Деҳқонобод туманидаги “Улуғбек” хусусий корхонаси томонидан амалга оширилган лойиҳа ҳам қурилишда кенг қўлланиладиган шағал ишлаб чиқаришни кўзда тутади.
- Туманнинг асосий қисми тоғу тошлардан иборат бўлса-да, ҳудуд аҳолисида қурилишда ишлатиладиган, сараланган қум ва шағалга бўлган талаб анча юқори, - дейди тадбиркор Абдисаттор Қурбонов. – Кузатишларимиздан билдикки, туманимизнинг ўзида бу фаолият тури билан шуғулланадиган корхона йўқ. Аҳоли ва қурилиш ташкилотлари бу турдаги маҳсулотни асосан қўшни туманлардан олиб келишади. Табиийки бу ортиқча вақт ва маблағ йўқотилишига сабаб бўлади. Шу боис мавжуд эҳтиёжни инобатга олган ҳолда, Деҳқонободда шағал ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қарор қилдик.
Тадбиркорнинг айтишича, 2017 йилда у Эрон ислом республикасига бориб, шағал ишлаб чиқариш қувватлари, бу ишда қўлланиладиган ускуналар билан яқиндан танишган ва якунда замонавий технологияни харид қилган. Эътиборли томони, барча сарф-харажатлар корхона эгасининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилган.
- Ушбу ускуналар ёрдамида йирик тоғ ва дарё тошлари тўлиқ автоматлашган равишда уч босқичда қайта ишланиб харидорларга етказиб берилади, - дейди оператор Олим Ражабов. – Яъни, тошлар машинада олиб келиниб, кесишга ташлангач, биринчи босқичда майдаланади, кейинги босқичда эса жуда катта босимдаги сув билан ювилади. Учинчи босқичда тозаланган тош ва қум алоҳида ажратилиб, қурилиш материали чиқарилади.
Айни пайтда шағал ишлаб чиқариш цехи тўлиқ шай ҳолатга келтирилган. Ҳозир корхонага норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш бўйича иш олиб борилмоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратда: “Улуғбек” хусусий корхонасига қарашли шағал ишлаб чиқариш цехи кўринишидан лавҳа.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.