Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бўстон РАҲМОНОВА

24.11.2018


У ҲАЁТНИ ЯХШИ КЎРАРДИ

Шукур Холмирзаев биз майда-чуйда деб билган нарсалардан ҳам гўзаллик топарди ва кўнгли яйраб кетарди: "Бир маҳал денг, бир-бирини қувлаб иккита оппоқ капалак келди. Шундоғ оёғим остида энишди. Қийғос гуллаган зиралар устида пилдираб уча бошлашди. Вой, шундай чиройли, шундай чиройли". ("Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди" ҳикоясидан).

Адиб воқеаларни оддий кузатувчи сифатида тасвирламайди, балки иштирокчига айланади. Шу асносда ҳар бир тасвирга, манзараларга, қаҳрамонлар сиймосига қалбини, бутун борлиғини бахш этди. Шу учун ҳам асарларини китобхонлар қўлидан қўйгиси келмайди. Такрор-такрор ўқийверади, ўқийверади, асло тўймайди.

"...зим-зиё туннинг ҳам ўзига хос гўзаллиги бўлади-да. Юлдузлар яқин, бойқуш сайрайди, ҳар қадамингда жир деган тун қуши учиб ўтади. Эшаккина бепарво. Ой чиққан маҳалларда арчазорлар негадир тинч бўлади. Улкан-улкан арчалар сояга ўхшаб туради. Эшакнинг туёқ товуши йироқ-йироқлардан баайни акс-садо беради..."

Нақадар гўзал, нақадар таниш манзаралар. Худди шундай қоронғи кечада сиз ҳам юргансиз, шундай товушларни эшитгансиз.

Ёзувчи асарлари қадриятларимиз, урф-одатларимиз, қон-қонимизга сингиб кетган миллий руҳ билан суғорилган. Ҳаммаси қадрли, юракка яқин: "...Уйчанинг олдида эса биласизми нима, ўрмак...  ўрмак тикилган. Бир аёл катта тароқ билан гурсиллатиб уриб, калавани қатимлар орасидан, у ёқ-бу ёққа отиб шолча тўқияпти".

Ёш китобхонларга бағишлаб ёзилган "Учинчи ҳамроҳ", "Қуш тили", "Тўп ўйини", "Қорбобо келади", "Кўкбой", "Олма емадим", "Зов остида адашув" ҳикоялари ажойиб сўзлар билан чизилган гўзал суратга ўхшайди. Улар киши руҳини, қалбини асир қилиб олади. Сурхон шевасида гапираётган қаҳрамон ёнингизда ўтиргандек, унинг нафас олишларини эшитаётгандек бўласиз ва табиийликдан ҳайратга тушасиз.

"... - Берман ке, улим, берман ке! - деди отам. Бундай вақтда боришим керак. Энам ҳам елкамга қоқди. Отам ёнига ўтқазиб: - Шер улим - деди". (Ўзбекнинг соддаси" ҳикоясидан).

Мана шу қисқа парчадан ҳикоя қаҳрамонларининг кайфияти яхшилигини, воқеалар яхшилик томон бораётганини сезиш мумкин.

"Олма емадим" ҳикояси ҳалоллик ҳақида. Юмуш билан эшак миниб келаётган бир гуруҳ болалар йўлларида учраган боғдан олма ўғирламоқчи бўлади. Қаҳрамонимиз ўғирлик қилишдан бош тортади. Яқин дўсти Мўмин исмли бола олиб чиққан олмасидан тутади: "У хуржунини эшагига ортар экан, бир палласини очди: - Ол, пахтасб.

- Емайман, бу ўғирлик, - дедим. Пахтасб - олманинг бир тури - кичкина, сарғиш бўлади. Лекин жуда мазали".

Аммо ҳаво ниҳоятда иссиқлиги туфайли қаҳрамонимиз чанқаб қолади ва ҳамроҳи узатган олмани тишлаётган пайтида болалар кўриб қолиб, унинг устидан кулади. У эса олмани емай туфлаб ташлайди.

"... - Қандай бўларкан? - деди Ҳабибулло.

- Емайман, емайман! - дедим.

- Кўрдик, емаганингизни.

 - Емадим.

- Ҳа, ҳа ўғирликни единг-ку?

Мен қулоқ солмадим. Эшагимни ҳайдаб кетдим. Довонга чиқиб олдим, энди алам қилди. Нега чидамадим. Ҳеч кимдан сўрамай олинган олмани оғзимга солдим. Чидаш мумкин экан-ку? Демак, киши тўғри яшай олади..."

"Зов остида адашув" ҳикояси қаҳрамони - 6-7 ёшлардаги бола тоғ ўрмонида адашиб бир кеча ёлғиз қолиб кетади. Бола ақл билан иш тутиб хатарларни енгади. "... бир тўда ёввойи чўчқаларга дуч келдим, четда турган кичикроқ бир чўчқа "ҳуқ" этиб овоз чиқарди-да, сузмоқчи бўлган новвосдек бошини эгиб олиб менга югурди. Мен ҳангу манг бўлиб қолдим ва жон ҳолатда ёнбошимдаги харсангга тирмашдим... Чўчқа харсангга чиқа олмади, у тўғрига юрадиган ҳайвон. Унга тўғри келган кишининг ҳолига вой, оппоқ тишлари билан ёриб ташлайди".

Ҳикоя қаҳрамони даҳшатли жойдан омон-эсон чиқиб шундай хулосага келади: "Агар илгарироқ табиат сирларига қизиқмаган, ҳайвонлар, атрофимизни ўраб турган шароит ҳақида ҳеч нарса билмаганимда, ким билади, мен у ердан қандай қилиб чиқолардим? Ҳар ҳолда қизиқувчанлик бўлгани яхши экан, дўстлар!"

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев асарлари ўзи айтганидек ҳаётга бўлган улкан муҳаббат ҳосилаларидир. Ҳаётни севган одам, инсонларга бефарқ бўлмайди, уларни ҳам севади, ҳеч кимга ёмонликни, ноҳақликни раво кўрмайди.

Бўстон РАҲМОНОВА

Report typo