Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

25.04.2024


ТУШКУНЛИККА ТУШМАСЛИК УЧУН ҲАР НАРСАГА ЭЪТИБОР БЕРАВЕРМАСЛИК КЕРАК

 

Сараланган сатрлар

"Юлдуз майдони", "Айланма йўл хиёбонлари", "Қоронғи дўконлар кўчаси" каби романлари билан дунё адабиётида эътироф қозонган француз ёзувчиси Патрик Модиано асарлари сони 30 дан ортиқ ва дунёнинг 36 тилига таржима қилинган. "Тўй саёҳати" романида "Турфа тақдирларни тасвирлашдаги алоҳида маҳорати ва Иккинчи жаҳон уруши даврида француз жамияти ҳаётини ҳар томонлама очиб бергани учун" 2014 йилда адабиёт соҳасида Нобель мукофотига лойиқ кўрилган.

Швеция академияси доимий котиби Питер Ингланд унга "Замонамизнинг Марсель Прусти" деб таъриф берган. Биламизки, адабиётшунослар ХХ аср дунё адабиётини кўтариб турадиган устун сифатида ирланд адиби Жеймс Жойс, чехиялик Франц Кафка ҳамда француз ёзувчиси Марсель Прустни эътироф этишади. Патрик Модиано ана шундай устунларга қиёсланиши эса бежиз эмас.

Модиано "Айланма йўл хиёбонлари" романи учун 1972 йилда Франция академиясининг Гран-присига, 1978 йил "Қоронғи дўконлар кўчаси" романи эса Гонкур мукофотига сазовор бўлгани ҳам адиб ижодига турли йилларда берилган муносиб баҳо, дейиш мумкин.

Модиано асарларида Франция, Париж, оддий инсонлар ҳаёти ўзига хос услубда баён этилган. Ўқувчи эътиборини тортадиган дастлабки жиҳат ҳам шу: услуб. Равон, оддий ва илгари кўникилмаган, сирли, сеҳрли нимасидир бор ифода тарзи...

"Тўй саёҳати" романи воқеалари немис  босқинчиларининг Иккинчи жаҳон уруши давридаги шафқатсизликлари, оммавий қирғин сиёсати қурбони бўлган австриялик профессор Тейрсеннинг қизи Ингрид билан унинг халоскори, парижлик ўспирин Риго ўртасидаги самимий муҳаббат теварагида ривож олади.

Немислар ишғол қилган Париж, комендантлик соатидан кечга қолишдан қўрқаётган, доимий назоратдан, етишмовчилик ва мавҳумликдан силласи қуриган Ингрид тасодифан Риго билан кўришиб қолиши улар ҳаётида кескин бурилиш ясайди ва улар босқинчилар оёғи етмаган жойларга кетишади. Бироқ у ердаги ҳаёт ҳам осон кечмайди.

Романда, параллел равишда, ровийнинг тақдири ҳам ҳикоя қилинади. Янги мамлакатларни кашф этиш орзуси билан узоқ юртларга йўл олган ва бедарак кетган саёҳатчилар ҳақида ҳужжатли фильмлар суратга олиш билан шуғулланадиган ровий йиллар ўтиб, ўз фильмлари ўртамиёналигини тушуниб етади. У нафақат нотўғри касб танлаганидан, балки хотини ва атрофидагиларнинг хиёнатлари сабаб тушкунликка тушади ва жамиятдан четлашади. Риго ва Ингрид билан ўтказган бир неча кун унинг ҳаётида ҳам ўзгариш ясайди.

Муаллифнинг фикрича, фақат ўзи учун яшайдиган инсон дўстлик, муҳаббат каби туйғуларни, орзуларни бой беради, пировардида, ғариблик ҳамда тушкунлик домига тушади.

Қуйида ушбу асардан эътиборга молик лавҳаларни ҳавола этяпмиз. Ўйлаймизки, ўзига хос мазкур роман сизни бефарқ қолдирмайди.

*  *  *

Миландан олган таассуротимни ўйласам, хаёлимга шу заҳоти "Очиқ шаҳар" деган ибора келади. Назаримда шаҳар вақтинча дам олаётгандек, ҳаракат ҳам, шовқин-сурон ҳам қайта жонланадигандек эди.

*  *  *

Вафот этган ёки дараксиз кетган, деб тахмин қилинаётган неча-неча эркак ва аёллар Париж атрофидаги ана шу турар жойларда истиқомат қиладилар... Қиёфасида ўтмиш акс этган шундай кимсалардан икки-учтасини Дорэда учратгандим. Уларнинг узундан-узоқ ўтмиши ҳикояларга арзигулик, лекин бундай кимсалар умрининг охиригача сукут сақлайдилар, жамият уларни унутиб юборганига эса мутлақо бефарқ.

*  *  *

Кўзларимни осмонга, қарағайларнинг учига тикдим. Қулоғимга ҳовуз томондан келаётган товушлар, сувнинг шалоплаши чалинарди. Қарағай шохлари оралаб нур ва соялар рақси давом этар, мени ёқимли мудроқ боса бошлади. Ҳозир эсласам, назаримда ўшанда бахт деб аташ мумкин бўлган, ҳаётда кам учрайдиган тотли сокинлик онларини бошдан кечиргандек эдим.

*  *  *

Шундай лаҳзалар бўладики, одамлар билан бир оғиз ҳам гаплашолмай қоласан...

*  *  *

Таржимаи ҳол муаллифи айрим саҳифаларни ортиқча ҳисоблаб, йўқ қилиб юборишга ҳақлимикан? Балки уларнинг ҳеч бирини сараламай тергов пайтида ҳар бир унсур ҳисобга олингандек бир ипга терган маъқулдир?

