Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

07.05.2019


"ТОНГ ЯҚИН, ТОНГ ЯҚИН, ОППОҚ ТОНГ ЯҚИН..."

"Уруш бошланган пайтда Қарши шаҳридаги педагогика билим юртининг иккинчи курсида таҳсил олаётгандим. Кўп ўтмай ўқув юртимиз Бухородаги педагогика билим юртига бирлаштирилди. Ўқиш ҳам, орзуларимиз ҳам аро йўлда қолди, ҳамманинг фикри-зикри биздан узоқ ўлкаларда давом этаётган даҳшатли жангларга боғланган, фронтдан бизни анчагина масофа ажратиб турса-да, урушнинг қора кўланкаси ёнгинамизда ҳаётимизга соя солиб турарди.

Чунки кунда-кунора урушга кетган ҳамқишлоқларимиздан айримлари ногирон бўлиб қайтгани ҳақидаги хабарларни эшитардик. Жангга кетган йигитларнинг яқинлари туну кун "қорахат" келишидан қўрқиб, таҳликада яшашар, одамларнинг турмушида ҳам, меҳнат қилишида ҳам ҳаловат йўқ, халқ бошига жуда улкан мусибат тушганди.

Бу пайтда халқнинг иқтисодий аҳволи кундан-кун ёмонлашиб борар, бир килограмм буғдой ё арпанинг нархи 150-160 сўмга чиқиб кетган, очликдан, касалликдан ўлим топиш оддий ҳолга айланиб қолганди. Маданият ва халқ маорифи ҳақида-ку гап бўлиши мумкин эмас, мактабларда давомат пасайиб, ўқувчилар оч-наҳор мактабга боришар, дарсликлар етишмас, ўқитувчи йўқлиги боис кўпгина фанлар ўқитилмасди. Болаларнинг билими пастлиги учун улар      8-, 9-синфдан 5-синфга туширилиб қайта ўқитиларди.

1943 йилнинг қиши ниҳоятда совуқ келган, устма-уст ёққан қалин қор эримасдан музлаб ётар, юпун кийинган одамлар бир амаллаб кун ўтказишарди. Изғиринли кунларнинг бирида қишлоғимиздаги  тенгдош дўстларим қатори менга ҳам ҳарбий хизматга чақирув хати келди. Дарҳол яқинлар билан хайр-хўшлашиб, урушга жўнадик.

Биз ўтирган поезд кўп ўтмай Фарғона шаҳрига бориб тўхтади. Бу ерда бизни ҳарбий хизматга    тайёрлаш учун қисқа муддатли курсларда ўқитиш  режалаштирилганди. Ҳарбий қисмда ҳар қайсимизни маълумотимизга қараб, турли қисмларга бўлиб юборишди. 346-ҳарбий полкда қишлоқдошларим Дилмон, Қўчқор ва Умар билан бирга ҳарбий таълим, техника сирларини, қуроллардан фойдаланиш маҳоратини ўргана бошладик.

Командиримиз қисқа вақтдан сўнг уруш оловига киришимизни, қирғинбарот жангларда иштирок этишимизни билар, қанчамизнинг ўққа учишимизни яхши англар, шу боисдан имкони борича кўнглимизни оғритмасликка ҳаракат қиларди. Ҳарбий тайёргарлик даврида содир бўлган бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди. Бир куни постни топширганимдан сўнг, сафдош аскар билан қишлоқ айланиб келдик. Қайтишда сафдошим бошқа йўлдан кетди. Мен эса ростгўйлик қилиб, тўғри ҳарбий қисм дарвозасидан кириб бораётгандим, шу ерда турган полк командири тўхтатди ва рухсатсиз чиққаним учун менга икки сутка "гаупвахта" эълон қилиб, командиримга топширди. Унга бор айбимни яширмасдан айтдим. Аввал интизомли ва фаол бўлганимни ҳисобга олиб, командир жазони бекор қилди. Елкамга акаларча меҳр билан қоқиб қўяркан, "Ёшсиз-да, бундай соддадил бўлсангиз, ҳаётда кўп панд ейсиз", деб қўйди секингина.

Уруш қизғин давом этаётган, ҳар қарич ер учун аёвсиз жанг олиб борилаётган 1943 йилнинг ноябрида биз ўтирган поезд Ғарбга жўнади. Қаерга, қачон бориб тушишимиз эълон қилинмаган, ҳеч нарсадан хабарсиз ҳолда йўл босардик. Фақатгина битта нарса - у ҳам бўлса, фронтга кетаётганимиз маълум эди.

