Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

ХУРШИДА

22.03.2017


ТОЗА СУВ – ЖАҲОН САЛОМАТЛИГИ УЧУН!

1993 йилнинг 22 февралида эса БМТ Бош Ассамблеяси шу ҳақида қабул қилинган резолюцияда  22 мартни Халқаро оби ҳаёт куни деб эълон қилди. Ва шу йилдан бошлаб бу сана ҳар йили дунёнинг кўплаб мамлакатларида муҳим экологик байрам сифатида нишонлана бошланди. БМТ тавсияси билан давлатларда бу кун миллий анъаналардан келиб чиққан ҳолда ўтказилади. Ҳар йили БМТ таркибидаги ташкилотлардан бири ушбу тадбир координатори сифатида белгиланади ва координация бўйича маъмурий қўмита раҳбарлигида  Халқаро оби ҳаёт кунини янги мавзу ва йўналишда ўтказишга масъул деб белгиланади. Халқаро оби ҳаёт кунини нишонлашдан кўзланган асосий мақсадлар эса қуйидагича:

- дунё аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш муаммосининг муқобил ечимларини излаб топиш;

- жамоатчиликка чучук сув манбалари, умуман, сув ресурсларини ҳимоялаш ва асраб-авайлашнинг   нақадар муҳимлигини етказиш;

- ҳукуматлар, халқаро агентликлар, нодавлат ташкилотлар ва хусусий секторнинг бу масалага эътиборини жалб қилиш.

Мамлакатларда ўтадиган тадбирлар шиорига эътибор қаратсак,    бугунги кунда сув билан боғлиқ долзарб муаммолар қамраб олинганини кўрамиз. “Сув манбаларимиз ҳақида қайғуриш – ҳар биримизнинг вазифамиз”, “Сув ва аёллар”, “Ер юзида сув етарлими?”, “Грунт сувлари – кўринмас манба”, “Сув манбалари соғлиқ учун”, “Сув манбалари ва табиий офатлар”, “Сув манбалари ва маданият”, “Сув танқислиги муаммоларининг ечими”, “Тоза сув – жаҳон саломатлиги учун!”, “Сув – шаҳарлар учун”, “Сув ва энергия”, “Сув ва барқарор тараққиёт” каби шиорлар остида ўтаётган тадбирларда оби ҳаёт захираларини  асраб-авайлаш фавқулодда муҳимлиги эслатилади.

Бугун дунё аҳолисининг сони 7 миллиарддан ошиқ бўлиб, жаҳон бўйича йилига 64 миллион куб метр сув истеъмол қилиниши қайд этилган. Маълумотларга қараганда, ХХ  асрда сув истеъмоли 6 мартага кўпайган. Бу эса аҳоли ўсишига нисбатан 2 марта кўп. Ривожланган давлатларда чучук сув захираларининг деярли 30 фоизи сизиб оқиб кетиш туфайли йўқотилаяпти. Бир қанча йирик шаҳарларда эса бундай йўқотиш ҳатто 70 фоизни ташкил этиши айтилади.  Бу эса тежаб-тергаб ишлатилиши шарт ва ҳар томчиси тиллога тенг бўлган оби ҳаётга муносабатни тубдан ўзгартириш лозимлигини кўрсатади.

Шу жиҳатни назарда тутган ҳолда айтиш мумкинки, кейинги йилларда дунёнинг кўплаб давлатларида бу масала ечимига жиддий киришилган. Жумладан, бир қанча давлатларда  йирик гидроэлектр иншоотлари ўрнига ихчам, сувни тежайдиган кичик-кичик ГЭСлар қурилиб, ишга туширилмоқда. Масалан, Хитойда айни шундай иншоотлар лойиҳаси жуда қулай деб топилган ва амалга кенг татбиқ этилмоқда. Бундай муқобил усуллардан яна бири сувни қайта тозалаб  истеъмолда фойдаланишдир. Дунё мутахассислари бу усулдан янада унумлироқ фойдаланиш йўлларини излашмоқда.

Ўзбекистонда ҳам сув манбаларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш масаласига давлат даражасида аҳамият қаратилади. 2003 йилнинг 6 майида республикамиз МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб “Сув ва сувдан тўғри фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилди. Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳудудидан оқиб ўтадиган 8 та дарё – Амударё, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё, Чирчиқ, Зарафшон, Қорадарё ва Норин дарёлари ҳамда давлат аҳамиятига молик 11 та ер ости чучук сувлари ҳосил бўладиган ҳудудни ифлосланишдан ҳимоялашга қаратилган 10 дан зиёд қарорлар асосида муҳим чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Буларнинг бари бир мақсадга – ҳар қатраси олтинга тенг бўлмиш сувни авайлаш, унга ижобий муносабатни шакллантиришга қаратилганки, ҳар бир фуқаро онгли равишда бу тадбирларнинг асл моҳиятини англаб етмоғи шарт.

Сув беҳуда оқиб ётган жўмракни бураб қўйиш, ўз ҳовлиси, уйида, рўзғорида, иш жойида сув исрофгарчилигига йўл қўймасликка одатланиш, атрофдагиларни ҳам шунга чақириш – ҳар бир инсоннинг доимий вазифасига айланмоғи  лозим. Шундагина ҳар биримиз сув манбалари муҳофазасига оз бўлса-да, ҳисса қўшган бўламиз.

Маълумки, Ер юзининг 70 фоизи сув билан ўралган. Аммо 97,5 фоизи шўр сув, қолган 2,5 фоизигина чучук сувдир. Шу икки ярим қисмнинг ҳам 68,7 фоизи музликлардан иборат. Мавжуд сув манбаларининг фақатгина бир фоизи инсон фойдаланиши учун қулай кўринишда. 

Манбалар асосида ХУРШИДА тайёрлади.

Report typo