Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Муҳаббат ШАРАПОВА

19.12.2017


У ХАЛҚИНИ, ХАЛҚИ УНИ АРДОҚЛАРДИ

- Қандай инсонни ўзимизга бош қилиб сайласак тўғри бўлади? - сўрашибди улар. Шунда донишмандлар "Танланган уч нафар номзодга ниятларингизни сездирмай, олдимизга жўнатинг", дейишибди. Номзодлар навбат билан кела бошлабди ва донишмандлар уларнинг биринчисига бир манзилни бериб:

- Шу хонадонда сил хасталиги билан оғриган бемор бор. Ўша кишидан бир хабар олиб қўйинг, - дейишибди. Биринчи номзод беморнинг қандай хасталик билан оғриганини эшитгач, хонадонга яқин ҳам бормасдан табиб жўнатибди ва донишмандларга:

- Менинг тиббиётдан хабарим йўқ. Керакли одамни жўнатдим, унинг ўзи беморни оёққа турғизишга ёрдам беради, - дебди.

Донишмандлар иккинчи номзодга ҳам шу манзилни беришибди. У вазиятни англагач, табибга қўшиб дори-дармонларни ҳам йўллабди.

Учинчи номзод эса беморнинг олдига бориб, то у оёққа тургунча табиб билан баравар жон куйдирибди. Яхши сўзлар гапирибди, далда берибди, соғайиб кетишига ишонч уйғотибди. Донишмандлар:

- Фуқаролари мушкул аҳволда қолганда, унинг ёнида турадиган, майдонни ташлаб қочмайдиган одамгина юртга бош бўлишга лойиқ, - дея учинчи номзодни раҳбарликка тавсия қилишган экан.

Бу - бир ривоят. Лекин унинг моҳиятидаги фикр - ҳақиқат.

Шуни мамнунлик билан айтиш мумкинки, мамлакатимизнинг Биринчи   Президенти Ислом Каримовда ана шундай халқпарварлик, элпарварлик фазилатлари мужассам эди. У қийин, ниҳоятда қалтис вазиятда давлат раҳбарлигига келди. Чунки қарийб 150 йил империя таркибида бўлган, бировнинг изну ихтиёри билан яшаш ва ишлашга ўрганиб қолган халқни, қатағонлардан юрагини олдириб қўйган элни озод яшашга ўргатиш, уларни боқимандалик кайфиятидан халос этиш, инсон сифатидаги шаъни, ғурурини тиклаш осон иш эмасди. Аслида инсон бир кунда элпарвар бўлиб қолмайди. Халққа, юртга меҳр у кишининг зуваласида бор эди.

Ислом Каримов 1986-1989 йилларда Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби сифатида  фаолият олиб борди. Мен бу йилларда Қашқадарё аҳли: "Вилоятимизнинг бошига Ҳумо қуши қўнди", дея суюнганларини яхши эслайман. Чунки Ислом Каримов ишни халқнинг яшаш шароитини яхшилашдан бошлаганди. Ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, дарахтлар экиш, ариқ қазиш, ҳовлиларни оқлаб-кўклаш ишларига вилоятимиз раҳбари катта аҳамият берган. Ободончилик, чиройли шароитларда яшаш одамларнинг кайфиятини кўтариб, меҳнатга, ишлашга иштиёқ уйғотарди. Биргина вилоят марказида "Буюм бозори" ишга тушган, "Мебеллар уйи", "Болалар дунёси" каби кенг қамровли савдо марказлари айни ўша даврда барпо қилинганди. Аҳоли руҳиятида ўзгача бир жонланиш бошланганди.

Узоқ йиллар олганда ботмонлаб олиб, берарга келганида ҳовучлаб берган империя омборларимизу хазиналаримизни бўшатиб кетган эди. Истиқлолнинг илк кунларида дўконларимизда оддий макарон, ҳатто болаларга печенье топиш амримаҳол бўлганини оғриқ билан эслайман. Одамларда саросима, "қаҳатчилик бошланар эмиш", деган қўрқув. Кимлардир буханка нонларни кесиб, қоқнон қила бошлаган... Ана шундай вазиятдан халқимизни тўқлик, фаровонликка, ёруғ, нурафшон кунларга олиб чиқишга Ислом Каримов бошчилик қилганди.

Ислом Каримов ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларига баравар аҳамият қаратарди. Ўқитувчиларнинг йилда бир марта ўтказиладиган Август кенгашларида шахсан ўзи иштирок этар, маъруза қилар, ўқитувчиларга:

- Сизлар болаларимизга иккинчи ота-она, шунчаки ота-она эмас, билимли, ўқиган ота-онасизлар, - деган таърифларни айтиб, уларни яхши ўқитиш, яхши тарбия беришга илҳомлантирарди.

Ўз соҳамдаги ўзгаришларни яхши билганим учун кўпроқ Ислом Абдуғаниевичнинг маърифат билан боғлиқ эзгу хизматларига тўхталгим келади. "Таълимга эътибор - келажакка эътибор" деган ҳеч қачон эскирмайдиган шиор ҳам юртимизда Биринчи Президентимиз қўллаб-қувватлаши билан оммалашиб кетди. Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури асосида ёш авлодни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан тарбиялаш учун кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Болаларни ўқитиш сифати яхшиланиши, уларда спортга иштиёқ ортгани бугун мамлакатимиз ёшларининг халқаро фан олимпиадаларида, спорт, санъат соҳасида эришаётган ютуқларида намоён бўлмоқда. Ҳеч қачон чемпионлик, лауреатлик, гран-при соҳиблари бўлиш бу қадар яшариб кетмаган. Ўйлайманки, Биринчи Президентимизнинг ёшларга бўлган меҳри, "Сизлар менинг фарзандимсизлар, ҳаммангизни бағримга босаман", деган самимий изҳорлари ёшларимизни ғолиблик шоҳсупасига етаклади.

У киши аёл, она мақомида хотин-қизларни жуда ҳурмат қилар эди. Ахир, юрт отаси аёлларнинг хушсуврат бўлиб юришларигача ўйласа, "Ҳар шаҳар, қишлоқда гўзаллик салонлари очилса, йигитларимиз "Икки соатдан кейин келиб олиб кетаман", деб аёлларини шу салонларда қолдириб кетса, бу ҳам оилани мустаҳкамлашнинг бир йўли эмасми?" деган гаплари қулоқларимиз остида жаранглаб туради.

Биз Ислом Каримов раҳбарлигида кўпчилик юртларнинг ҳаловатини бузган фуқаролар урушларини четлаб ўтдик, ерли, мулкли бўлдик, тадбиркор сифатида ўзимизни боқишга қурбли бўлиб, боқимандалик кайфиятидан халос бўла бордик. Ислом Абдуғаниевич мустақил давлатимизнинг мустаҳкам пойдеворини қуришдек машаққатли вазифани бажаришда халқимизга сардор ва сарбон бўлди.

1999 йилда у киши Қашқадарёга сайловолди учрашувга келганида, ўқиган шеърим шундай якунланар эди:

...Мукаммаллик бўлмайди ортиқ,

Омон бўлсин олтин бошингиз.

Шу раҳбарлик тахтида Сизнинг

Нишонлансин асрий ёшингиз...

Афсус, истак, тилак бошқа, ҳаёт, бандалик бошқа экан. Юртбошимизнинг бевақт ўлими ҳаммамиз учун оғир жудолик бўлди. Лекин у киши бизни меҳнатга ўргатгандек, матонатга ҳам ўргатган экан. Бу айрилиқни бардош билан енгдик. Юртимизнинг амалдаги Президенти Шавкат Мирзиёев устозининг йўлини давом эттириб, хотирасини эъзозлаб, асл ўзбекона бир удумни улуғлаб, халқимиз меҳрини қозонди. Мамлакатимиз раҳбарининг халққа меҳру муҳаббатини кўриб, "меҳр ҳам мерос бўлиб ўтаркан", деймиз.

Менга берилган энг олий мукофот - Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига Ислом Каримов имзо чеккан, унвонни у кишига ҳар жиҳатдан муносиб шогирд Шавкат Мирзиёев қўлларидан олдим. Мен мактабни, ўқиш-ўқитиш меҳнатини қаҳрамонлик даражасига кўтарган ҳар икки Президентимиздан миннатдорман.

Меҳрдан кўкарар ва гуллар одам,

Меҳрдан юксалиб боради халқ ҳам.

Жойингиз фирдавси аълода бу дам,

Элини севганни суяди Ҳақ ҳам.

Муҳаббат ШАРАПОВА, Ўзбекистон Қаҳрамони

Report typo