Қурултой
Вилоятимизда давом этаётган "Ёшлар туризми" II қурултойи доирасидаги тадбир ва мулоқотлар унда қатнашаётган ўзбекистонлик ва чет эллик ёшларда ажойиб таассуротлар қолдирмоқда.
Мамлакат Президентининг "Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан Шаҳрисабз туманидаги "Лочин" болалар оромгоҳида иккинчи бор ўтказилаётган мазкур қурултойда республиканинг ҳар бир ҳудудидан юзлаб йигит ва қизлар ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркиядан келган 30 нафар ёш иштирок этмоқда. Улар учун туризм ва унга алоқадор соҳаларда бизнесни ташкил қилиш ва ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш бўйича давра суҳбатлари, китобхонлик кечалари, миллий ва этник спорт турлари бўйича мусобақалар ҳамда маданий-кўнгилочар тадбирлар уюштирилмоқда.
- Кеча кундузи туризм ва экология соҳасидаги волонтёрликка бағишланган тренингда фаол қатнашиб, шу мавзуларга оид билимларимизни анча бойитдик, - дейди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали талабаси Мерихон Утеханова. - Кечқурун эса қурултойдаги делегациямиз аъзолари билан биргаликда қорақалпоқ халқи маданияти ва урф-одатлари ҳақида кенг тасаввур уйғотадиган дастурни намойиш этдик. Шахсан мен шерикларим билан айтис, яъни йигит ва қизларнинг айтишувини кўрсатишда иштирок этдим. Миллий қўшиқ ва рақслар, бахши ва жировлар чиқишларидан иборат бундай дастурларни туристлар учун ҳам тез-тез кўрсатиб турамиз. Ўйлайманки, шу каби намойишлар сайёҳларни жалб қилиш баробарида уларда халқимиз маданиятига жиддий қизиқиш ҳам уйғотади.
- Бу қурултой биз - хорижда келган ёшларга бир жойда туриб бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон барча ҳудудларининг ўзига хослигини ҳис қилиш имконини бермоқда, - дея таъкидлайди Тошкентдаги Central Asian University (собиқ AKFA University) талабаси Фатиш Шехин (Туркия). - Айни пайтда ҳар бир вилоят вакиллари ўзларидаги меъморий обидалар, табиат масканлари ва бошқа диққатга сазовор жойлар ҳақида катта иштиёқ билан сўзлаб, жуда қизиқ тақдимотлар ҳам ўтказишаяптики, беихтиёр шу тобдаёқ бу жойларни бориб кўргинг келади.
- Туризм соҳасининг келажаги - ёшлар қўлида, - дея фикр билдиради тожикистонлик туризм соҳаси ёш мутахассиси Нозанин Ашурова. - шу нуқтаи назардан олганда, "Ёшлар туризми" қурултойида биз ўзбекистонлик тенгдошларимиз билан ўрнатган алоқалар мамлакатларимиз ўртасида ушбу жабҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратади. Шу билан бирга мен ўз олдимга қурултой иштирокчиларига ўзининг ўрта асрларга оид қалъаси ва масжидлари, Қайроққум сув омбори ва альпинистлар интиладиган Оқсув макони билан машҳур Хўжанд, тоғ, этнографик ва экологик туризм ривожланаётган Мўминобод ҳамда Хўжамўмин туз тоғи жойлашган Кўлоб ҳудуди ҳақида кенг маълумот беришни мақсад қилганман.
- Ўзбекистонлик сайёҳларни қизиқтириб қолиши мумкин бўлган юртимиздаги туристик объектлар ҳақида махсус видеоролик тайёрлаб келганмиз, - дейди Қозоғистондаги Туркистон халқаро туризм ва меҳмондўстлик университети талабаси Асемай Сарсенхан. - Ўз навбатида Ўзбекистондаги туристик салоҳиятга эга бўлган ҳудудлар ҳақида ҳам зарур, интернетда топиб бўлмайдиган маълумотларни тўплаб, уларнинг вакиллари билан ҳозирдан алоқалар ўрнатмоқчимиз. Чунки, ўйлашимча, Марказий Осиё мамлакатларида туризм ўзаро боғлиқ ҳолда ривожланса, бу соҳада тараққиётга тезроқ эришамиз.
"Ёшлар туризми" II қурултойининг расмий очилиш маросими куни кеча Шаҳрисабз шаҳридаги Амир Темур майдонида ўтказилган бўлса, чоршанба куни иштирокчилар туризм спартакиадаси мусобақасида ўзаро куч синашдилар. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси ёш туризм элчилари кенгаши раислигига номзодларнинг сайловолди тақдимоти ҳам ташкил этилди.
Бугун қурултой доирасида ҳудудий туризм волонтёрларининг ишлаш механизмларини шакллантириш бўйича амалий машғулотлар, Китоб туманидаги Ҳазрати Башир ота мақбарасига саёҳат ҳамда ёшларга ўрнак кўрсатадиган спортчилар ва мураббийлар ҳамда санъат ва маданият, илм-фан ва бизнес соҳаларининг намояндалари иштирокида учрашувлар, ёшлар билан таниқли театр ва кино ижодкорларининг ижодий мулоқотлари ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, қурултойнинг ёпилиш маросими ҳам бўлиб ўтади ва унда ёш туризм элчилари кенгаши раислигига сайлов ҳамда шу кунларда ўтказилган турли танловларнинг натижалари эълон қилинади. Қурултой ишига "Дўстлик кечаси" ва "Дўстлик гулхани" тадбирлари мантиқий якун ясайди. 11 август куни иштирокчилар ўз юртлари ва ҳудудларига қайтиб кетишади.
Ўз мухбиримиз