Ўзбекистон Республикасининг Давлат солиқ кўмитаси эълон қилган маълумотларга қараганда, вилоятимиздаги учта корхона – “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ, “Uzbekistan GTL” МЧЖ ва “Талимаржон исссиқлик электр станцияси” АЖ жорий йил январь ойида ишлаб чиқариш соҳасида энг кўп солиқ тўлаган 20 та корхона рўйхатидан жой олган.
Муайян сабабларга кўра Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари киритилмаган Топ-20 да “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ (ой давомида тўланган солиқ миқдори – 97,9 миллиард сўм) 4-, “Uzbekistan GTL” МЧЖ (63,3 миллиард сўм) 7-, “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” АЖ (25,2 миллиард сўм) 16-ўринларни эгаллашди.
Ваҳоланки, 2022 йил якуни бўйича эълон қилинган ишлаб чиқариш соҳасида энг кўп солиқ тўлаган Топ-20 корхоналар рўйхатида Қашқадарёдан фақат иккита йирик субъект - “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ (йил давомида тўланган солиқ миқдори – 1 триллион 69,3 миллиард сўм) ва “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” АЖ (249,5 миллиард сўм) тегишли равишда 5- ва 17-ўринларда қайд этилганди.
“Uzbekistan GTL” МЧЖ расмий сайтида ушбу заводнинг энг йирик солиқ тўловчилар рўйхатига киритилгани ҳақида хабар берилар экан, мазкур корхонада 2022 йил 29 июнидан бошлаб Ўзбекистон нефть ва газ-кимё саноати тарихида илк бор синтетик дизель ва нафта маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилгани эслатиб ўтилади.
2022 йилнинг ноябрь ойида эса “Uzbekistan GTL”нинг иккинчи навбати ишга туширилиши билан завод тўлиқ иш режимига ўтказилди ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми янада оширилди.