Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Нилуфар ДАВЛАТ қизи

20.06.2024


Туфлича

Бирни кўриб фикр қил...

- Онажон, укамнинг тўйида кийишим учун олинган туфличамга оёғим сиғмаяпти, дарров кичкина бўлиб қолибди, - деди қизим. Чамаси 2 ойлар аввал харид қилинган қимматбаҳо туфличани у ёқ-бу ёғини кузатарканман, атиги бир марта кийилган яп-янги оёқ кийимни сотувчига қайтариб олиб бориб берсаммикан, деб ўйлаб қолдим. Кимгадир совға қилай десам жиянларим ҳаммаси ўғил болалар.

Шу пайт эшик тақиллаб қолди. Очсам қўшни қизалоқ Ифора:

- Ассалом,  янга, Мадина мен билан бирга ўйнасин, жуда зерикдим.

- Хўп, ҳозир чиқади. Онанг яхшими, қизим?

- Яхши, "парник"ка ишга кетгандилар.

- Тушунарли. Яна уйда ёлғиз ўзингсан, демак. Уйга кир, бизникида болалар билан ўйнаб ўтиргин.

Баъзи оилавий муаммолар сабабли турмушидан ажралган қўшнимиз София маҳалладаги ишсиз аёллар билан кунбай ишга чиқади ва ёлғизгина қизалоғи ҳамда ўзининг кам-кўстларини ҳаминқадар ёпиб юради. Бобоси, тоғаларининг уйлари шу атрофда бўлганлиги сабаб қўшнимиз 8 ёшли қизи Ифорани кўпинча уйида ёлғиз қолдириб кетади, қариндошлари хабардор бўлиб туради.

Қўшни қизча болаларим билан бирга завқланиб ўйнади. Ёлғиз фарзанд бўлганлиги учунми, билмадим, жуда меҳрибон қизалоқ.

 Остонани тартибга соларканман, қизимдан икки ёш кичик бўлган меҳмон қизалоқнинг атрофлари йиртилиб кетган эски шиппаги эътиборимни тортди. Хаёлимга келган фикрдан қувониб кетдим: "Сафари қариб" уйига отланган меҳмонимизнинг митти оёқчаларига қизимга кичкина бўлиб қолган туфличани кийдириб кўрарканман, лоппа-лойиқ келди. "Бу менгами?!" қизалоқнинг кўзлари қувончдан порлади. "Ҳа" ишораси билан бош силкиб, туфличани оёқларидан ечиб, қутисига солиб қўлчасига тутқиздим. Сўнгра  қизимнинг кичик бўлиб қолган бир халта оёқ кийимлари орасидан худди яп-янгидек турган "тапочка"чани олиб кийдириб қўйдим. Ифора сакраб-сакраб қувонаркан, раҳмат айтганча юзларимдан ўпиб қўйди. Совғаларини олиб уйига қараб югуриб кетаётганини кузатарканман, бозорга чиқиб қизларим билан биргаликда янги кийимлар ҳам олиб беришни режалаштириб қўйдим.

Кечга яқин яна эшигимиз тақиллади. Очсам Ифора. Кўзлари қизарган, қўлидаги мен берган совғаларни қайтараркан, "Бизга бошқалар кийган нарсалар керак эмас экан", деди овозлари титраб. Устимдан муздай сув қуйилгандек бўлди. Қизалоқ йиртиқ шиппагини тапиллатганча югуриб кетди...

Орадан бир ҳафтача ўтди. Ишдан қайтаётиб Ифоранинг онасини учратиб қолдим. МФЙ биносидан бироз  хафа бўлганича чиқиб келаётган  Софиядан ҳол-аҳвол сўрарканман, у:

- Мана, сиз журналистсиз, айтинг-чи ҳақиқат қаерда бор?! Хабарингиз бор ажрашганман, ёлғиз аёлман. Моддий ёрдам сўраб маҳалланинг эшигига минг марта келдим. Бермайди, бермайди. Ҳаммаси таниш-билиш, ўзиникига ён босади. Нима эмиш "Битта болани бир ўзим боқа оларканман". Қандай боқаман ахир, қорнини тўйдирсам, устига йўқ, устини бут қилсам қорнига етмайди. Қизим бечора онам ҳозир пул олиб келса, бозорга борамиз, деб мўлтиллаб кутиб ўтирибди.  Қўшни, мана шу раис ва олдидаги ҳамма "лайча"ларининг устидан ёзиш керак. А, нима дедингиз? ...

...Қўшнимнинг "муаммо"ларини тинглаб кетарканман, Ифорага совға берганимдаги қувончли нигоҳи ва қайтариб бераётганидаги ёшланган кўзлари хаёлимдан кетмади...

Нилуфар ДАВЛАТ қизи

Report typo