Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

29.05.2020


ТУҒИЛИШ ВА ЎЛИШ БОР ЭКАН, ҲАҚИҚАТ ТАНТАНА ҚИЛАВЕРАДИ

Сараланган сатрлар

Дунёга машҳур қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг "Оқ кема" асари қаҳрамони - ота-онаси ташлаб кетган оддий бола. У доим кўришни хоҳлайдиган оқ кема - орзу-умидлар рамзи. Боланинг она табиатга, инсонга меҳр-муҳаббати ўзгача, мусаффо, пок. Худди асл одамникидай. Киши ўзлигидан маҳрум бўларкан - болалигини, болаларни унутаркан, мусибат, ҳалокат муқаррардир. Боланинг ғалати бир орзуси бор эди: у балиққа айланиб қолишни ва узоқ-узоқларга сузиб кетишни хаёл қиларди. Ён-атрофидаги кишилар ўз "она"лари - Шохдор буғуни ўлдириб, гўштини ейишга жазм этишгани, аслига, ўзагига, ўзлигига болта уришганини кўриб, бола балиқ бўлиб яшашни афзал кўради ва дарё қучоғига отилади...

Бола дунёси, катталар билан муносабатлардаги ўй-хаёллари акс этган лавҳалар сизни эътиборсиз қолдирмайди.

* * *

Ўтлар орасида ҳам - "севимли", "ботир", "ҳуркак" ва "ёвуз" ҳамда бошқа ҳар хиллари мавжуд эди. Чақиртикан, масалан, - энг биринчи душман. Бола у билан кунига ўн марталаб жанг қилган, чопиб ташлаган. Лекин бу жангнинг охири кўринмасди - чақиртикан ҳадеб ўсаверар ва кўпаяверарди. Мана, даладаги печак гуллар, тўғри, улар ҳам ёввойи, шунга қарамай булар энг ақлли ва қувноқ гуллардир. Улар эрталаб қуёшни ҳаммадан ортиқ яйраб қарши олади. Бошқа ўтларга - тонг нима, тун нима, барибир... Чумолилар ҳам буни сезади. Улар эрталабдан печакгуллар ҳузурига чопиб, қуёш нурларидан кўзларини қисиб, гулларнинг ўзаро нималар ҳақидадир шивирлашаётганига қулоқ солади. Балки, кўрган тушларини сўйлашаётгандир?

* * *

Кўпни кўрган кишилар кекса Мўминни - Мўмин чаққон деб аташарди. Бу атрофда уни ҳамма танирди, у ҳам ҳаммани биларди. У очиқ кўнгиллиги, ҳатто сал-пал биладиган одамига ҳам бирон яхшилик қилишга тайёрлиги, ҳар кимнинг хизматига ҳозиру нозирлиги, ҳаммага садоқати ва хушмуомалалиги туфайли шундай лақаб олганди. Аммо тиллани текин тарқатишганда ҳеч ким учун қадри қолмаганидек, унинг жонбозлигининг қадрига ҳам ҳеч ким етмасди.

* * *

Бот-бот йўлда басавлат чолга дуч келасану соқоли кўксига тушган, кенг-мўл пўстинининг ёқасига сер-бар барра қопланган, бошида қимматбаҳо телпак, остида эгарлари кумушдан арғумоқ - бир қарасанг донишманд, бир қарасанг пайғамбар, бундай кишига таъзим қилгани ҳеч тортинмайсан, бундай киши ҳамма жойда иззатда! Мўмин эса фақат Мўмин чаққон бўлиб туғилган. Эҳтимол, унинг ёлғиз устунлиги шунда эдики, у қандай ўтирдим, билиб гапирдимми, қандай жавоб қилдим, қандай кулимсирадим деб ташвишланмас, бировларнинг олдида обрўси тўкилишидан чўчимасди. Мўмин мана шу маънода, ўзи сезмаган ҳолда, камдан-кам учрайдиган бахтли одам эди. Кўп одамларни касаллик эмас, ўз наздида ўзлигидан каттароқ қўйишдек худбинлик, аламзадалик балоси кемириб адо қилади. (Доно, бообрў, хушрўй, бунинг устига қаттиққўл, адолатли ва жасур деган ном чиқаришни ким истамайди?..)

