Қадимдан ота-боболаримиз ушбу маҳсулотдан тўйимли таом, қолаверса, кўпгина хасталикларни бартараф қилувчи шифобахш озиқ модда сифатида фойдаланиб келишган.
Табобат илми султони Абу Али ибн Сино ҳам ўзининг "Тиб қонунлари" китобида туя сутининг шифобахшлиги хусусида ёзиб қолдирган.
Туя сутида минерал моддалардан кальций, фосфор, темир, рух, мис, марганец, натрий ва бошқалар, витаминлардан С, А, В гуруҳи сероб бўлади. Ундаги натрий элементи сутга бирмунча ширин-нордон таъм беради. Туя сутидаги темир миқдори сигир сутидагига нисбатан 10 марта, витамин С эса 3 марта кўп. Туя сутининг энергетик қиймати сигирникидан бироз кам бўлса-да, унда учрайдиган тез ҳазм бўлувчи политўйинмаган ёғлар ҳамда антимикроб хусусиятли элементлар инсон организми учун жуда фойдали.
Туя сутининг таркиби ва шифобахшлиги у истеъмол қиладиган озуқа турига ҳам боғлиқ. Энг шифоли сут туялар асосан янтоқ еб юрганда соғиб олингани ҳисобланар экан. Янтоқ сувсиз чўлларда ҳам ўсиб, озуқа қиймати жиҳатидан сомон ва шунга ўхшаш қуруқ ҳашаклардан анча устун туради, таркибида кўп элементлар, табиий углеводлар, биологик фаол моддалар сақлайди. Унинг гулидан шифобахш дорилар тайёрланади. Айниқса, куз тушиши билан янтоқ танасида ҳосил бўладиган шакар (янтоқ шакар) ўта шифобахш ҳисобланиб, унинг барча хусусиятлари ҳали охиригача ўрганилмаган.
Бундан ташқари, туя сутида бошқа ҳайвонларда учрамайдиган инсулинга ўхшаш оқсиллар бўлиб, бу ҳол қандли диабетни даволашда асқатади, ундан доим тамадди қилиб турган беморлар қонида шакар миқдори кўпайиб кетмаслигининг сабаби ҳам шунда.
Сутдаги махсус иммуноглобулинлар эса организмга тушган бегона антителаларни тез орада йўқотади. Кўпгина араб мамлакатларида туя сути сут эмадиган болаларнинг севимли озуқаси. Чунки у кўпгина жиҳатлари билан кўкрак сутига ўхшаш бўлиб, антибактериал ва вирусларга қарши курашувчи ноёб суюқлик ҳисобланади.
Айрим кишилар сигир сутини ича олмайди, уларда сут шакари лактозани парчалайдиган фермент-лактаза жуда нофаол ёки умуман бўлмайди. Мана шундай кишилар ҳам туя сутини бемалол ичишлари мумкин, чунки унинг таркибида лактоза анча кам бўлади. Яна қандли диабетни даволашда шу нарса диққатга сазоворки, қонда шакарнинг кўпайиб кетмаслигини меъда ости безидан ишлаб чиқариладиган инсулин гормони таъминлаб туради. Бу гормон эса кислотали муҳитда тез парчаланиб ўз кучини йўқотади, лекин туя сутида бўладиган инсулинга ўхшаш оқсиллар меъдадан ўзгаришсиз ичакларга ўтиб (чунки бундай кислотали муҳитга у чидамли бўлади) шакар миқдори ошиб кетмаслигини таъминлайди.
Туя сути ичаклардаги фойдали микробларни кўпайтирувчи пробиотик ҳам ҳисобланади. Шунинг учун азалдан уни истеъмол қилувчиларда ошқозон-ичак хасталиклари тезда бартараф бўлган. Ҳозир ушбу ноёб табиий неъмат хусусиятлари тадқиқотчилар томонидан кенг кўламда ўрганилмоқда. Аниқланишича, туя сути танадаги ёмон холестеринларни камайтириб, юрак-қон томир хасталикларини даволашда, хусусан, қон босимини пасайтиришда муҳим ўрин тутар экан. Яна унда шундай хусусият борки, турли стресс ҳолатларида кишидаги хавотирланиш, безовталик, қўрқув, тоқатсизланишнинг олдини олишда асқатади.
Туя сутидан бир қанча таомлар, ичимликлар тайёрлаш мумкин. Уларнинг ҳар бири ўзига хос маза ва таъмга, шифобахшликка эга бўлади.
Мисол учун, вилоятимизнинг Косон туманида Айрончи деган қишлоқ бўлиб, ўтмишда унинг ўтроқ аҳолиси асосан туя сутидан айрон тайёрлаш билан шуғулланган. Айрон деганда сут бироз қайта ишлангач, ачитилиб олинган нордон таъмли ичимлик тушунилади.
Айтишларича, ушбу маҳсулот халқ орасида жазирама кунлари иссиқ уришидан, чанқоқни қондириш ва кайфиятни кўтаришда ҳамда ошқозон-ичак касалликларини даволашда донғи кетган ичимлик ҳисобланган. Ҳатто Бухоро амирлиги даврида жазирама вақтлари ҳам карвон билан юрувчи савдогарлар мана шу қишлоққа айнан айрон ичиш учун келишгани ҳақидаги маълумотлар тарихий манбаларда келтирилган. Бошқа давлатларда ҳам туя сутидан ҳар хил маҳсулотлар тайёрланади. Масалан, кўчманчи чорвадорлар кўпинча туя сутидан қимиз тайёрлашади. Бунинг учун улар теридан тайёрланган мешга қатиққа ўхшаш озгина ачитқи солишади. Сўнгра янги соғилган туя сутини меш ичидаги ачитқига аралаштиришади. Бир кеча-кундуздан кейин мешни яхшилаб чайқатишади. Қарабсизки, от сутидан тайёрланган қимизга нисбатан 8 фоиз ёғлироқ, сал шўр таъмли, қуюқ ичимлик тайёр бўлади.
Туя сутидан тайёрланган қатиқ - шубат дейилади. Шубат сил, ўн икки бармоқли ичак ярасида шифобахшдир. Табибларнинг тавсиясига кўра, ич кетишида ҳам туя сутидан тайёрланган қатиқ даво бўлар экан. Бундан ташқари, туя сути қонни янгилайди.
Туя сутини истеъмол қилган даврда бемор аччиқ, шўр, дудланган ва турли консерва маҳсулотлари, шунингдек, спиртли ичимликларни ичиш, сигарет чекишдан тийилиши керак. Чунки парҳез тутиш туя сутининг шифобахш таъсирини оширади.
Шониёз ҚУРБОНОВ, биология фанлари доктори, профессор
Гулноза БУРАНОВА, физиолог