Билиб қуйган яхши
Орамизда фаолият учун зарур бўлган бирор-бир ҳужжатини йўқотиб ёки яроқсиз ҳолга келтириб қўйган одамлар кўп учрайди. Вақт ўтиб, керак бўлиб қолганда туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини қидириб қолганлар қанча?! Шунда топилса, яхши. Топилмаса-чи? Жавоб аниқ, бундай ҳолларда такрорий гувоҳнома олишга тўғри келади.
Хўш, шу мақсадда қаерга, қай тартибда мурожаат қилиш керак?
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларида кўрсатилганидек, далолатнома ёзувининг биринчи нусхаси сақланаётган ФҲДЁ органи манфаатдор шахсларнинг аризаларига кўра ва тегишли далолатнома ёзувлари асосида такрорий гувоҳномалар беради.
Туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар фуқаролик ҳолати далолатнома ёзуви қайд этилган тегишли шахснинг ўзига, унинг ота-оналарига ёки қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланган ишонч қоғозлари асосида бошқа шахсларга берилади. Вафот этган шахсга нисбатан туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳнома берилмайди. Зарур ҳолларда, вафот этган шахснинг туғилганлиги ҳақида маълумотнома берилиши мумкин.
Такрорий гувоҳнома олиш тўғрисидаги аризада ариза берувчининг фамилияси, исми, ота исми, манзили, шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги, гувоҳнома сўралаётган шахснинг фамилияси, исми, ота исми ва такрорий гувоҳнома қандай сабабга кўра талаб қилинаётганлиги кўрсатилиши керак.
Такрорий гувоҳнома олишни хоҳловчи шахс далолатнома ёзувларини қайд этган ФҲДЁ органига бевосита ёки ўзи доимий яшаётган ёки вақтинча турган жойдаги ФҲДЁ органи орқали мурожаат қилиши мумкин.
Ариза берувчи далолатнома ёзуви қайд этилган ФҲДЁ органига мурожаат этганда такрорий гувоҳнома шу куниёқ берилади.
Такрорий гувоҳномалар берилганлиги учун давлат божи ва (ўлим ҳақидаги гувоҳномалар бундан мустасно) герб йиғими ундирилади.
Дилобар ИРМАТОВА,
Қарши шаҳар ФҲДЁ инспектори (t)