Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

12.05.2022


Тоғли қишлоқларда - истиқболли туризм лойиҳалари

Салоҳият ва имконият

Шу йил 30 апрель куни Президент қарори билан тасдиқланган Ички туризмни диверсификация қилиш дастури доирасида воҳамиздаги еттита ўзига хос ва диққатга сазовор қишлоқда - Шаҳрисабз туманидаги Ғелон ва Сувтушар, Китоб туманидаги Жовуз, Варганза ва Башир ҳамда Чироқчи туманидаги Тарағай ва Лангарда туризм соҳасидаги лойиҳалар рўёбга чиқарилади.

Дастурда ушбу туризм лойиҳаларининг ижро муддати 2022-2023 йиллар этиб белгиланган. Вилоят ҳокимлиги ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги уларни амалга ошириш учун масъул ҳисобланади, назорат қилиш борасидаги масъулият эса республика ҳукумати зиммасига юклатилган.

Дастурга, шунингдек, юртимизда ички туризм хизматларини диверсификация қилиш ва туризм инфратузилмасини янада ривожлантиришга оид кўплаб бошқа чора-тадбирлар ҳам киритилган. Уларнинг аксарияти давлатимиз раҳбарининг шу йил 30 апрелдаги қарорида қўйилган талаб ва вазифларни ижро этишга қаратилган.

Масалан, "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" дастури доирасида республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисмини қайтариш ("Cashback") тартибини ишлаб чиқиш ва шу мақсадда электрон платформа ва мобил иловасини яратиб, уларни тизимли равишда такомиллаштириб бориш режалаштирилган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг июль ойидан бошлаб, ҳар йили ўқувчи, талаба ва бошқа ёшлар (7-30 ёш) ўртасида ёшлар туризми ойлиги, 2023 йилдан бошлаб эса январь ойининг биринчи ўн кунлигида ва март ойининг учинчи ўн кунлигида - ёшлар туризми ҳафталигини ташкил этиш ва ўтказиш мўлжалланмоқда.

2023-2024 ўқув йилидан бошлаб эса мамлакатимиздаги "Туризм маҳалласи", "Туризм қишлоғи" ёки "Туризм овули" мақоми берилган фуқаролар йиғинлари ҳудудларида яшайдиган 200 нафар ёшни Туризм ва маданий мерос вазирлиги тизимидаги техникумларда давлат гранти асосида ўқитиш йўлга қўйилиши керак.

Қарорда "Ўзбекистон туризм магистрали" туризм транспорт коридори бўйлаб ер участкаларини реализация қилиш ва замонавий стандартларга жавоб берадиган "карвонсарой"ларни бунёд этиш вазифаси қўйилган экан, дастурда бу талабни бажариш учун учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланган ҳолда ер участкаларининг электрон харитасини ишлаб чиқиш ва у ерда фаолияти йўлга қўйиладиган объектларнинг намунавий лойиҳалари ва пляж зоналарининг батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Дастурнинг яна бир банди бўйича Чехиянинг Карлови Вари ва Мариан Лазни, Словакиянинг Пиештяни, Озарбайжоннинг Нафталан каби санаторий-курорт шаҳарлари тажрибаси асосида республикамиздаги санаторийлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш белгиланган.

Дастурда тунги вақтда амал қиладиган механизмларни жорий қилиш чора-тадбирларига ҳам алоҳида урғу берилган. Мисол учун, мамлакатимиз ҳар бир ҳудудининг марказий шаҳарларида ва Тошкент шаҳрининг камида учта туманида узунлиги 200 метр, эни 30 метрдан кам бўлмаган кўчаларда мобил савдо расталарини жойлаштириш ва "Тунги мобил бозор"лар фаолиятини йўлга қўйиш режа қилинган. Тунги вақтларда фаолият олиб борувчи маданият ташкилотлари ва кинотеатрлар рўйхатини шакллантириш, оммавий ва маданий-кўнгилочар, шу жумладан, гастрономик туризм йўналишидаги тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирлар ҳам шулар жумласидандир.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, жорий йил 20 апрелда ҳукумат қарори билан тасдиқланган 2022-2026 йилларда Қашқадарё вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичларига мувофиқ воҳамизда беш йил давомида 1 минг 670 та туризм ва туризм инфратузилмаси объекти ҳамда дам олиш жойларини ташкил қилиб, 6 миллион 570 минг нафар хорижий ва маҳаллий сайёҳга хизмат кўрсатиш прогноз қилинган.

Масалан, биргина жорий йилда вилоятда туризмни ривожлантириш йўлида Соҳибқирон Амир Темур туғилган Яккабоғ тумани Хўжаилғор қишлоғини ободонлаштириш, Шаҳрисабз шаҳри тарихий марказида Шаҳрисабз гиламлари ва дўппилари  халқаро музейини ташкил этиш, Қамаши туманидаги Лангар ота зиёратгоҳида ҳаттотлик мактабини яратиш чоралари кўрилади. Вилоятимиздаги тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларда зиёратчи туристларга хизмат кўрсатиш учун Ҳалол туризм маркази фаолияти йўлга қўйилиб, соҳага тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларни жалб қилиш орқали кўплаб  бошқа лойиҳалар амалга оширилади.

Ўз мухбиримиз

Report typo