Кўриниб турибдики, ҳудуднинг туристик салоҳияти юқори. Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 10 ойида вилоятга жами 78 та хорижий мамлакатдан 29 минг 235 нафар турист келган. Бу эса туризм саноатини янада ривожлантириш ва эътиборни кучайтириш зарурлигидан далолат беради.
Шу маънода Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинган “Tourist-friendly” ихтиёрий сертификатлаш тизимини жорий этиш тўғрисидаги қарори сайёҳлар билан ишлашни кўзлаган кўпчилик тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотди.
“Tourist-friendly” (“сайёҳларга дўстона”) тизими бўйича сертификатлаш туристик намойиш қилиш объектлари ҳамда инфратузилманинг санитария нормаларига, доимий равишда иссиқ сув, электр таъминоти резерв тизимлари, видеокузатув тизимлари, хорижий тилларни эгаллаган ходимлар, турли тўлов тизимлари мавжуд бўлиши тўғрисидаги талабларга ва бошқа мезонларга мувофиқлигини тасдиқлайди. Сертификат эгалари инглиз тилида махсус сифат белгисини қўлга киритишади. У сайёҳга кўрсатиладиган хизматларни танлашда эркин мўлжал олиш имконини беради.
Меҳмондўстлик муҳитини яратган ҳолда сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини таъминлаш, сайёҳларнинг талабларини қаноатлантиришга қаратилган ушбу тизим хизматлари ихтиёрий бўлиб, унга эга шахс 24 соат хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда тадбиркорлик субъектлари тегишли турдаги сертификатни белгиланган тартибда ва амал қилиш муддати мобайнида олганларидан сўнггина “tourist-friendly” тизими мавжудлиги ҳақида эълон қилиш ҳуқуқига эга. Мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддати 3 йил бўлиб, тақдим этилган хизматларни қайта баҳолаш натижасида олинган сертификат ҳар йили тасдиқланади.
Тадбиркорлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, бир қанча қулайлик ва янги имкониятлар кўзда тутилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 октябрдаги “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Республика ҳудудларида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотишни жадаллаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларига ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг жамоат тартибини сақлаш кучларининг уч сменали режимдаги патрулини таъминлаш орқали, шунингдек, мазкур зоналарда сайёҳлар учун дам олишни ташкил этиш дастурларини тасдиқлаган ҳолда Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ва сайёҳлар ташриф буюрадиган бошқа жойларда савдо-кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектлари фаолиятини тунги вақтда чеклашга йўл қўйилмайдиган зоналарни аниқлаш ҳуқуқлари берилди.
Шунга кўра, ҳозирда вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси билан биргаликда туристлар кўп ташриф буюрадиган савдо-кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларини аниқлаш, ушбу объектлар ва унга туташ бўлган ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашни самарали ташкил қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бунда халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўллари атрофидаги ва Қарши, Шаҳрисабз шаҳарлари ҳудудидаги савдо-кўнгилочар ҳамда умумий овқатланиш объектларига имтиёзлар бериш режалаштирилмоқда. Буларнинг барчаси юртимизга сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Бобур ШОЙМАРДАНОВ,
вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси катта инспектори, лейтенант