Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Спорт
  • Тоир Пармонов: "МЕНИ РАҒБАТЛАНТИРУВЧИ КУЧ  ШОГИРДЛАРИМ МУВАФФАҚИЯТЛАРИДИР"

Cобир НАРЗИЕВ

28.09.2023


Тоир Пармонов: "МЕНИ РАҒБАТЛАНТИРУВЧИ КУЧ  ШОГИРДЛАРИМ МУВАФФАҚИЯТЛАРИДИР"

 Қашқадарё одамлари

Бугун қамашилик спортчилар ҳақида гап кетганда, дарҳол оғир атлетика бўйича жаҳон ва Осиё чемпионлари Турсуной Жабборова, Нигора Абдуллаева ҳамда Қурбонмурод Номозов номлари ёдимизга тушади.

Битта тумандан бир йўла уч нафар оғир атлетикачининг мамлакатимиз терма жамоаси сафига жалб этилиши ва  дунёнинг энг кучлилари қаторида эътироф этилиши, албатта, ўз-ўзидан бўлмаган. Улар бугунги муваффақиятларига қадар узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтган, катта спорт сари илк қадамлари эса мураббий Тоир Пармоновнинг ўз   уйида ташкил этган кичик залдан бошланган. Шунинг учун ҳам бу фидойи инсон билан суҳбатимиз шогирдлари эришаётган натижалар, юртимиз спорти ривожи йўлида амалга ошираётган ишлари хусусида кечди.

Спортга қизиқишимга банк ходими сабабчи бўлган

Ёшликда ўзимча спорт билан шуғулланиб, тўйларда кураш тушиб юрардим. Айнан оғир атлетикага қизиқишим пайдо бўлишига эса Исоқ ака деган банк ходими сабабчи бўлган. У киши кўчамизда жойлашган банкда ишлар, кўпинча ишдан кейин ҳам шу ерда қолиб, тош кўтариш билан шуғулланарди. Кўп ҳолларда шу   атрофда ўйнаб юрган биз ёшларни ҳам ёнига чақириб, тош кўтартирарди. Мактабни тамомлаганимдан кейин ана шу қизиқиш мени Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университетига етаклади. Аслида университетнинг кураш факультетига ҳужжат топширмоқчи эдим. Лекин шу ерда ишлаётган мураббийлардан бири, кейинчалик менга устозлик қилган Эркин Каримов оғир атлетика бўлимига ҳужжат топширишим кераклигини айтди. Шу кишининг гапи билан университетнинг оғир атлетика бўлимига ўқишга кирдим ва ўқиш давомида бу спорт тури бўйича кўплаб натижаларни қўлга киритганман.

"Баркамол авлод" мени катта мураббийликка қайтарди

Университетни тамомлаб, бир муддат мактабда, кейин коллежда ишладим. 2003 йил ҳам тумандаги касб-ҳунар коллежида ишлаб юргандим. Андижон вилоятида касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида "Баркамол авлод" спорт мусобақаси ўтказиладиган бўлди. Ўшанда коллежларда фаолият олиб бораётган спорт мураббийлари орасида фақат мен олий маълумотли оғир атлетика мураббийи бўлган эканман. Шу боис вилоят терма жамоасини тайёрлаш менга ишониб топширилди ва шогирдларим билан бирга мусобақада яхши натижа қайд этдик.

Қизиқишим спорт зали очишга ундади

Ўқувчиларни "Баркамол авлод" спорт мусобақасига тайёрлаш жараёнида бизнинг ёшларда оғир атлетика бўйича дунё ареналарини забт этиш учун катта имконият борлиги, бироқ уларнинг шуғулланиши учун ҳудудларда етарли шарт-шароит ва доимий ишлайдиган мураббийлар етишмаслигини тушунганман.

Шундан сўнг ўзимда бор пулни тикиб, ҳовлимнинг бир қисмида кичик бўлсада спорт зали ташкил қилдим, зарур спорт жиҳозларини сотиб олдим.

Дастлаб ёшларимизнинг бу спорт турига қизиқиши унчалик кучли эмасди. Илк шогирдим ва қизим  Зилола Бўриеванинг Осиё чемпиони ва халқаро тоифадаги спорт устаси бўлиши қамашилик ёшларда бу спорт турига бўлган қизиқишни ошириб юборди. Кўплаб ёшлар оғир атлетика билан шуғулланиш учун кела бошлади.

Сабр ва иродани кўрмасам, шогирдликка олмайман

Оғир атлетика билан шуғулланиб, жаҳон даражасидаги спортчи бўлиш осон иш эмас. Бунинг учун спортчида жуда катта куч, ирода, сабр ва матонат бўлиши керак. Ота-оналар фарзандимни шогирдликка олинг, деб келишади. Унда оғир атлетикачига хос жиҳатларни кўрмасам, бошидан айтаман. Бўлмайдиган болани олиб юриб, умрини ўтказишни хоҳламайман.

Масалан, Турсуной Жабборованинг отаси вақтида вилоятнинг энг номдор чавандози эди. Нигора Абдуллаеванинг отаси эса катта курашчи. Бу қизларда полвонларга хос шижоат, ўзига ишонч, сабр ва матонатни бошидан кўрганман. Улар ҳақиқатан астойдил шуғулланишди ва бугун натижаларини кўриб турибсиз. Ҳозир яна кўплаб ёш шогирдларим бор ва Худо хоҳласа, улар ҳам тез орада жаҳон ареналарини забт этишни бошлайди.

Ёшларимиз ютуғи - менинг ютуғим

Кўпчилик қанча даромад топишимга қизиқади. Йўқ, бу ишдан деярли даромад олмайман. Спорт залига айнан оғир атлетика билан шуғулланиш учун келган ёшлардан пул олмайман. Гоҳида узоқдан қатнайдиган ёшларнинг уйимда ётиб шуғулланиши учун шарт-шароит яратиб берган, ҳатто зарур витаминларига қадар ўз ҳисобимдан олиб берган вақтларим кўп бўлган. Зал фақат фитнес, яъни саломатлик учун машғулотларда қатнашадиганлар учунгина пуллик. Бу пул ҳам асосан коммунал тўловлар, янги спорт инвентарлари учун кетади.

Лекин нолимайман. Худога шукр, давлат пенсия билан таъминлаб қўйибди. Менга ёшлар яхши спортчи бўлиб етишса, шунинг ўзи етарли. Ахир, шогирдлар ютуғини кўришнинг ўзи ҳам жуда катта бахт-ку. Бундай бахтни ҳеч қандай пул, мол-дунё билан ўлчаб бўлмайди. 

Cобир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.

Report typo