Шуниси аниқки, мавжуд эҳтиёжни фақат қорамолчилик ва қўйчилик сингари тармоқлар салоҳияти билан самарали қоплаб бўлмайди. Харидорда доим танлаш имконияти бўлиши керак. Бу жиҳат эса истеъмол бозорига парҳез гўшт етказиб бериш имконига эга паррандачилик, қуёнчилик ва балиқчилик тармоқлари ривожини таъминлаяпти.
Косон туманидаги "Хушнудбек Поёнбек" масъулияти чекланган жамияти ҳам 2-3 йилдирки, аҳоли дастурхонига товуқ ва қуён гўшти тақдим этиб келаяпти. Корхона бир ойда 3-4 тоннагача парҳезбоп маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
- 7-8 йилча аввал бизнесимизни савдо соҳасида бошлаган бўлсак, бугун паррандачилик йўналишида ҳам унумли фаолият кўрсатаяпмиз, - дейди корхона раҳбари Шуҳрат Яҳёев. - Бир мартада 4000 бош бройлер товуғини парваришлаймиз. Гўшт беришда маҳсулдор саналган ушбу жониворларни боқиш учун махсус бино барпо этганмиз. Ўтган даврда парҳез гўштни нафақат хом, балки пиширилган ҳолида ҳам реализация қилдик. Бундан ташқари, саноат усулида тухум йўналишидаги 1000 бошдан ошиқ товуқ етиштиришни ҳам ташкил қилганмиз. Маҳсулот олиш ҳажми шунга яраша. Қуёнчиликда ҳам яхши тажриба тўпладик. Бу жонивор гўштига бозорда талаб катта. Бир мартада 300 бошгача қуён боқиб, сотаётганимиз бунга мисол. Эндиликда ҳар бири 10 килограммга етадиган Фландр зотли қуён парваришини бошлаймиз.
Тадбиркорнинг айтишича, корхонада янги тармоқлар учун қўшимча шароитлар яратишга ҳам киришилган. Наслли куркачиликни йўлга қўйиш, туяқуш боқиш қувватини ишга тушириш, шу мақсадда 100 бошдан парранда олиб келиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ҳар бири 40 килограммгача вазн қилувчи зотдор курка парвариши тадбиркорлик субъектининг гўшт етиштириш борасидаги имкониятини янада яхшилайди. Ишбилармон балиқчиликка ҳам истиқболли соҳа сифатида қараяпти. Сунъий ҳавза барпо этиб, иқлим-шароитимизга чидамли Африка лаққасини боқиш кўзда тутилган. Бу ташаббуслар амалга ошса, корхонада фойдали меҳнат билан банд бўлган кишилар сони икки баробар кўпаяди.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Суратлар муаллифи Собир НАРЗИЕВ.