Икки кун давом этадиган ушбу тадбирда мамлакатимиз туризм, сайёҳлик ва музей соҳасининг тажрибали мутахассислари, ёш туроператорлар, гидлар ҳамда талабалар иштирок этмоқда.
- Дастлабки кун иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда Шаҳрисабздаги тарихий қадамжоларга, шаҳарнинг диққатга сазовор масканларига саёҳатлар уюштиришди, - дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши бўлим мудири Аҳрор Содиқов. – Шунингдек, форум доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси ўртасида меморандум имзолаш маросими ташкил этилади. Шунингдек, ёшлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилиб, унда юртимизда ички туризмни ривожлантириш, бу борадаги имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш, соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган масалалар муҳокама этилиши режалаштирилган.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, мазкур форум Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини янада юксалтириш, туман ва шаҳарларининг туристик жозибадорлигини ошириш, жойлардаги тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ўзига хослиги, тарихий-маданий аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, мамлакатимизнинг тарихий жойларига, улуғ авлиё ва буюк аждодларимизнинг муқаддас зиёратгоҳларига ёшлар саёҳатларини уюштирган ҳолда уларда миллий анъана ва қадриятларга ҳурмат руҳини кучайтириш каби мақсадларни кўзда тутади.
Форум бугун ўз ишини якунлайди.
Ж.БОЙМУРОДОВ