Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

15.11.2019


ТУРЛИ НИЗОЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШДА САМАРАЛИ ЕЧИМ

16 ноябрь - Халқаро бағрикенглик куни

"Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар".

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасидан.

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрдаги 28-сессиясида қабул қилинган Бағрикенглик тамойиллари декларацияси дунёда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигини кафолатлаш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш йўлида муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда. У қабул қилинган сана - 16 ноябрь Халқаро бағрикенглик куни сифатида нишонланади.

Қайд этиш лозим, бугун дунёда тинчлик, осойишталик, беғубор осмон, мунаввар кунлар қадри ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Эътиборлиси, бу жараёнда миллатлараро бағрикенглик алоҳида ўрин тутади. Мустақил Ўзбекистонда 16 та конфессияга мансуб 130 дан ортиқ миллат вакиллари аҳил-иноқликда умргузаронлик қилаётгани эса барчамизнинг бахтимиздир.

"Бағрикенглик" (толерантлик) сўзи деярли барча тилларда бир хил ёки бир-бирини тўлдирувчи мазмунга эга. Уларни умумлаштириб бардошлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, меҳрибонлик, ҳамдардлик каби маъноларга эга, дейиш мумкин.

Давлатимизнинг динга муносабати инсон ҳуқуқлари, эътиқод ва виждон эркинлиги тамойилларига асосланиб, бирор миллатни ёки диний эътиқодни камситишга йўл қўйилмайди. 

Қадимдан диёримизда буддавийлик, зардуштийлик, насронийлик, яҳудийлик, ислом динлари ёнма-ён яшаб келган, маданият марказлари ҳисобланган шаҳарларимизда масжид ва черковлар фаолият кўрсатган. Уларда турли миллат, элат ва динга мансуб халқлар, қавмлар ўз диний амалларини эмин-эркин адо этишган.

- Муқаддас Қуръони каримнинг 50 дан ортиқ сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар мўмин-қобиллик, тинчликпарварлик ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенгликка даъват этилган, - дейди Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти мудири Ўткир Ғузоров. - Диёримиздан етишиб чиққан алломаларнинг асарларида диний бағрикенглик билан боғлиқ қадриятларни тарғиб қилувчи ғоялар кенг ёритиб берилган. Буюк аллома, мотуридия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур ал-Мотуридийнинг асарларида баён этилган бағрикенглик ғоялари бунга мисол бўла олади. Жумладан, Мотуридий  Қуръони карим оятларининг тафсирига бағишланган, ислом оламида жуда кенг танилган "Таъвилот аҳл ас-сунна" асарининг "Ҳаж" сураси 40-оят тафсирида: "Черков ва синагогаларни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада аҳли илм орасида ихтилоф йўқдир",  деб қатъий таъкидлайди. Насафлик машҳур юртдошимиз, фақиҳ, муфассир Абул Баракот ан-Насафий ўзининг "Мадорик ат-танзил" асарида эса мазкур оятларни "Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга сўзда ва амалда яхшилик қилинг", деб шарҳлайди.

Мамлакатимиз том маънода диний бағрикенгликнинг тарихий меросхўри сифатида жаҳон ҳамжамиятида эътироф этилмоқда. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам диний  можаролар бўлмагани халқимиз бағрикенглик борасида катта тажриба тўплаганидан далолат беради.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида жаҳонда зўравонлик ва жаҳолатни тарғиб қилувчи мафкуравий "вирус" тарқалаётганидан ташвиш билдириб, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний  эркинликни таъминлашга йўналтирилган махсус резолюцияни қабул қилиш ташаббусини илгари сурган эди. 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеясида ана шу "Маърифат ва диний бағрикенглик" махсус резолюцияси халқаро ҳамжамиятга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланиб, катта мамнуният билан қабул қилинди.

Умуман олганда, юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётганлиги дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Дунёнинг турли бурчакларида ғоявий қарама-қаршиликлар авж олаётган, миллатлар ва динлар орасида турли низолар чиқариш орқали тартибсизликлар уюштирилаётган бир вақтда диний бағрикенглик бундай иллатларни бартараф этишда энг фойдали ва самарали ечимдир.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo