Ҳиндистонлик эркак кам учрайдиган касаллик туфайли 60 та турли буюмларни ютиб юборди. Бу ҳақда New York Post ёзган.
Пенжаб штатида яшовчи киши бир йилдан ортиқ вақт давомида ошқозонида оғриқни ҳис қилиб келган. 35 ёшли эркакнинг аҳволи оғирлашгач, у шифохонага мурожаат қилган. Текширув жараёнида шифокорлар унинг ошқозонида тугма, қулоқчин, гайка ва бошқа еб бўлмайдиган нарсалардан иборат 60 та буюм борлигини аниқлашган.
Натижада беморда уч соатга чўзилган жарроҳлик амалиёти ўтказилган, у ўпкага сунъий нафас бериш ускунасига уланган. Айтилишича, эркакнинг аҳволи ҳамон оғирлигича қолмоқда. Бунга ўткир тиғли нарсалар унинг ошқозонига жиддий зарар етказгани сабаб қилиб кўрсатилган.
Шифокорларнинг сўзларига кўра, бемор пикацизм - ейиш мумкин бўлмаган ёки организм учун зарарли нарса ва моддаларни бетартиб истеъмол қилиш касаллигидан азият чеккан.