Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан келиб чиқадиган долзарб вазифалар, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, акциз солиғи ставкаларига киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 19 ноябрда рўйхатдан ўтказилган божхона чегарасидан олиб ўтилаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарор ҳамда унга киритилган қўшимча ва ўзгартишлар тўғрисида сўз юритилди.
Маълумот берилганидек, вилоят божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида 126 та ҳолатда 303 миллион 563 минг сўмлик товар-моддий бойликлари билан боғлиқ хуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган. Шундан ташқи иқтисодий фаолият соҳасига оид ҳуқуқбузарликлар 17 та ҳолатда қиймати 78 миллион 526 минг сўмни ташкил этган. Мазкур рақамларни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан таққосланганда, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги ҳолатлар 50 тага камайган бўлса-да, товар-моддий бойликлар қиймати 73 миллион 764 минг сўмга кўпайган.
- Бу тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтиришни тақозо қилади, - дейди вилоят божхона бошқармаси катта инспектори Собир Холмуродов. – Шунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, чиқиш ва транзит тақиқланган товарлар, одам савдосига қарши курашиш, фуқаролар томонидан божхона чегарасидан ўтиш тартиб-қоидалари, республикамизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ноқонуний тарзда қўшни давлатларга олиб кетилишининг олдини олишга қаратилган мавзуларда тушунтиришлар бериб борилаяпти. Агар фуқароларимиз бу борадаги қонун бузилишига доир ҳолатларга гувоҳ бўлишса, бу ҳақда вилоят божхона бошқармасида ташкил қилинган 221-04-80 рақамли ишонч телефони орқали маълум қилишса, ҳуқуқбузарликларни вақтида бартараф этиш мумкин.
- Бугунги тадбирда, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга оид қонун ҳужжатлари ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришда божхона соҳасида яратилган қулайлик ва имкониятлар тўғрисида ҳам тушунтиришлар берилди, - дейди вилоят божхона бошқармаси божхона статистикаси ва таҳлил бўлинмаси бошлиғи Шербек Ваҳобов. - Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 15 февралда рўйхатдан ўтказилган қарор билан авваллари ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан четдан товар сифатида олиб келинган автотранспорт воситаларига божхона органлари томонидан расмийлаштирилган “Автотранспорт воситасини олиб кириш гувоҳномаси”ни бериш бекор қилинди. Эндиликда мазкур гувоҳнома ўрнига Давлат божхона хизмати органлари томонидан тўғридан-тўғри электрон тарзда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий органларига керакли маълумотлар тақдим этилади. Жорий этилган бу тартиб ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига бир қанча енгилликларни яратиб, энг асосийси, ушбу субъектларнинг маблағи, қолаверса, қимматли вақти тежалишига олиб келади.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан жавоблар олишди.
Н.ХЎЖАЕВ