* * *

Бола атрофга разм солди. Чор атроф тоғ - қоя, ўрмон. Тепаликдан, музлар қўйнидан бошланган ирмоқлар ярқираб жилваланганича оҳиста пастга оқиб тушар ва фақат шу ерга, пастга тушгандан кейингина дарё бўлиб тинимсиз ҳайқириб ётиш учун овоз пайдо қилгандек бўларди. Тоғлар эса улкан ва ниҳоясиз, кўкрак кериб турарди. Бола ўзини шу дақиқаларда бағоят кичик, бағоят ёлғиз, бутунлай унутилган ҳис қиларди. Фақат тоғлар бор унинг ёнида, тоғлар, чор атрофда баланд тоғлар.

 * * *

Ўразқул маст-аласт бўлиб келганда, унинг ҳаёсиз кўзларига тупуриш ўрнига, унга пешвоз чиқиб, отдан тушириб қўяди, уйга суяб киради, каравотга ётқизиб қўяди, совуқ емасин, боши оғримасин, деб устига пўстин ташлайди, отининг эса эгарини олади, ювиб тарайди, ем беради. Ҳаммасига сабаб - Бекей холанинг туғмаслиги. Нега шундай, дада? Истасанг туққин, истамасанг кераги йўқ, деб қўя қолса бўлмайдими?

* * *

Мен айтаётган буви - бу илгаригиси эмас. Сиз уни, дада, балки билмассиз ҳам. Бу   бошқа буви. Ўз туғишган бувим ёшлигимда вафот этган. Бу буви бўлса кейин келган. Бизнинг ҳаволарга сира тушуниб бўлмайди - бир қарасанг очиқ, бир қарасанг булутли, бир қарасанг ёмғир аралаш дўл. Буви ҳам худди шундай, тушуниб бўлмайди. Бир қарасанг меҳрибон, бир қарасанг бераҳм, ҳеч тушунолмайсан. Жаҳли чиққанда - нақ еб қўяди. Биз бобом билан жим бўламиз. Буви: "Бегонани қанча едирма, қанча ичирма, ундан яхшилик кўрмайсан", - дейди. Мен, ахир бу ерда ўгай эмасман-ку, дада. Мен ҳамиша бобом билан бирга яшаб келдим. Унинг ўзи ўгай бу ерда, у бизга кейин келиб қўшилди. Энди эса мени ўгай дейди.

* * *

Бобом, кичиклар ўзларидан катталарга доим биринчи бўлиб қўл узатишлари керак, дейди. Кимки қўл узатмаса, у одамларни ҳурмат қилмаган бўлади. Кейин, бобом еттининг бири авлиё бўлиб чиқиши ҳам мумкин, дейди. Авлиё - бу жуда хушфеъл ва ақлли одам. Кимки у билан қўл бериб кўришишга муяссар бўлса, бир умр бахтиёр бўлади. Мен, шундай экан, нега у ўзининг авлиё эканлигини айта қолмайди, биз ҳаммамиз у билан қўл бериб кўришган бўлардик, десам, бобом кулади: ҳамма гап шунда-да, дейди у, авлиё ўзининг авлиёлигини билмайди - у оддий одам. Фақат қароқчигина ўзининг қароқчилигини билади.

