Мана, орадан 1 йилга яқин вақт ўтди. Хўш, қарор ижроси қай даражада таъминланди? "Тоза ҳудуд" корхоналари нечоғлик самарали ишлаяпти?
Тан олиш керак, вилоятда бу борада айтарли ўзгариш сезилгани йўқ. Жойларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишлар илгари қандай бўлса, ўтган бир йил ичида фавқулодда ўзгаришларни кўрмадик. Хўш, нега? Қандай омиллар "Тоза ҳудуд" корхоналари ишини самарали йўлга қўйишга тўсқинлик қилаяпти?
Ўрганишлар бунинг бир қанча сабаблари борлигини кўрсатмоқда. Аввало, тизим - мутахассисларга муҳтож. Ҳолбуки, Президент қарорида "Тоза ҳудуд" ДУК штатларини 2 ой муддатда малакали мутахассислар билан таъминлаш вазифаси қўйилган эди. Бироқ орадан бир йил ўтган бўлишига қарамай вилоятда бу борадаги ишлар ниҳоясига етказилганича йўқ. Корхона ходимлари штат бирлиги 617 та бўлса, амалда 563 киши ишга олинган. Қолган ўринлар нега банд этилмай тургани қизиқ. Боз устига ишга қабул қилинганларнинг аксарияти 3-4 ойдан сўнг ишни ташлаб кетиб қолаётган экан.
Маълум бўлишича, пул тушуми йўқлиги, шунинг учун ойлик маошлари ўз вақтида берилмаётгани сабабли ишни ташлаб кетаётганлар ҳам бор.
Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун бу ҳолатни корхонанинг Ғузор тумани филиали мисолида таҳлил қилиб кўрамиз. 2017 йилнинг 1 августидан 2018 йилнинг 14 январигача ишчиларнинг ойлик маошлари ва бошқалардан қарздорлик 52 миллион сўмни ташкил этган. Филиал раҳбари Сардор Раҳимқуловнинг таъкидлашича, бу қарздорлик аввалги раҳбарнинг ишни тўғри ташкиллаштира олмаганлиги оқибатида юзага келган. Аввалги раҳбарни айблаш осон, бироқ бугун мазкур филиалда 25 та бўш иш ўрни зарур ходимлар билан тўлдирилмаётганини нима билан изоҳлашаркин? Айтишларича, ишлайдиганлар топилмаётган эмиш. Бўлиши мумкин, маошни ўз вақтида беролмайдиган субъектда ким ҳам узоқ ишлайди, ишга киради?
Шундай баҳоналар сабаб ҳам айни пайтда филиал томонидан Ғузор туманидаги аҳолининг 20 фоизи ҳам қамраб олинмаган. 60 мингта абонент билан шартнома тузиш режалаштирилган, амалда эса бу кўрсаткич бор-йўғи 6 фоизни ташкил этади, холос.
Пул тушуми йўқ, аҳоли бу хизмат туридан фойдаланишни хоҳламаяпти, деб қўл қовуштириб ўтириш билан иш битмайди. Ишни жонлантириш учун аввало уни тўғри ташкил этиш, корхона, унинг филиалларини мутахассис кадрлар билан тўлиқ таъминлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорликда абонентлар билан шартномалар тузиш ва унинг шартлари корхона томонидан рисоладагидек бажарилишини таъминлаш, кейин тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилиши талабини қўйиш зарур. Иш тўғри ташкиллаштирилмас экан, бу борада силжиш бўлмаслиги кундек равшан.
Маълумотларга кўра, корхона балансига шу кунга қадар ободонлаштириш бошқармаларидан 110 та махсус техника қабул қилиб олинган. Ўтган йили 13 та махсус техника - ассенизацион машина харид қилинган. Бир қарашда бу рақамлар салмоқлидай. Аммо вилоятда 730 та маҳалла борлигини ҳисобга оладиган бўлсак, 7-8 маҳаллага битта техника тўғри келиши ва хизмат сифати, даражаси қандай бўлиши ойдинлашади.
