Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ЖЎРАЕВ

20.03.2018


ТОМОРҚАДА ЧАМАН ЯРАТГАН ДЕҲҚОН

Айни кунларда деҳқон одамнинг томорқасида иш қизиган. Ерни экишга тайёрлайди, мўл ҳосилга замин ҳозирлайди. Эртачи маҳсулот етиштиришнинг ҳадисини олган киши эса пишиб етилган ноз-неъматларни бозорга чиқариб ҳам улгурди.

Шаҳрисабз шаҳридаги Катта Новқат маҳалласида яшовчи Аҳад Очилов ҳам бу борада етарли  тажрибага эга. Фаолияти гулчиликка асосланган. 20 йилдирки шу иш билан шуғулланади. Ҳовлисига кирган киши унинг нозик дидли деҳқон эканини дарров пайқайди. Томорқадан саришталик уфуради. Алоҳида олинган жўякларда нарцисс, гиацинт ва лола баравж ўсаяпти. Айни Наврўзда улар қийғос гуллаган. Ҳовли чаманни эслатади. У ўстирган гулларни харидорлар уйидан келиб олиб кетаяпти.

- Томорқам 10 сотихни ташкил этади, - дейди Аҳад Очилов. – Уни йил давомида бўш қолдирмайман. Нарцисс, гиацинт ва лолаларни кузда пиёзидан эккандим. Қор ва ёмғир сувларини ичиб, маромида ривожланди. Асосийси, бу ўсимликлар совуққа чидамли. Ҳар қандай об-ҳавода ҳам ўсаверади. Шуниси менга ҳам маъқул. Иши кам бўлади. Мавсумда бир неча 100 минг дона шундай гул етиштираман. Даромади ҳам шунга яраша. 1 сотихдан 4-5 миллион сўмгача пул ишлаб топиш имконимиз бор. Бу ишда менга ўғлим, келиним ва қизим ёрдам беришади.

Тажрибали деҳқон иссиқхона шароитида ҳам гул етиштиришни яхши билади. 1 сотих жойда барпо қилинган мўъжаз иншоот ранго-ранг гуллар билан тўла. Уларнинг ноёби ҳам бор. “Вашингтон” деб аталувчи пальмаси шулардан бири. Бундан ташқари, деҳқон Хитой атиргули, фикус, герань каби гулларнинг ҳам бозори чаққон эканини айтади. Бу гуллар тувакда ўстиришга мўлжалланган, қаламчадан кўпайтирилади.

Томорқачининг айтишича, қалб қурингизни берсангиз, тилини тушунсангиз гулчилик қийин иш эмас. Ҳар бир гулнинг ўзига хослиги бор. Бири  иссиқсевар бўлса, бошқаси совуққа бардошли. Баъзи гуллар ёруғликда яхши униб-ўсса, қуёш нурини хушламайдиганлари ҳам топилади. Гулнинг гул бўлиши тайёрланаётган тупроққа ҳам боғлиқ. Хуллас, ҳамма эплайдиган иш. Фақат қунт ва иштиёқ керак, холос. Натижа эса ажойиб бўлади. Меҳнат иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди.

Қайд этиш жоиз, бугун мамлакатимизда аҳолининг томорқа еридан унумли фойдаланишини ташкил этишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Ерини қаровсиз қолдирган кишиларга 3 баравар кўп солиқ тўлаш мажбурияти юкланаяпти. Ички имкониятни ишга солишга, тадбиркорликка қўл уришга ундаш бу. Деҳқончилик билан  машғул бўлиб, бир марта мўмай фойда кўрган кишига қайтиб гап айтишнинг ҳожати ҳам йўқ. Шундай экан, фаровон турмуш истаган инсон томорқасида даромад келтирувчи фаолият билан шуғулланса, асло зарар қилмайди. Уста гулчи Аҳад Очилов эришаётган ютуқлар бунинг исботидир.

М.ЖЎРАЕВ

 

Собир Нарзиев олган суратлар. 

Report typo