Ҳаёт йўли ниҳоясига етгач, умр бефойда, кераксиз саҳифалардан ўз-ўзидан халос бўлар, эҳтимол.

*  *  *

Тушкунликка тушмаслик учун ҳар нарсага эътибор беравермаслик керак. Бекорчиликда ўтаётган кунлар кишида доимий кузатув остида яшаётгандек таассурот уйғотади. Мияни ўй-фикрлардан холи қилиш зарур.

*  *  *

Ҳали узоқ яшайман, деган хаёлда келажакка енгил қарайдиган одамлар орасида кечган маъюс, лекин ҳарқалай бошпана остидаги болалик.

*  *  *

Пешин пайтидаги қишлоқдагидек сукунатда, мактаб ҳовлисидаги қайрағоч тагида ўтирган одамга уруш ҳақиқатдан йироқ туюлмайдими?

*  *  *

Риго бир вақтлар кўзига адашиб, қаср йўлини тополмай қолишдан қўрқар даражада каттакон ўрмон каби кўринган, эндиликда кичкина бўлиб қолган боғ оралаб, ёнида Ингрид билан ўтиб борарди.

Вилланинг эсида қолган Вальтер Скотт романларидаги қасрга қараганда анча кичик эканидан Риго ҳайрон бўлди.

Ҳаммаси болалик хотиралари экан.

*  *  *

Ҳа, уруш албатта тугайди. Ахир шу алфозда давом этиши мумкин эмас. Ҳаммаси яна тартибга тушади. Бу табиат қонуни. Лекин ўша кун келгунига қадар тирик қолиш зарур. Иложи борича камтар бўлиш, эътиборни тортмаслик керак.

*  *  *

Ўспиринлигимда мени сеҳрлаб қўйган саёҳатчиларнинг хотиралари ичида бир инглизнинг саёҳатномаси ёдимга тушди: у саҳро кезиб юрганида чалғитган сароб қурбони бўлганини ҳикоя қилган. Китоб муқовасидаги суратда ўша инглиз саҳродаги воҳа болалари қуршовида, бадавий кийимида тасвирланганди. Кулгим қистади. Султ хиёбонидаги скамейкада ўтириб, ўша тажрибани бошингиздан ўтказиш мумкин бўлгани ҳолда, шунчалар узоққа бориб юриш шартмиди?

*  *  *

Кўпинча кимдир сизга айтган жойлар, воқеалар тўғрисида хаёл сурасиз, лекин уларнинг ёнига бошқа нарсалар ҳам қўшилиб қолади.

*  *  *

Тоза ҳаводан нафас олиш учун йўлкага курси қўйиб ўтириладиган бу каби гўзал оқшомлар ҳали давом этади.

*  *  *

Баъзан кимдир сизга тикилиб, диққат билан назар солади ва шунда нафақат бошингиздан ўтган воқеаларни, балки ҳаёт оқими деб аталадиган ва узилиб кетай-кетай деб турган кўринмас ипга тизилган, эндиликда унут бўлаёзган баъзи тафсилотларни ҳам ўша одамга ҳеч бир сабабсиз айтиб бериш истаги туғилади.

*  *  *

Мен бир замонлардагидек қизиққанимдан ёки кашфиётчилик қилиш истагида эмас, қочиш учун саёҳатга чиқадиган бўлиб қолгандим.

*  *  *

Ҳа, биз бир даҳада бемақсад айланиб юришимиз ва йиллар ўтибгина учрашиб қолишимиз мумкин.

*  *  *

Унинг квартирасида ана шундай... сукунат ичида ёлғиз ўтиришини тасаввур қилдим. Ўша пайтларда бундай сукунат менга таниш эмасди, ҳозир эса жимжитлик билан қадрдон бўлиб кетганмиз.

*  *  *

Қатор териб қўйилган китобларни, сутранг шиша қалпоқли лампани, шойи пардалар, дераза ёнидаги Людовик XV замонидан қолган ёзув столини томоша қилиб ётиш, баданинг тегиб турган чойшабнинг хушбўй ҳидини, жун ёпинчиқнинг енгиллигини ҳис қилиш нақадар хотиржамлик бағишлайди...

*  *  *

- Ҳали жўнаб кета оладиган ёшдасиз. Бу сизнинг омадингиз...

Бу гаплар шунчаки оғзимдан чиқиб кетди. Бир жойда гир тентираб юриш ўрнига мен ҳам жон деб жўнаб кетган бўлардим. Кўпинча бир хил туш кўраман: кўприк устидаман, сув чанғиларини оёғимга илганман, қўлим арқоннинг темир ҳалқасини маҳкам тутганча моторли қайиқнинг қўзғалиб, мени катта тезликда сув устидан олиб ўтишини кутяпман. Лекин қайиқ қўзғалмаяпти.

*  *  *

Оқшомларнинг бирида у ҳам ушбу даҳага қайтиб келган ва биринчи маротаба ёлғизлик деб аталадиган ҳиссиётни бошидан ўтказганди.

Шарт-шароит ва муҳитдан қатъи назар, кунларнинг бирида ёлғизлик ва надоматлар тўлқини устимизга ёпирилади. Кейин у чекинади ва ғойиб бўлади. Лекин куч тўплаб, у яна қайтади ва бу сафар Ингрид ундан халос бўлишнинг уддасидан чиқа олмаганди.

Бу иш менинг ҳам қўлимдан келмаган бўларди.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

 

Report typo