Биргина Касби тумани мисолида оладиган бўлсак, бугун ҳудудда экин экиладиган ерлар 44 минг 544 гектарни ташкил этади. Шундан 4 минг 932 гектари аҳоли томорқаларидир. Ана шу ерлардан юқори ҳосил олишда суғориш ишларини ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Таъкидлаш ўринлики, туманга сув юз фоиз Амударёдан олиб келинади. Бу катта маблағ ва меҳнат талаб этиши сир эмас. Шунинг учун ҳам унинг бир томчисини-да исроф қилмаслик, тежаб-тергаб фойдаланиш зарур. Бунинг учун эса сув йўллари тозаланган, гидроиншоотлар, гидропостлар сифатли таъмирланган бўлиши керак.
Туманда бу борадаги ишлар аввалдан режалаштирилиб, мавсумга тайёргарлик жараёнида 70,4 километр суғориш тармоқлари техника ёрдамида, 493,3 километр суғориш тармоқлари эса қўл кучи билан тозаланиши белгиланган эди.
Бироқ ўрганишлар натижасида маълум бўлмоқдаки, механизмлар ёрдамида тозаланган сув тармоқлари 20 километрни ҳам ташкил этмаётган бўлса, қўл кучи ёрдамида 130 километр атрофида сув йўллари тозаланган. 160 дона гидроиншоот ўрнига 21 донаси, 135 дона гидропост ўрнига 23 донасигина таъмирланган, холос.
Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси туман бўлими томонидан бу борада масъулиятсизликка йўл қўйган ходимлар огоҳлантирилди. Ишларнинг қисқа фурсатда ниҳоясига етказилиши учун масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Э.ЖУМАЕВ,
инспекциянинг Касби туман бўлими катта инспектори