Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

03.03.2022


ТОҒЛИ ҲУДУДДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ЙИРИК ЛОЙИҲА

бозорларимизни ўша машҳур Ғилон картошкаларидек экологик соф маҳсулотлар билан тўлдиришга хизмат қилади

Шаҳрисабз туманининг тоғ олди ҳудудларидаги 3 минг 200 гектар лалми ерларни ўзлаштириш эвазига камида 6 минг 400 нафар тоғликлар бандлигини таъминлаш режалаштирилаяпти. Президентнинг Қашқадарёга ташрифи чоғида тақдимот қилинган мазкур лойиҳа асосида Тамшуш дарёсидан қувурлар ёрдамида суғориш учун сув тортиб келиш орқали Ҳисорак, Сайёд, Сувтушар, Бошқоп, Бешбек, Сарчашма ва Оммағон қишлоқлари атрофидан янги экин майдонларини очиш, уларда картошка ва сабзавот маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйиш мақсад қилинган.

"Қашқадарё махсус сув лойиҳа" МЧЖ (лойиҳачи) ва "Ўзгидротехник" МЧЖ (бош пудратчи) масъуллари томонидан олиб борилган қайта ҳисоб-китоб ишлари асосида қиймати 60 миллиард сўмни ташкил қилиши аниқланган ана шу лойиҳа ва унинг амалга оширилиши юзасидан вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати таҳририятга атрофлича маълумот тақдим қилди.

Унда қайд этилишича, лойиҳада буюртмачи сифатида иштирок этаётган вилоят ҳокимлигининг "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси ижрочи томонидан амалга оширилаётган ишларни молиялаштириш учун шу кунга қадар 34 миллиард 500 миллион сўм маблағ йўналтирган, бажарилган иш ҳажми эса 36  миллиард сўмликдан ошди.      

Жумладан, 7 минг 900 метр металл, 13 минг 900 метр полиэтилен қувурлар монтаж қилинган, 35 минг 400 куб метр тупроқ ишлари бажарилиб, 8 километр масофага вақтинчалик йўл қурилган. 2 та 4х2х2 метр ва яна шунча 10х10х2,5 метр ҳажмдаги сув иншооти барпо қилинган.

Кўринишидан лойиҳа доирасидаги қурилиш-монтаж, тупроқ ишлари билан параллел равишда янги ўзлаштириладиган экин майдонларида  деҳқончилик қилишга талабгорларни аниқлаш, келгусида улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам давом этаяпти.    

Бунга ўша ерларда ишлаш истагини билдирган тоғликлар 202 та оилавий корхона, яна ташаббускорлар томонидан "Сепоя тоғлари" ва "Ҳисорак агро хизмат" ишлаб чиқариш кооперациялари ва "Ҳисор картошка кластер" масъулияти чекланган жамияти ташкил этилгани мисол бўла олади.

Бундан ташқари, ҳозиргача тоғли ҳудуддаги қишлоқлардан мазкур лойиҳа асосида очиладиган иш ўринларига даъвогар 910 нафар фуқаро рўйхати шакллантирилган. Уларнинг 216 нафари янги ерларда деҳқончиликни бошлаш учун кредит малағларига эҳтиёжи борлигини билдириб, талабгорларга бу борада, хусусан тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш, молия муассасаларига тақдим этиш бўйича зарур ёрдамлар кўрсатилаяпти.

Масъулларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ўзлаштириладиган майдонларда ер тайёрлаш, деҳқонларга уруғлик етказиб бериш ва экинларни озиқлантириш харажатлари учун қўшимча 55 миллиард сўм маблағ талаб қилинар экан. Ушбу молиявий ресурсни шакллантириб, кредит кўринишида йўналтириш Халқ банки, "Агробанк" ва "Микрокредитбанк"нинг Шаҳрисабз филиаллари кесимида тақсимот қилиб чиқилган.

Умуман, бир қарашдаёқ ушбу лойиҳа анчагина йирик эканлигини англаш қийин эмас. Шу билан бирга азалдан картошка ва сабзавот маҳсулотлари етиштиришга анча уста бўлган шаҳрисабзликлар, хусусан туманнинг тоғли қишлоқлари аҳолиси тажрибаси уни амалга ошириш истиқболларини аввалдан тахмин қилиш имконини беради. Демоқчиманки, бир пайтлар мамлакатимиз бозорларида жуда машҳур бўлган Ғилон картошкалари ҳам айнан ўша - янги ўзлаштирилаётган ерлардаги каби тупроқ-иқлим шароитида парваришланган.

Ўз мухбиримиз

Report typo