Афғонистон олий таълим вазирлиги ёш ходимлар "ҳукуматга ва исломий қадриятларга қарши ёлғон маълумотлар тарқатмаслиги" учун журналистика йўналиши ўқув дастурини қайта кўриб чиқиш режаси ҳақида маълум қилди, дея хабар беради Khaama Press агентлиги.
Манбанинг қайд этишича, толиблар ҳукуматидаги олий таълим вазири Нада Муҳаммад Надим Ғарб ОАВдан ўз манфаатлари йўлида кучли қурол сифатида фойдаланиб, мусулмонларга қарши интеллектуал ва тарғибот уруши олиб бораётганини айтган.
"Муваққат маъмурият ҳукуматга ёки исломий қадриятларга қарши ёлғонлар тарқатадиган эмас, мамлакатга шараф билан ва виждонан хизмат қиладиган ёш журналистларни тайёрлаш учун журналистика бўйича ўқув дастурларини тубдан қайта кўриб чиқишни режалаштирган", деган у.
Агентлик маълумотларига кўра, толиблар ҳукумат тепасига келгач, ОАВ фаолиятига чекловлар киритган. Улар шариатга зид, миллий арбобларни таҳқирловчи ёки ҳукуматни танқид қилувчи мавзуларни ёритишни назарда тутади.