Қайд этилганидек, мазкур қонун қабул қилингунига қадар ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасида ечилиши лозим бўлган қатор муаммоли масалалар мавжуд эди. Хусусан, ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг ягона тартиби йўқ, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бу борадаги ваколатлари аниқлаштирилмаганди. Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳасида махсус ваколатли давлат органи сифатида қайд этилиб, унга давлат органларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш бўйича фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, услубий раҳбарлик қилиш вазифаси юкланмоқда.
Қабул қилинаётган ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат, қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар барча давлат органлари ва ташкилотларига, ижрочиларга, ҳар бир маҳалла, кутубхона ва таълим муассасасига етиб бориши ҳамда улардан эркин фойдаланиш имконияти таъминланиши лозимлиги ушбу қонуннинг туб моҳиятини кўрсатади.
- Хорижий тажриба ўрганилганда ҳам баъзи мамлакатларда ушбу масала ягона қонун ҳужжати билан тартибга солиниши маълум бўлди, - дейди вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳусан Турсунов. – Масалан, АҚШда “Электрон эълон қилиш ҳақидаги акт”, Швейцарияда “Расмий эълон қилишлар ҳақида”ги қонун, Бельгияда “Ахборотлардан фойдаланиш ва тарқатишни таъминлаш чоралари ҳақида”ги ҳукумат қарори амалда қўлланилиб келмоқда. Шунга кўра, мамлакатимизда ҳам аҳолининг ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини самарали таъминлашда муҳим қадам қўйилганини эътироф этиш керак.
Йиғилишда жисмоний ва юридик шахсларнинг сўровига кўра давлат органлари ва ташкилотлар ўз фаолиятига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартибини тушунтириши, бу тушунтириш ушбу органлар ва ташкилотларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари учун мажбурий кучга эгалиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди, қонун мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг аҳолига етказиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилди.
Н.ХЎЖАЕВ