* * *

Бобо ҳикоя қилади: эски замонда бир хон бошқа бир хоннинг қўлига асир тушибди. Хон асир тушган хонга дебди: "Агар истасанг - менинг қулим бўлиб тирик қоласан, бўлмаса, энг сўнгги тилагингни бажо келтираман-да, кейин ўлдираман". Хон ўйлаб туриб жавоб қилибди: "Қул бўлиб яшашни истамайман.   Яхшиси, мени ўлдиргин, лекин аввал менинг ватанимдан биринчи дуч келган чўпонни чақиртириб бер". - "Уни сенга нима кераги бор?" - "Ўлим олдидан унинг қандай куйлашини тингламоқчиман". Бобом айтади: она юрт қўшиғи учун одамлар жонини беради. Қандай одамлар экан-а, бир кўрсанг уларни. Эҳтимол, катта шаҳарларда яшашар?

* * *

Агар юлдузлар одамга айланиб қолса борми, осмон уларга торлик қилиб қолади. Агар балиқлар одамга айланиб қолса борми, уларга дарё ва денгизлар торлик қилиб қолади.

* * *

- Улар катта бўлишса, менинг болаларимни ўлдиришмайди, - жавоб қилди унга буғулар онаси. - Мен уларга она бўламан, улар эса менинг болаларим. Ахир улар ўз ака-укаларини ўлдиришадими?

- Эҳ, нимасини айтасан, она буғу, сен одамларни билмайсан, - бош тебратди Чўтир Баймоқ кампир, - улар ўрмон ҳайвонларигагина эмас, ҳатто ўз-ўзларига ҳам раҳм-шафқат қилишмайди.

* * *

"Э бўтам, одамлар ақл ўрнига бойлигини кўз-кўз қилишса, бу қандай ярамаслик".

* * *

...қадимги одамлардан қолган гап бор: бойлик - такаббурликни, такаббурлик эса - телбаликни туғдиради.

* * *

Пул ҳукмрон бўлган жойда эзгу сўзга ўрин йўқ, гўзалликка ўрин йўқ.

* * *

Нега бахтли ва бахтсизлар бор? Нега шундайлар борки, улардан ҳамма чўчийди, яна шундайлар борки, улардан ҳеч ким ҳайиқмайди. Нега бировларнинг бола-чақаси бор, бировларда йўқ? Нега айрим кишилар бошқаларга маош бермасликка ҳадди сиғади? Эҳтимол, энг катта мояна олувчилар энг яхши кишилардир. Мана, бобоси оз олади, шунинг учун уни ҳамма ранжитади. Э, бобога ҳам кўпроқ мояна беришлари учун нима қилиш керак экан-а? Балки ўшанда Ўразқул чолни ҳурмат қила бошлармиди.

* * *

Бола тишини-тишига қўйиб ётарди. У шундай ётганда кўнгил беҳудлигидан бир оз қутулгандай бўлади. Бироқ Шохдор она буғуни ўлдирган бу одамлар билан бирон иш қилишга қодир эмаслиги уни ҳаммадан кўра қийнаётган эди. У болаларга хос     ҳақгўйлик ғазаби ва дилхасталиги билан улардан ўч олишнинг турли йўлларини - қандай бўлмасин уларни жазолаш, гуноҳини тушунишга мажбур этиш, қандай ёвуз ишга қўл урганликларини кўрсатиб қўйиш йўлларини ўйларди.

* * *

"Энди шуни айтишим керакки, сенинг гўдак қалбинг нимани нохуш кўрган бўлса, ҳаммасини рад этдинг. Менинг овунчим ҳам, қувончим ҳам шунда-да. Сен бир чақнаб сўнган яшин каби ҳаёт кечирдинг. Чақмоқларни само чақади. Само эса абадийдир. Менинг овунчим ҳам, қувончим ҳам шунда-да. Инсондаги гўдаклик виждони худди уруғдаги илк куртакнинг ўзгинаси, куртаксиз уруғ униб чиқмайди. Биз оламга келмасдан илгариёқ, токи туғилиш ва ўлиш бор экан, ҳақиқат тантана қилиб келмоқда.

Бўталоғим, сен билан видолашар эканман, сенинг сўзингни яна бир бор такрорлайман: "Салом, оқ кема, бу мен!"

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo