Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

21.07.2018


ТОЗАЛАНГАН ҚУМ – САНОАТ УЧУН МУҲИМ ХОМ АШЁ

2011 йилда фаолият бошлаган корхона бугун тумандаги йирик ишлаб чиқариш субъектларидан бирига айланган. Бу ерда қайта ишланган хом ашё нафақат юртимиз, балки қўшни республикаларга ҳам етказиб берилмоқда. Корхона раҳбари Шомурод Қиличев ҳамроҳлигида субъектдаги иш жараёни, иқтисодий кўрсаткичлар ва келгуси режалар билан танишдик.

ТАБИИЙ ХОМ АШЁ СЕРОБ

Туман ҳудудидаги бир пайтлар серсув бўлган, бугунги кунда эса фақат ёғингарчилик мавсумларидагина сел сувлари келадиган сойликка айланиб қолган  “Қумдарё” ўз номи билан қумнинг, “Чироқчи дала шпатли кварц” корхонаси учун эса муҳим хом ашёнинг манбаи саналади. Корхонада ҳар кунги иш жараёни ана шу ердан қумни ташиб келтиришдан бошланади.

Субъект раҳбарининг айтишича, неча йилдан буён дарёнинг асосан бир ҳудудидан қум олинмоқда. Чунки, маълум сойликдан йил давомида хом ашё оласиз, қиш ёки баҳорда келадиган сел сувлари эса ўша жойни яна худди аввалгидек теп-текис қумликка айлантириб қўяди. Бундан билса бўладики, корхона учун табиий хом ашё борасида умуман муаммо йўқ. Айни пайтда корхонага “Қумдарё”дан ҳар куни ўрта ҳисобда 60 тонна қум ташиб келтирилиб, ундан 20 тонна тайёр хом ашё олинмоқда.

ТОЗАЛАШ МУҲИМ ВА МАСЪУЛИЯТЛИ ИШ

Корхонада дарё қуми дастлаб ювилиб, тозаланади. Кейин яна бир маротаба элакдан ўтказилиб, тош, темир, ёғоч бўлаги ёки шунга ўхшаш майда ашёлар чиқариб ташланади. Ана энди таркибида бир қанча муҳим хом ашё захиралари бўлган соф ҳолдаги дала шпати (қумтош)нинг ўзи қолади. Сўнг хом ашё махсус ускунада баланд ҳароратда қуритилиб, бир неча хил ўлчамларда кесиб тахланади. Яъни, қайсидир буюртмачига бироз каттароқ ўлчамдаги, бирига ўрта ҳажмдаги, яна бошқасига эса жуда кичик ўлчамдагилари керак. Корхонадаги мавжуд технологиялар ёрдамида уларнинг ҳар бири учун алоҳида, буюртмага асосан  маҳсулот тайёрлаб бериш имконияти мавжуд.

Хуллас, бир неча босқични ўз ичига оладиган қайта ишлаш жараёнидан сўнг ярим тайёр хом ашё махсус идишларга жойланади ва мижозларга жўнатилади. Айни вақтда бу ерда тайёрланаётган дала шпати маҳсулотига харидорлар кўп. Буни ўтган 2017 йилда корхонанинг 1 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот сотгани, шунингдек, яна 40 минг долларлик маҳсулотни қўшни Туркманистон ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

УШБУ ХОМ АШЁДАН НИМАЛАР ТАЙЁРЛАНАДИ?

Кўринадики, “Чироқчи дала шпатли кварц” ишлаб чиқариш корхонасида тайёрланаётган хом ашё ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам бирдек харидоргир. Хўш, бу ерда тайёрланаётган хом ашёнинг харидори ким? Ундан нималар тайёрланмоқда?

Айтиш жоизки, корхонанинг асосий мижозларидан бири юртимиздаги аҳолига тоза ичимлик суви етказиб беришга ихтисослашган корхоналардир. Чунки, сув турли хил чўкиндилардан тозаланиш жараёнида махсус қумли фильтрлардан ўтказилади. Бунинг учун эса Чироқчидаги корхона томонидан таклиф этилаётган, таркиби яхши тозаланган қум айни муддао.

Шунингдек, турли хилдаги қурилиш материаллари, жумладан, канализация тармоқлари учун махсус қувурлар, сопол, шиша ва яна бир қанча турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришда дала шпатидан фойдаланилади. Дала шпати ва кварцдан ташкил топган жинслар пегма­титлар деб аталади ва чинни буюмлар ишлаб чиқа­ришда кенг қўлланади. Айни вақтда ана шу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган бир нечта корхоналар “Чироқчи дала шпатли кварц”нинг асосий мижози саналади.

ХОМ АШЁНИ ТАЙЁР МАҲСУЛОТГА АЙЛАНТИРИШ ҚИЙИНМИ?

Билдикки, Чироқчида бир неча турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган муҳим хом ашё захираси ҳам, унга дастлабки ишлов бериш тажрибаси ҳам мавжуд. Шундай экан, бу имкониятдан янада самарали фойдаланиш, ушбу хом ашё асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни туманнинг ўзида йўлга қўйиш мумкин. Мисол учун шиша буюмлар ишлаб чиқаришни.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, шиша тайёрлашда хом ашё сифатида кварц қум (чақмоқ тош), оҳактош, борат кислота, поташ, даломит, натрий сульфат ва бошқалар ишлатилади.  Бу минерал моддаларнинг аксарияти туман ҳудудида мавжуд. Агар бу борада янги лойиҳа йўлга қўйилса, яна юзлаб иш ўринлари яратилишига, туманнинг иқтисодий кўрсаткичлари ўсишига эришилади.

“Чироқчи дала шпатли кварц” ишлаб чиқариш корхонасининг галдаги мақсади ана шундай заводни барпо этишга қаратилган.

- Бу лойиҳани туманнинг “Еттитом” массиви ҳудудида амалга оширмоқчимиз, - дейди  Шомурод Қиличев. – Юртимиздаги ва хориждаги шиша ишлаб чиқарувчи корхоналар, уларнинг тажрибалари билан танишмоқдамиз. Мутахассислар билан маслаҳатлашаяпмиз. Лойиҳани ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб, энг мақбул варианти танлаб олингач, қурилиш ишларини бошлаймиз. Шу билан бир қаторда, дала шпати хом ашёсини тайёрлаш қувватини ҳам янада ошириш, янги мижозларни жалб этиш борасида иш олиб бораяпмиз.

Ҳа, айни пайтда корхонада иш жараёни қизғин, келгуси режалар эса янада катта. Ҳозирги кунда бу ерда йигирмадан ортиқ киши меҳнат қилаётган бўлса, ишлаб чиқариш қувватини ошириш, қўшимча лойиҳаларни йўлга қўйиш ҳисобига уларнинг сонини бир неча ўн баробарга ошириш, корхонанинг иқтисодий имкониятларини эса янада юксалтириш мақсад қилинган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: корхонадаги иш жараёнидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

Report typo