Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

10.01.2017


У МАЗМУНЛИ БЎЛСА, ЎҚУВ ЖАРАЁНИ САМАРАЛИ КЕЧАДИ

Таътилнинг сўнгги кунларида вилоят “Баркамол авлод” болалар марказида бўлдим. Марказ ходимларининг маълум қилишларича, бу ерда ўқувчиларнинг қишки таътилини мазмунли, самарали, энг муҳими, кўтаринки кайфиятда ўтказишларига кўмаклашиш мақсадида белгиланган режа асосида иш олиб борилаётган экан.

- Ҳар йилгидек қишки таътил кунларида вилоятимизнинг шаҳар ва туманларидаги  “Баркамол авлод” болалар марказлари ўқувчилар билан гавжум бўлди, - дейди вилоят “Баркамол авлод” болалар маркази директори Муҳайё Мейлиева. - Улар турли тўгаракларда қатнашиш билан бирга ўқувчилар учун ташкил этилган бир қатор спорт мусобақалари, кўргазмалар ҳамда танловларда ҳам фаол иштирок этишди. Марказимизда 378 нафар, туманлардаги “Баркамол авлод” болалар марказлари аъзолари билан қўшиб ҳисоблаганда эса 7007 нафар ўқувчи тўртта йўналиш – бадиий ижод, ўлкашунослик ва экология, чет тили ҳамда техник ижодкорлик бўйича ўз қизиқишидан келиб чиққан ҳолда қамраб олинган. Таътил кунларида болалар ўртасида турли танлов, мусобақа, байрам дастурлари ташкил этдик. Шу билан бирга, Оқсарой, Одина мажмуаси каби диққатга сазовор жойларга сайру саёҳатлар уюштирдик.

 Марказларда ўтказилган “Ёш рассомлар кўргазмаси”, “Тил билган эл билар”, “Алқ чархи”, “Зумрад қишнинг зийнати”, “Мароқлидир қишки таътилим”, “Энг ёш ихтирочи”, “Доира зарби наволари”, “Юлдузчалармиз”, “Инглиз тилини ўрганамиз”, “Ёш пазанда қиз” каби бир қатор кўзгазмалар, мусиқий кечалар, танловлар, спорт мусобақаларида ўғил-қизлар айниқса ўзгача завқ билан иштирок этишди. Буни болалар билан бўлган суҳбатларда уларнинг ўзлари айтиб берди.

Қарши шаҳридаги 8-мактаб ўқувчиси Шалола Эшдавлатованинг айтишича, у таътилда ўзи қизиққан ҳунар – кулолчилик билан шуғулланган. Вилоят “Баркамол авлод” болалар марказида ташкил қилинган кулолчилик тўгарагига у анчадан бери қатнайди. Мазкур йўналишдаги танловда ҳам фаол иштирок этди.

- Мен бу танловда иштирок этиб, дўстлар орттирдим, ижодий маҳоратимни янада оширдим, - дейди у. - Энг муҳими, қишки таътилимни мазмунли ўтказдим. Эндиги мақсадим янги куч ва ғайрат-шижоат билан мактабда барча фанларни ўзлаштириб бориш ва аъло баҳоларга ўқишдир.

Марказ ходимлари томонидан маҳаллаларда фахрийлар, турли касб эгалари билан давра суҳбатлари, Ўзбекистон Қаҳрамони ва Халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб шеърият кечалари ташкил этилгани диққатга сазовор. Ўз навбатида, ушбу тадбирлар болаларда бой таассурот қолдириб, уларнинг ҳаёт ҳақидаги тасаввурларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Табиийки, шаҳар ва туманлардаги барча ўғил-қизларни ҳам бундай марказларга қамраб олиш имконсиз. Айрим ўқувчилар таътилни уйда, момо-бувалари, яқин қариндошлариникида ҳам ўтказишлари сир эмас. Муҳими боланинг вақти бекор ўтмаслиги, таътилнинг мазмунли кечишини таъминлашда. Бу эса ота-онага ҳам боғлиқ. Қарши шаҳридаги 34-мактаб ўқитувчиси Дилбар Абдуллаева фарзандлари Ҳумоюн ва Акбарни таътилнинг 5 кунини Яккабоғ туманида яшовчи момо-бувасининг ёнида ўтказишига рухсат берган.

- Бу ҳақида турмуш ўртоғим ва болалар билан анча олдин маслаҳатлашган эдик, - дейди у. – Чораклик баҳоларининг ҳамма фанлардан “аъло” бўлишини ўғилларимнинг олдига шарт қилиб қўйдик. Бу эса уларнинг тиришиб ўқишларига туртки бўлди. Катта ўғлим шеър машқ қилади, ўзим она тили ва адабиёт фанидан дарс берганим учун унга қишлоқдаги таассуротларини иншо шаклида ёзиб келишини тайинлагандим. Ёзган иншосини ўқиб, таътил давомида момоси ва бувасидан анча нарсаларни ўрганиб олганини сездим. Нонни увол қилмаслик, дастурхон бошида одоб қоидаларига риоя қилиш, ўзидан каттадан аввал таомга қўл узатмаслик ҳақида қизиқарли ҳикоятларни ёзганидан хурсанд бўлдим.

Қарши шаҳридаги 44-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Дунёбегим Тўқбоеванинг айтишича, қишки таътил давомида у фан олимпиадасининг шаҳар босқичида қатнашиш учун тайёргарлик кўрган.

- Бу йил иқтисод фанидан ўтказилган фан олимпиадасининг мактаб босқичида ғолиб бўлдим ва кейинги босқичга ўтдим, - дейди у. – Ўқитувчим билан биргаликда қўшимча китобларни ўқиб, билимларимни  мустаҳкамлашга ҳаракат қилдим. Фан олимпиадасининг шаҳар босқичида қатнашдим. Айни кунларда унинг натижаларини сабрсизлик билан кутаяпман.

Хуллас, вилоят “Баркамол авлод” болалар марказининг таътил давридаги фаолиятини кузатиш, ота-оналар ва ўқувчилар билан суҳбатлашиш асносида амин бўлдимки, қишки таътилни кўпчилик ўғил-қизлар мазмунли ўтказишибди. Бу эса энди бошланажак ўқув жараёнида ўз самарасини кўрсатади, албатта.

Азизбек НОРОВ

Report typo