон ва нон маҳсулотлари юзасида 50 кунгача сақланади. Вабо қўзғатувчилари эса оқар сувда 18 кундан 5 ойгача яшайди. Вабо қўзғатувчиси сувда, сальмонеллёз қўзғатувчилари эса озиқ-овқат маҳсулотларида қулай шароитда ҳаттоки кўпайиши ҳам мумкин.
КЛИНИК БЕЛГИЛАРИ
- Мазкур касалликка хос бўлган умумий клиник белгилар – тана сувсизланиб, дармон қуриши, ҳарорат кўтарилиши, бош оғриши, қорин соҳасида оғриқ, кўнгил айниши, қайт қилиш, ичнинг тез-тез ва суюқ кетиши, баъзида нажасда қон аниқланиши ҳолатларида намоён бўлади.
Баъзи ҳолларда катта ёшдаги одамларда касаллик белгиларсиз кечади, лекин микроблар уларнинг нажаси, сийдиги ва сўлаги билан ташқи муҳитга чиқади. Бундай кишилар тиббиётда “соғлом бактерия ташувчилар” деб юритилади. Баъзида эса касаллик аломатлари енгил намоён бўлиб, беморлар касалликни оёқда юриб ўтказишади. Кичик ёшдаги болалар, айниқса, гўдаклар организмининг курашувчанлик хусусияти ҳали тўлиқ шаклланмаганлиги сабабли ичак касалликларига берилувчан бўлади.
МАНБАИ
- Касаллик манбаи бемор одам ҳисобланиб, вирус асосан фекал-орал (нажас-оғиз) йўли орқали юқади. Зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари, ифлосланган сув ҳам юқиш омили бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, маиший мулоқот йўли билан - уйда, ошхонада, ётоқхонада ва бемор фойдаланган уй-рўзғор буюмлари, идиш-товоқ, кўрпа-тўшаклардан умумий фойдаланиш оқибатида ҳам юқиши эҳтимолдан холи эмас.
Ўткир юқумли ичак касалликларининг тарқалишида ҳашаротлар, айниқса, суварак ва пашшаларнинг ўрни жуда катта. Улар асосан ҳожатхона, чиқиндихона, молхона, кир ўраларда тухум қўйиб етилади ва кўпаяди. Биргина ахлат солинадиган идишда минглаб пашша личинкалари ривожланиши мумкин. Битта пашша эса миллионлаб микроб, гижжа тухумларини олиб юради ҳамда очиқ қолган озиқ-овқат маҳсулотларига қўниб уларни зарарлайди.
Шунингдек, касаллик қўзғатувчиларининг одам организмига тушиб, токи касалликнинг илк аломатлари пайдо бўлгунига қадар маълум муддат ўтади. Бу давр белгиларсиз кечади ва яширин давр дейилади. Бу ҳолат бир неча соатдан 21 кунгача давом этади. Касаллик яширин даври турига қараб, қисқариши ёки чўзилиши мумкин, у касаллик қўзғатувчисининг айрим хусусиятлари ва одам иммунитетига боғлиқ.
ОЛДИНИ ОЛИШ ЧОРАЛАРИ
- Авваламбор, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш, ҳожатдан сўнг ва овқатланишдан олдин қўлларни совунлаб ювиш одат тусига кириши лозим. Мева-сабзавотларни яхшилаб ювиб истеъмол қилиш зарур. Умумий овқатланиш ва шахсий уй амалиётида овқат тайёрлашда санитария-гигиена қоидаларига, хом гўшт ва пиширилган маҳсулотларга алоҳида ишлов бериш, тайёр маҳсулотларни сақлаш шароитлари ва муддатларига қатъий риоя қилиш, пашшаларнинг кўпайишига йўл қўймаслик, белгиланмаган сув ҳавзаларида чўмилмаслик зарур.
Соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилган киши нафақат ўткир юқумли ичак, балки бошқа касалликларга ҳам чалинмайди. Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш минг бор афзал эканлигини унутманг!
Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.