Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

24.11.2020


Томидан чакка томадиган мактабга янги бино қуриб берилади

Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари орқали чекка ҳудудлардаги мактабларнинг қаровсиз, аянчли аҳволи ҳақидаги хабарлар тез-тез янграмоқда. Боз устига ёғин-сочинли кунлар бошланганига қарамасдан ҳали-ҳануз синф хоналари юқорисидан сув сизиб ёки чакка томиб турган, совуткичсифат мактаблар ҳам афсуски кам эмас.

Ана шундай таълим масканларидан бири Деҳқонобод туманидаги 35-мактаб бўлиб, ижтимоий тармоқда унинг суратларини эълон қилган муаллифнинг ёзишича, ўқув биноси фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган.

Мазкур мурожаат Деҳқонобод тумани ҳокимлиги ва туман халқ таълими бўлими масъуллари томонидан ўрганилган.

Маълум бўлишича, мактабнинг 1979 йилда қурилган 180 ўринли биноси том қисмидаги қурилиш материаллари эскирганлиги сабабли ёмғирли кунларда баъзи синфхоналардан чакка томади. Бу эса ўқувчи ва  ўқитувчиларга бирдек ноқулайлик туғдиради.

2003 йилда 40 ўринга мўлжаллаб қурилган янги бино эса барча ўқувчилар учун торлик қилади. Мактабда ҳозирда 193 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

Халқ таълими бўлими масъулларининг таъкидлашича, мактабга 2021 йил 220 ўринли янги бино ва спорт зал қуриб берилади.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Чироқчи туманидаги 61-мактабнинг аянчли аҳволи ҳақида лавҳалар эълон қилинган, дастлаб мутасаддилар буни рад қилган, бироз вақт ўтиб мактаб директори мавжуд аҳволни тан олиб, шов-шув бўлмаслик учун ёлғон маълумот берилганини айтганди. Вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари эса мазкур суратлар фотошоп эканини билдирганди.

Қайд этиш даркор, бошқарманинг кенг жамоатчиликка нотўғри маълумот тақдим қилган ахборот хизмати раҳбари айни вақтда ишдан кетган.

Report typo