Эсимда, ёшлик йиллари қишлоғимизга пойтахтдан кўчма театр артистлари келиб, томоша қўйиб кетишарди. Томошага яқин-атрофдаги барча қишлоқлар аҳолиси жам бўлар, телевидение ҳали унча ривожланмаган, фақат радио билан овуниб қолган одамлар учун театр мисли бир ажойибот эди. Одамлар ерга гилам тўшаб олиб, чўккалаб ўтирганча “миқ” этмасдан шундай берилиб томоша қилишардики, бу уларнинг янгиликка, санъатга бўлган чанқоқлигидан нишона эди.
Бироқ бугун кўчма театрни қўя турайлик, катта театрлар ҳам йил-ўн икки ой-таътилда, десак кўп ҳам муболаға бўлмайди. Бир йилда бор-йўғи икки ёки учта асар саҳналаштирилади, аммо уларнинг томошабинлари ҳар сеансда нари борса 30-40 кишини ташкил этади, холос. Кўпинча талабалар томошабин вазифасини мажбуран бажаришади. Бу ҳақда вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари билан суҳбатлашдик.
Ўткир Бойқобилов, актёр:
- Ҳақиқатан бизнинг театрда ҳам бир муддат жимлик бўлди. Энди жонланиш бўлади. Тарихий асарларга мурожаат қилаяпмиз. Яхши режиссёр, умуман, яхши мутахассис камёб. Ўқишни тугатиб келган ёш мутахассислар катта “қозон”га тушгани билан, уларнинг ҳаммаси ҳам ишини уддалаб кетолмайди. Театр жамоасида ўз касбига фидойи, маҳоратли ижодкорлар, ижодий муҳит йўқ экан, бўшлиқ давом этаверади.
Фарҳод Жумаев, саҳналаштирувчи режиссёр:
- Театримизда яхши режиссёрлар танқислиги бор гап. Тошкент театр ва рассомчилик институтининг режиссёрлик йўналиши бўйича ҳар йили бор-йўғи 10 нафар мутахассис битиради. Бу бир вилоятга бир нафардан ҳам тўғри келмайди. Қолаверса, уларнинг ҳаммаси ҳам ўз йўналиши бўйича ишламайди, бошқа соҳаларга ўтиб кетишади. Бу соҳани ўқиб ўрганиш қийин.
Яхши кадрларни театрга жалб қилиш мумкин, бироқ иқтисодий муаммолар боис улар кўп туришмайди: аввало уй масаласи, бошқа зарур шароитлар, маош камлиги... Моҳир актёрлари, тажрибали режиссёрлари бўлмаган театр ўз томошабинини тополмайди.
Президентимизнинг 2017 йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни юқори босқичга чиқаришни назарда тутади. Насиб этса, театримиз бир вақтлардагидек яна гавжум бўлишига ишонаман.
Шодия Худойназарова, театр адабий бўлим мудири:
- Театр шундай бир жойки, бу ерда турли мавзу ва жанрларда спектакллар саҳналаштирилиб, томошабинлар эътиборига ҳавола этилиши жараёнида рассом, либос тикувчи, нур созловчи, мусиқа танловчи, хуллас, гардеробчидан бошлаб режиссёргача, томоша бошланиб то парда ёпилгунгача ҳамма-ҳаммаси бир-бири билан мутаносиб келиши керак. Мазкур театрда эса бундай эмас. Моддий-техник база ночор. Етук саҳна асари яратиш учун кадрлар етишмайди, зарур жиҳозларнинг барчаси эскирган, бугунги кун талабига жавоб бермайди. Булар - театрнинг оғриқли нуқталари. Яратилаётган саҳна асарларининг саёзлашиб кетишига, театрнинг халқ ичига кириб боролмаётганига, одамларнинг санъатга бўлган қизиқиши ошмаётганига мана шу каби омиллар сабаб бўлаяпти.
Дарҳақиқат, вилоят театри ижодкорларининг айтганида жон бор. Томошабинга эса яхши асарлар керак. Ўйлаймизки, бу хоҳишимиз яқин-орада рўёбга чиқади. Мазкур жараёнга соҳа мутасаддилари ҳам бефарқ қарашмайди.
Мусо МУРОДОВ