Мустақиллик бу – эркинлик. Фикрлаш, сўз, эътиқод эркинлиги. Миллий анъаналарни асраб-авайлаш, касб танлаш, меҳнат қилиш ва орзу-интилишларни амалга ошириш эркинлиги.
Мустақиллик бу – ўзлик. Ўз қадр-қимматини англаш, ота-боболарини таниш ва улуғлаш, ўз инсоний шаънини, ор-номусини баланд тутиш, жаҳон ичра ўз ўрнига эга бўлиш саодати.
Бу ҳуқуқ, эркинлик ва саодатни ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Аммо собиқ тузум даврида буларнинг барчаси чекланган эди. Чеклаш нима, ҳатто тақиқланганди. Агар бирор киши мустақил қарор қабул қилса, коммунизмга зид, дея уни абгор қилиб юборишарди. Тарихдан бирор нарса билса, ўтмишни идеаллаштираяпти, дея партиядан ўчиришарди, кейин қамоққа тиқишарди. Бор-йўғи тарихни билгани ёки ўргангани учун. Чунки уларга фикрловчи, ўзлигини англашга уринувчи “ёт унсур”ларнинг умуман кераги йўқ эди.
Кишилар ўз орзу-интилишларини ҳам совет мафкурасига бўйсундиришга мажбур эди. Совет мафкураси хорижга йўл йўқ, дедими, тамом, қишлоқдан нарига ўтолмайсан. Партияга эътиқод қил, дедими, худони унутишга маҳкумсан.
Собиқ тузум даврида бутун бошли миллат ярим асрдан зиёд вақт қатағон жабрини кўриб яшади, кўргани ғам-кулфат бўлди, кўнглида совет ҳокимиятига қарши “заҳар-заққум” йиғилди.
Шўролар даврида халқимиз оғир кунларни бошдан кечирди. Хусусан, юртимизнинг 1937-1938 йиллардаги тарихи оғир фожиаларга тўла бўлди.
Мамлакатимиз раҳбарининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, унинг салбий оқибатларини ўзимизга тасаввур этиш учун биргина Ўзбекистон бўйича қарийб 100 минг киши қатағонга учраб, 13 минг нафари отиб ташланганини эслаш кифоя. Инсоний қадр-қиммати топталган, ҳаёти поймол этилган бу одамлар орасида нафақат арбоб ва зиёлилар, балки юзлаб оддий инсонлар, юртимизда истиқомат қилган деярли барча миллат ва элатларнинг вакиллари бор эди. Шу даврда қанчадан-қанча одамларнинг ўз оиласидан жудо бўлгани, аёллар беваликка, гўдаклар етимликка маҳкум этилганини, минглаб миришкор деҳқонларнинг қулоқ сифатида олис ўлкаларга сургун қилинганини инобатга олсак, халқимиз бошига тушган бу фожианинг даҳшати янада яққол намоён бўлади.
Ўша машъум йилларда совет давлатининг турли бурчакларида 100 га яқин жазо лагерлари ташкил этилган бўлиб, уларнинг аксариятига Ўзбекистондан жазога тортилганлар этап қилинган.
Узоққа бормайлик. Биргина Қарши туманидан жазога тортилган кишиларни, улар қайси жинояти учун бунга лойиқ кўрилганини бир таҳлил қилиб кўрайлик.
Масалан, Қарши Ботиров 1899 йили Дашт қишлоғида батрак оиласида туғилган, деҳқончилик билан шуғулланган, маълумоти қуйи, 2 ойлик сув хўжалиги бўйича курсда ўқиган, мироб касбини эгаллаган. Турли йилларда чўпон, мироб, қишлоқ совети раиси бўлиб ишлаган.
Ана шу оддий бир одамнинг қайси қилиғи совет давлатига ёқмаганки, у 1938 йил 14 октябрда СССР Олий суди ҳарбий коллегиясининги Тошкентдаги сайёр йиғилишида отувга ҳукм қилинган ва ҳукм ўша куни ижро этилган.
Ёки ўша вақтда Бешкент районига қараган Қамаши қишлоғида яшовчи Усмон Болтаевни олайлик. Қишлоқ бойларига ёлланиб ишлаган, подачилик билан шуғулланган, миллати араб бўлса-да, ўзбек, туркман ва тожик тилларини билган бу одам бора-бора район ижроия комитети раиси вазифасигача кўтарилган. Аммо у ҳам 1938 йил 14 октябрда отиб ўлдирилган.
Тушунмайсан киши. Хўш, бу одамларнинг айби нимада эди? Деҳқонлигими? Подачилигими? Ё тил билганими? Ўзга миллат вакили эканими?