Манзилга етгач, кечаси ҳар хил уйларга гуруҳ-гуруҳ қилиб юборишди, совуқ, уйқусиз эрталабгача оёқда тик туриб чиқдик. Биз келишимиздан олдин бу ерда фашистлар бўлган, чор-атроф вайронага айлантирилган, ҳар қадамда даҳшатли воқеалар содир этилгани кўриниб турарди. Уруш бу ердаги одамларнинг қаддини букиб қўйганди.

Биринчи Белоруссия фронтида Минск, Витебск, Бобруйск ва бошқа шаҳарлардаги урушда қатнашдим. Ҳар куни бир неча шаҳарларни қайтариб олардик - уруш бизнинг фойдамизга ҳал бўла бошлаганди.

1944 йилда кун сайин олға босиб борардик. Шоир Ғафур Ғуломнинг "Сен етим эмассан" шеъри бутун фронтда машҳур бўлиб кетган, кўпчилик аскарлар ёддан билишар, шеърдаги ғалабанинг яқинлиги ҳақида "Тонг яқин, тонг яқин, оппоқ тонг яқин", деган мисраларни айтиб жангга кирардик.

Шоир Амин Умарийнинг шеърлари ҳам бизни олға босишга руҳлантирар, қуролдошларимиз билан жўр бўлиб куйлардик. Шеърда шундай мисралар бор эди:

Ғалаба - дунёда осойишталик...

Ғалаба - фаровон ҳаёт демакдир.

Қаноти қайрилган жафокашларга,

Ғалаба - қанот ва нажот демакдир.

Ғалаба - кўз ёшнинг тиниши демак,

Ғалаба - абадий иқбол демакдир.

1944 йил Белоруссияда қаттиқ совуқ бўлди, қорнинг қалинлиги бир метрдан ошар, окоп қазимоқчи бўлсак, тупроқ эмас, фақат қор кавлардик. Биз турган жой ўрмонга яқин бўлиб, ўзаро гаплашиб турган пайтимизда узоқдан бировнинг бақиргани эшитилиб қолди. Чамаси у босқинчилардан эмасди. Аскарларнинг ичида ёш бўлганлигим боисидан бўлса керак, командир мени ёнига чақириб, йиғлаётган одамни олиб келишимни буюрди.

Ўша пайтлар армияда интизом ниҳоятда қаттиқ, командирларнинг буйруғини бажармаганлар гап-сўзсиз отиб ташланарди. Ногирон бўлиш учун ўзини яралаган деб, фарғоналик йигитни отиб ташлашганига гувоҳ бўлгандим. Шу сабаб дарҳол буйруқни бажаришга киришдим. Босқинчилар ҳар икки минутда ракета отар, чор-тараф кундуздагидек ёришиб кетарди. Ракета отилиши оралиғида қорни қўлим билан икки томонга суриб, эмаклаб юраман. Ҳаёт ва ўлим оралиғи бир нафас эканлигини юрагим сезиб турар, шунинг учун ниҳоятда эҳтиёткорлик билан олға силжирдим. Душман бирор шарпани сезгудек бўлса, аёвсиз ўққа тутар, омон қолиш амримаҳол эди. Бироздан кейин оҳ-воҳ чекаётган кишига яқинлашиб қолдим. Ярадор ҳақиқатдан ҳам оёғига душман осколкаси тегиб, қаттиқ жароҳатланган ўзбек йигити экан. У кўп қон йўқотган, ўрнидан туролмас, аҳволи жуда аянчли эди. Агар ярадор йигитни ўрнидан турғазиб, қўлтиғидан суяб олсам, душман иккаламизни ҳам отиб ташлаши аниқ эди. Шунинг учун қорни тирмалаб йўл очиб, эмаклаб, ўзимизникилар жойлашган траншеяга етиб келдик.

Командир даставвал ярадор йигитни қисқагина сўроқ қилди, дивизия, польк ва бошқа керакли фактларни суриштиргач, уни фронт ичкарисига юборди. Йигит ўзини лейтенант Шарипов деб таништирди, Тошкентда туғилган экан. Шарипов  фашистларга асир тушиб, биз томонга қочиб ўтаётганда снаряд тегиб, қаттиқ ярадор бўлган.

