Яна бир эътиборли томони, сайёҳлар диққатини дунёдаги машҳур боғлар, тоғ курортлари, денгиз соҳиллари эмас, балки чекка ҳудудлардаги кўз илғамас табиат гўзалликлари, саргузаштга бой, сўлим ва баҳаво масканлар, ҳали сир-синоати тўла очилмаган жойлар кўпроқ тортаяпти. Шу жиҳатдан олиб қарасак, вилоятимизда ҳам экотуризмни ривожлантириш учун жуда катта табиий ресурслар мавжуд.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, сўнгги йилларда вилоятимизда ҳам туризмни ривожлантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Шунга мувофиқ, юртимизга ташриф буюрган туристлар сони йилдан-йилга ошиб бораяпти.
Хусусан, 2016 йилда вилоятда фаолият кўрсатаётган 28 та туристик корхона томонидан 7,3 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилган. Бу 2015 йил билан қиёслаганда 12 фоизга ўсишни кўрсатади. Шунингдек, чет эллик фуқароларга кўрсатилган туристик хизматлар экспортидан тушган маблағ 440,4 минг долларни ташкил этади ёки бу 2015 йилга нисбатан 35 фоиз ортган. Сайёҳларнинг аксарияти маданий мерос объектларига ташриф буюришган. Мавжуд маданий мерос объектлари ва зиёратгоҳларга келган сайёҳлар сони жами 348,5 минг нафар бўлиб, шундан 13,5 минг нафари хорижий ҳамда 335 минг нафари маҳаллий сайёҳлардир.
Аммо вилоятнинг туристик салоҳияти ва мавжуд ресурслар билан қиёсласак, бу унчалик катта натижа эмас. Агар туристик йўналишлар кўпайиб, хизматлар сифати янада яхшиланса, рақамлар бундан бир неча баробар ошиши мумкин. Бунинг учун эса туризмнинг энг оммавийлашиб бораётган тури – экотуризмни ривожлантириш, ҳудуднинг бу борадаги имкониятларидан самарали фойдаланиш даркор.
- Экотуризм йўналиши бўйича вилоятнинг тоғ ва тоғолди ҳамда чўл ҳудудларида сайёҳларнинг мароқли дам олишлари учун барча шарт-шароитларни яратиш, мазкур ҳудудларга хорижий ва маҳаллий сайёҳларни жалб этиш борасида бир қатор ишлар олиб борилаяпти, - дейди туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё минтақавий бўлими бошлиғи Отабек Олимжонов. - Ҳозирги пайтда Муборак, Миришкор, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб туманлари бўйлаб экотуристик йўналишлар ташкил этилган. Шунингдек, яқинда Яккабоғ туманидаги Амир Темур ғорига ҳам туристик йўналиш очилади. Бу ерга келган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ғорга бевосита саёҳат қилиш билан бирга, унинг тарихи, буюк бобокалонимиз Амир Темур билан боғлиқ воқеалар ҳақидаги қизиқарли маълумотларга ҳам эга бўлади.
Дарҳақиқат, вилоятимиз ранг-баранг табиати экотуризмнинг бир нечта турлари бўйича йўналишлар ташкил этиш имконини беради. Хусусан, тоғ курортлари, альпинизм, спелеотуризм (ғор туризми), табиатнинг ноёб ёдгорликлари бўйлаб сайр, чўл барханлари ва тўқайлар бўйлаб туяда, отда айланиш, маҳаллий чўпонлар яшаш тарзини намоён қилувчи ўтовларга саёҳатлар ва бошқа кўплаб йўналишлар билан хорижлик саргузаштталаб сайёҳлар эътиборини жалб этиш мумкин. Ёки вилоятдаги муҳофазаланган ҳудудлар, хусусан қўриқхоналар, ўрмон хўжаликлари имкониятларидан экотуристик йўналишларда ҳам фойдаланиш йўлларини ўйлаб кўриш лозим.
- Ҳозирги пайтда вилоятда 2 та қўриқхона ва 8 та ўрмон хўжалиги мавжуд, - дейди вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси мутахассиси Карима Ядгорова. – Ушбу жойларда белгиланган тартиб асосида саёҳат қилиш, табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлиш мумкин.
Айтиш жоиз, иқтисодий жиҳатдан унчалик ҳам тараққий этмаган Африка давлатлари сайёҳларни чорлаш борасида анчагина тажриба тўплашган. Ташриф буюрувчиларнинг аксарияти бу ердаги ёввойи ўрмонлар, кўл ва дарёлар ҳамда экин далаларини томоша қилишга ошиқади. Масалан, шимоли-шарқий Африкада жойлашган Марокаш давлатига ҳар йили миллионлаб сайёҳлар арган ёғи (маҳаллий халқ “ҳаёт дарахти” деб атайдиган доривор гиёҳ) етиштириладиган улкан плантацияларни кўриш учун келади. Ушбу яшил майдонлар бугунги кунда Марокашнинг иқтисодий салоҳиятига икки томонлама фойда келтирмоқда. Яъни, кўп гектарлик ҳудудлардаги табиат манзарасидан сайёҳлар учун томошагоҳ сифатида фойдаланилса, бу ерда етиштирилган шифобахш ўсимлик ёғи дунёнинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилинади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24-25 февраль кунлари вилоятимизга қилган ташрифида жорий йилдан бошлаб тоғ ва тоғолди ҳудудларида заъфарон плантациялари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Агар бу плантацияларни ташкил этишда келгусида сайёҳларни чорлаш имкониятлари ҳам ҳисобга олинса, туристик манзиллар доираси янада кенгайиши мумкин.
Хуллас, экотуризмни ривожлантиришда вилоятимиз жуда катта табиий ресурсларга эга. Гап эса бундан самарали фойдаланиш, янги лойиҳаларни кўпайтириш, соҳага тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этишда. Биламизки, 2013 йил 1 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2013-2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур дастурда икки йил ичида вилоятда туризмни ривожлантириш борасида қатор лойиҳалар, жумладан, Самарқанд-Шаҳрисабз автомагистралида оромгоҳлар, қишлоқ туризми объектлари, ҳунармандчилик устахоналаридан иборат сайёҳлик мажмуаларини қуриш, Мингчинор қишлоғида тоғ-чанғи базаси ва осма йўл барпо этиш, Ҳисор ва Китоб давлат геология қўриқхоналарига сайёҳларни таклиф қилишни ўрганиб чиқиш каби вазифалар ҳам белгиланган. Бу лойиҳаларнинг айримлари ҳали-ҳамон давом этаётган бўлса, баъзилари умуман қолиб кетди. Натижада ҳудуднинг бор туристик салоҳиятини намойиш этиш имконияти ҳам тўлиқ очилганича йўқ.
Ж.БОЙМУРОДОВ