Қолаверса, бу техникаларнинг бир нечтаси бутунлай ишдан чиққан, 30 фоизидан ортиғида шиналар яроқсиз ҳолга келган, аккумуляторлари ишламайди. Корхона мана шундай ҳолатдаги транспорт воситалари билан ўз зиммасига юклатилган вазифаларни уддалай оладими?
- Жорий йил охиригача 7,5 миллиард сўм маблағ эвазига чиқинди ташийдиган 16 та махсус машина харид қилинади, - дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳузуридаги “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси директори Комил Қаимов. - 2021 йилгача балансимиздаги транспорт воситалари сони 250 тага етказилиши кўзда тутилган. Унгача борларини амаллаб туришимизга тўғри келади.
Корхона раҳбарининг гапларидан англашилаяптики, демак, 2021 йилгача чиқиндини тартибга солиш бўйича вилоятда айтарли ўзгариш бўлмайди.
Айни пайтда Деҳқонобод, Косон ва Чироқчи туманлари филиаллари ўз биносига эга эмас. Корхонанинг Ғузор тумани филиали ижарада фаолият юритаяпти. Ҳолбуки, қарорда "Тоза ҳудуд" ДУК ва унинг туман ва шаҳарлардаги филиалларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун жойлашган ҳудудидан бинолар ва хоналарни бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан тақдим этиш белгиланган. Туман ҳокимликлари мутасаддиларининг масалага панжа орасидан қараб келишаётгани ҳам албатта ишлар ривожига таъсир этмасдан қолмаяпти.
Чиқиндиларни ташиб кетиш учун кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов вилоят ҳокимининг қарори билан белгилаб берилган. Унга кўра, тўлов миқдори ҳар бир кишига 1 ойга 2100 сўм, юридик шахсларга эса бир куб метр чиқинди учун 34 минг сўм қилиб белгиланган. Бироқ аҳоли бу нархдан тўла бохабар, деб бўлмайди. Масалан, биз ўрганиш олиб борган Яккабоғ, Ғузор, Деҳқонобод туманлари аҳолиси кўрсатилган хизматлар учун тўлов у ёқда турсин, ушбу корхона ҳақида ҳали тузукроқ тушунчага эга эмас.
Корхона маълумотларига кўра, чиқинди қишлоқ жойларда, шунингдек? туман марказларида ҳафтасига 2-3 марта сигнал усулида, кўп қаватли уйлар олдидаги майдончалардан эса ҳар куни ташиб кетилади.
Агар шундай бўлса, қишлоқ жойларда, кўп қаватли уйлар ёнида уюлиб ётган чиқинди қаердан пайдо бўлаяпти? Мисолми? Хоҳлаган қишлоқ ёки "дом" тарафга ўтинг, бундай ҳолатга дуч келмасангиз, айтасиз. Аслида туман марказларида ўн кунда ёки ойда бир чиқинди ташиб кетилаяпти, дейилса тўғри бўларди. Рисоладагидек хизмат кўрсатилмагач, пул тўла деб кимга ҳам айта оласиз?!
Айни пайтда "Тоза ҳудуд" корхонаси томонидан чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича 600 минг абонент билан шартнома тузилган экан. Аслида бу ҳам катта рақам эмас. Бу аҳолининг 30 фоизи билан шартнома тузилган, дегани (фақат шартнома тузиш билан эса иш битмайди, хизмат ҳам кўрсатиш керак). Қамраб олинмаган қишлоқ, маҳаллалар анчагина, чиқинди билан боғлиқ муаммолар ҳам шунга яраша.
Умуман олганда, вилоятда "Тоза ҳудуд" корхонаси ишини самарали йўлга қўйишга халал бераётган омиллар кўп. Бироқ фаолиятни ўнглашга бўлган ҳаракат сезилмайди. Бинобарин, мазкур корхонага чиқиндиларни тартибга солиш бўйича катта ишонч билдирилганди. Бироқ корхона бу ишончни оқлаш ўрнига ўз муаммолари гирдобида ўралашиб ётибдики, уларнинг чиқиндини тартибга солишларидан ҳозирча тайинли умид йўқ.
Мусо МУРОДОВ