Кўп ўтмай мени зудлик билан ҳарбий штабга чақиришди. Ҳарбий штаб ўрмон ичида жойлашган бўлиб, у ерга оддий жангчиларни ҳадеганда чақиришмас, штаб билан боғлиқ кўпгина масалалар сир тутиларди. Бора-боргунча хаёлнинг минг бир кўчасига кириб чиқдим. Бизлар турган мудофаа чизиғида ҳар хил миллат вакиллари хизмат қилар, баъзида орамиздан чақимчи, раҳбариятга турли фисқу фасод гап етказиб, ўзларини яхши кўрсатишга интилувчилар ҳам учраб турарди. Кўнглимда ана шундай сотқинлар туҳмати туфайли отиб ташлашмасмикин, деган ҳадик ҳам бор эди. Чунки у пайтлар инсон ҳаёти, қадр-қиммати ҳақида кўпам ўйлаб ўтиришмасди.

Юзи ўта жиддий, кўзлари уйқусизликдан қизарган, шундай бўлса-да, соқоли қиртишлаб олинган, сочлари тартибга келтирилган, офицерларга хос дид билан кийинган командир маълумотимни, армияга чақирилмасимдан олдин қаерда ишлаганим, саводим ва бошқа фактларни синчковлик билан сўраб-суриштирди. "Сенга ўта масъулиятли вазифани топширмоқчиман", деди-да, тўсатдан "ҳозир нимани ўйлаяпсан?", деди.

Кескин саволдан бироз довдираб турдим-да, ўзимни қўлга олиб, ҳеч нарсани ўйламаётганимни, топшириқ берилса, унга киришишимни билдирдим. Командирнинг юзи янада жиддий тортди ва менга алоқа батальони командирлигини топширишга қарор қилганини айтди. Бунга яраланган йигитни қутқариб келганим сабаблигини ҳис қилиб турардим.

Хизмат вазифамни бажаришга киришдим. Жуда кам ухлашга, тинимсиз ҳаракат қилишга тўғри келарди. Устимдаги кийимнинг бир неча жойидан ўқ тешиб ўтди, шукурки, омон қолдим.

Фашист газандаларининг снайперлари биринчи навбатда командирларни, масъулиятли постларда турган аскарларни нишонга оларди. Жангдан ташқари пайтларда ҳам тез-тез қурбонлар бўлиб турар, фронтда кеча билан кундуз баравар, ҳушёрликни йўқотиш ўлдинг дегани эди. Бир томондан душман ўқларидан ҳамиша жон таҳликада бўлса, иккинчи томондан қишнинг қаттиқ совуғи, шароитнинг оғирлиги қийнарди. Бўрон турган пайтлари қор тагида қолиб кетган кунларимиз бўлган. Баъзан озиқ-овқат етиб келмас, ҳам совуққа, ҳам очликка бардош беришга тўғри келар, уруш эса ҳеч нарса билан ҳисоблашмасди. Оч-наҳор тинимсиз юриш, қаттиқ совуқ, асабнинг ҳамиша таранглиги мени ҳолдан тойдирди, анча вақтдан сўнг госпиталда кўз очдим. Турли госпиталлардаги даволанишдан сўнг мени ҳарбий хизматдан бўшатишди, юртга қайтиб, мактабдаги ишимни давом эттиришим мумкинлигини айтишди.

Фронт ортидаги шароит, қийинчиликлар, йўқотиш ва етишмовчиликлар ҳам урушдагидан кам эмасди. Ўзимни жанговар сафдошларим қаторида деб ҳис қилардим. Узоқ масофада туриб бўлса-да, ғалабага ҳисса қўшиш учун тинимсиз меҳнат қилардим.

Иккинчи жаҳон урушига бизнинг Араловул қишлоғидан 75 йигит кетган бўлса, уларнинг 50 нафарига Ватанга қайтиш насиб этмади, уларнинг вужуди олис Европа заминида мангу ором топди.

Араловул қишлоғида Кат, Қавали, Чоргумбаз, Арал, Янгибозор, Тахтапул, Яккабоғ, Қумқишлоқ, Тутак қишлоқларида туғилган, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган жангчилар хотирасига бағишлаб, ёдгорлик барпо этилди. Ҳар йили 9 майда халқ ёдгорлик пойига хотира сўзлари ёзилган гулчамбарлар қўйишиб, жангда ҳалок бўлган юртдошларимизни эсга олар, бу ўксик қалбларга оз бўлса-да, таскин бағишларди.

Уруш! Бу сўзни эшитганда, инсон бошига тушган қанчадан-қанча машъум воқеалар, улкан фожиалар ёдга тушади. Уруш билан ўтган қора кунлар қанчалик узоқлашса, у келтирган зарар ва кулфатлар шунчалик мудҳиш туюлади. Ота-боболаримиз шунинг учун доим урушларни қоралаб келганлар, фалокатларнинг олдини олишга, тинчликни асраб-авайлашга интилганлар".

Report typo