Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари эса бу борадаги ишларни давлат иштирокида амалга ошириш имконини берди. Ташкил этилганига қисқа давр ўтган бўлса-да, минглаб юртдошларимизнинг оғири енгил, мушкули осон қилинди. Уйсизларга уй, кўмакка муҳтожларга ёрдам берилди. Лекин буни суиистеъмол қилаётганлар ҳам борлиги кўнгилни хира қилади. Мисол учун, Муборак туманида яшовчи Насиба Тошмуродова (исм-фамилия ўзгартирилган) туман ёнғин хавфсизлиги бўлимига тегишли бир бинода ижара асосида яшаб келарди. Халқ қабулхонасига мурожаат қилгандан сўнг, мутасаддилар масалани атрофлича ўрганиб, ушбу бинони унинг номига хатлаб беришди. Кадастр ҳужжатлари ҳам тайёрланди. Бундай олганда, биргина мурожаат билан йўқ жойдан уйли бўлди-қолди. Бироқ ҳаммаси шундан кейин бошланди. Аввалига газ баллоним йўқ, деб мурожаат қилди. Газ таъминоти идораси ходимлари тезда газ баллони келтириб, ўрнатиб кетишди. Шароитим ёмон, деб шикоят ёзганди, 1 центнер буғдой, салкам 1 миллион сўм нақд пул, гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди. Камига маҳалладан доимий равишда ёрдам пули ажратиладиган бўлди. Бироқ бу аёлнинг ками ҳеч битмади. Бу сафар даволанишга имтиёз берадиган ордер сўради. Карнайчидан бир пуф, деганларидек, туман тиббиёт бирлашмаси масъуллари унга хоҳлаган пайтда даволанишига имкон яратиб беришди. Бундан ташқари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Тошкент тиббиёт академиясининг 2-клиникасида имтиёзли даволаниши учун ордер ажратилишига ҳам кўмаклашишди. Доимий равишда соғлиғидан хабар олиб туриши учун патронаж ҳамшираси бириктирилди. Шу орада ўғлининг ишсизлиги ҳақида ёзганди, уни тумандаги пахта қабул қилиш пунктига ишга жойлаб қўйишди.
Қаранг, у қайси масалада мурожаат қилмасин, ҳаммаси унинг фойдасига ҳал этиб берилган. Бунинг учун маҳалла аҳлига, шу ишлар бошида турган мутасаддиларга раҳмат айтиш, миннатдорлик билдириш ўрнига, Насиба Тошмуродова яна шикоятбозликда давом этди. Аслида орияти бор одам бировдан бир нарса сўрашга унча-бунчага жазм қилолмайди, мажбур бўлсагина сўрайди. Шунда ҳам бир марта, иккинчисига бети чидамайди. Насиба Тошмуродова эса ориятни ҳам унутиб, “керак бўлса қиласан-да”, дегандек шартларини бирин-кетин қалаштириб ташлайверди. Энди у яқиндагина ўзининг ҳуқуқий мулкига айланган уйни таъмирлаб беришларини талаб қилди. Бу талаб ҳам тезда бажарилди – уй томи шиферланди, ички, ташқи томонлари обдон таъмирланди.
Хўш, энди нима ҳақида ёзса бўлади? Муаммо яна топила қолди. Насиба Тошмуродова унга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ташландиқ гараж биносини суратга тушириб, Президентнинг виртуал қабулхонасига жўнатди. “Мана шу менинг уйим, шароитим ёмон, болаларим кўчада қолган”, деган мазмунда мурожаат қилиб, унга янги уй ажратишларини сўради. Суратдаги бундай абгор уйни кўргач, мутасаддилар масалани тезда аниқлашга киришишади. Ахир ёрдамга муҳтожларга кўмак кўрсатилаётган бир пайтда қандай қилиб бу оила эътибордан четда қолиши мумкин?!
Ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, Насиба Тошмуродова навбатдаги “муаммоси”ни ҳал этиш учун ушбу гараж суратидан фойдаланган экан. Бунга изоҳ сўралганда, ундан жўяли бир гап чиқмади.
Ношукурлик, борига қаноат қилмаслик, айниқса, ёлғон гапириш, бировни алдаш – ёмон одат. Берганига рози эмасми, бундайлар ҳеч қачон ҳеч кимдан рози бўлмайди, қорни тўқ бўлса-да, нафси қонмагач, косаси ҳам оқармайди. Қанийди буни ҳамма ҳам тушуниб етса...
М.МУРОДОВ