Вилоят ҳокимлиги архивида “Ёт унсур бўлган қулоқлар, амир амалдорлари, диний раҳнамо ва савдогарлар” рўйхати сақланади. Унга кўра, совет жамиятида хусусий мулк эгаларига ўрин йўқ. Шунинг учун мол-ҳол қилиб, озгина даромад қилган одам қатағонга учраган.
Энди мана бу далилга эътибор қилинг. Нукрабодлик Мўмин Норбоев боғи, оти ва 2 та эшаги бўлгани учун “ёт унсур”лар рўйхатига киритилган ва қатағон қилинган. Совет “ҳушёр”ларининг нодонлигидан бир кулгинг келади, минглаб одам тақдири ана шундай аҳмоқона рўйхатлар сабаб абгор бўлганини ўйлаб, ғазабинг қўзийди...
Маълумотларга кўра, совет империясидаги энг катта лагерлардан бири Москва области Дмитров шаҳрида бўлган. Бу ердаги “Москва-Волга” канали қурилишида 1935 йил 11 январдаги маълумотга кўра 192 минг 649 маҳбус банд бўлган. Каналнинг узунлиги 128 километр бўлиб, каналдан ташқари 11 шлюз, 7 тўғон ва гидростанциялар қурилган. Верблокдан Волгага, Катта Волгадан Дмитров шаҳригача темир йўл қурилган. Оғир меҳнат шароити туфайли маҳбусларнинг катта қисми жисмоний меҳнатдан, очлик ва касалликдан ўлиб кетган.
Қарши тумани Файзиобод қишлоғилик Ҳазратқул Дилев лагер тартибларига бўйсунмагани учун 1938 йилда отиб ўлдирилган ва Бугова майдонига дафн қилинган. Энг ёмони, тақдири шундай аянчли якун топган юртдошларимиз минглаб, ўн минглаб кишиларни ташкил этади.
Ота-боболаримиз ана шундай машъум кунларни кўрди. Қатағон жабрини чекди. Гулдай умри хазон бўлди.
Фақат 1937-1939 йилларда Ўзбекистонда ҳаммаси бўлиб 43 мингдан зиёд киши қамоққа олинган. Улардан 6 минг 920 нафари отиб ташланган, 37 минг нафари эса турли муддатли қамоқ ва сургунларга ҳукм қилинган.
Ўзбекистон ўз давлат мустақиллигини қўлга киритиши билан мамлакатимизда тарихий ҳақиқат ва адолатни тиклаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётда собиқ совет мафкураси ва унинг ғоявий қолипларидан халос бўлиш, бой тарихимизни ҳаққоний ҳамда холисона ёритиш имконияти ва айни пайтда зарурати юзага келди.
Мустақиллик туфайли аждодларимиз олдидаги инсоний бурчимизни адо этишга имкон туғилди. Шу боис кўплаб манзиллар қатағон қурбонларини хотирлайдиган муқаддас қадамжога, озод Ватанда туғилиб, камолга етаётган ёшларнинг зиёратгоҳига айланди.
Шу билан бирга, қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, маънавиятимиз, тарихий обидаларимиз, динимизни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга безавол етказиш ҳар бир инсоннинг виждонан бажариши лозим юмушига айланди.
Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, ҳар йили 31 август тонгида пойтахтимиздаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуида халқимизнинг қадимий урф-одатларига кўра ош тортилиб, Қуръон тиловат қилиш, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакилларининг бу ерга келиб, марҳумларни ёд этиши, уларнинг руҳига ҳурмат бажо келтириши ибратли анъанага айланиб қолди.
Бу ишлар халқимиз, униб-ўсиб келаётган фарзандларимизнинг онгу шуурида тарихий адолатга ишонч ва инсонийлик фазилатларини қарор топтириш, уларнинг маънавий оламини кенгайтиришда катта тарбиявий аҳамиятга эга экани билан айниқса эътиборли.
Қатағон сиёсатини акс эттирувчи рақам ва далиллар нимани ифода этади? Кеча ким бўлганимизни, қандай кунларни бошдан кечирганимизни кўрсатади. Шу билан бирга буларнинг барчаси бизга истиқлол нақадар суюк, нақадар буюк эканини англатиб туради.
Тош ПЎЛАТОВ
Ватанпарварлик – ёлғиз ўз Ватанига меҳр қўйишдан иборатгина эмас. Бу жуда катта ҳис... Бу – Ватан билан ўзини бир бутунликда деб билиш, унинг яхши-ёмон кунларида асқатиш демакдир.
Лев ТОЛСТОЙ