Биласиз, вилоят комиссияси қарорига асосан карантин шароитида йўловчи ташиш фаолиятини самарали тартибга солиш мақсадида ҳудудда йўналишсиз такси сони муайян даражада чекланди. Хусусан, Қарши шаҳрида қатновга чиқиши мумкин бўлган йўналишсиз таксилар рўйхати шакллантирилди. Фақатгина махсус рухсатнома асосида йўловчи ташиш лозимлиги белгиланди.
Албатта, бу ташувчилар ва ҳайдовчилар учун енгиллик бўлди. Аммо ушбу имтиёзни суиистеъмол қилиш ҳолати учраётгани, ўз манфаати йўлида айрим олғир “тадбиркор”лар йўловчи ташишга рухсат этувчи тегишли ҳужжатни қалбакилаштириб олишгача бораётгани ачинарли.
Бугун, 7 август куни Қарши шаҳрида вилоят транспорт бошқармаси ва вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирида бунга бир неча бор гувоҳ бўлинган.
Карантин қоидалари ижросини ўрганиш мақсадида қатновдаги йўналишсиз таксилар кўздан кечирилганда, шакллантирилган рўйхатга киритилмаган баъзи йўналишсиз таксилар сохта рухсатнома билан йўловчи олиб юргани аниқланди. Қоидабузарлар асосан маълум бир ташувчи корхонага тегишли экани эътиборни тортди.
Бу хатти-ҳаракат орқали нафақат карантин қоидаси бузилди, балки расмий ҳужжат сохталаштирилди, ноқонуний даромад олиб келинди.
Вилоят транспорт бошқармасидан хабар беришларича, ҳолат юзасидан тўпланган маълумотлар ўрганиб чиқиш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этилган.