Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

А.МУРОДОВ

22.09.2020


Тозалик бор жойда қут-барака, файз бўлади

Бутунжаҳон тозалик куни муносабати билан вилоятимизда “Тозалик биздан бошланади” шиори остида экологик ҳашарлар ўтказилди.

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур экоакция кишиларнинг табиатни асраб-авайлаш, озодаликни сақлашга бўлган масъулиятини яна бир карра оширган бўлса, ажабмас. Бунинг амалдаги исботини шу куни фуқароларнинг экоакцияда фаол иштирок этганидан ҳам билиш мумкин.

- Бу каби тадбирлар дунё миқёсида 2008 йилдан бери ўтказиб келинади, - дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Жума Ғайбиев. – Мана, икки йилдирки, мамлакатимиз ҳам ана шу акциянинг фаол иштирокчиларидан бирига айланган. Бундай ҳашарларнинг мунтазам ўткалиши кишиларнинг экологик маданияти ва тозаликни асрашга бўлган эътиборининг ошишига хизмат қилади. Ахир халқимизда “Ўз уйингни ўзинг асра” деган гап бежиз айтилмаган. Тозалик бор жойда қут-барака, файз бўлади.

Экоҳашарда 500 нафардан зиёд киши қатнашди. Уларнинг саъй-ҳаракати билан 40 дан ортиқ ноқонуний чиқиндихоналар бартараф этилди, мавжудлари тартибга келтирилди. 200 тоннадан ортиқ чиқиндилар чиқариб ташланди. Бу ишларга 30 та махсус автотранспорт воситаси жалб этилди.

Озодалик биринчи навбатда соғлигимиз учун муҳимлиги экоҳашар мобайнида ўз аксини топди.

А.МУРОДОВ

Report typo