Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

17.02.2017


ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ ҲУҚУҚЛАРИМИЗНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИДИР

Шу маънода энг аввало бунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат идоралари ходимларининг юксак даражада ҳуқуқий маданиятли бўлиши алоҳида ўрин тутади. Зеро, аксарият фуқаролар ҳуқуқ органлари ходимларига қараб, қонунларга шунга мос тарзда муносабатда бўладилар. Масалан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мутасадди шахсларининг мурожаатларга бўлган муносабати аввало ўша идора салоҳиятини кўрсатиб берса, шу орқали хат муаллифларининг мутасадди мансабдорларга, улар орқали қонунларга бўлган муносабатини ҳам ўзгартиради.

Ҳуқуқий билимга эга бўлган ҳар бир фуқаро ўз манфаатларини ҳимоя қилишда қонунларга таяниб иш кўради ва қонун билан юклатилган бурчини ҳам эсдан чиқармайди. Ҳуқуқий саводсиз киши эса маҳалла фуқаролар йиғини ёхуд туман ҳокимлиги доирасида ҳал бўладиган ва фақат шу идоралар ваколатига кирадиган масала юзасидан республика ҳамда вилоят идораларига ўнлаб асоссиз шикоятлар ёзиб овора бўладилар ва вақт йўқотадилар.

Мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 23 июлдаги “Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилиниб, асосий вазифа сифатида давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онгини ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш белгиланган.

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Аксариятимиз бу ҳуқуқларимиздан ўз ўрнида фойдалансак-да, Асосий қонунимизда бошқаларнинг шаънини қадрлашга мажбурлигимиз, давлатимизни ҳар томонлама ҳимоя қилиш сингари бурчларимиз белгилаб қўйилганини баъзида эсдан чиқариб қўямиз.

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни билан жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади. Қонунда мурожаатларнинг шаклллари, турлари ва кўриб чиқиш муддатлари каби масалалар ўз ифодасини топган. Мурожаатлар ёзма, оғзаки ёхуд электрон шаклда, ариза, шикоят ва таклиф тарзида берилади. Мурожаатлар ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Мурожаатни кўриб чиққан давлат органи ва мансабдор шахс ўз вақтида мурожаат қилувчига хабар қилиши шарт. Акс ҳолда тегишли жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек, фуқаро туҳмат ва ҳақоратдан иборат мурожаат берса, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40- ёхуд 41-моддаси билан жавобгарликка тортилади. Қонунчиликда била туриб ёлғон маълумотлар баён этилган мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органи томонидан қилинган харажатлар жисмоний ва юридик шахсдан суднинг қарори билан ундириб олиниши белгиланган.

Халқ, давлат ва жамият манфаатини ўйлаб ёзилган аризалар хусусида эътироз билдириб бўлмайди. Бироқ минг афсуски, баъзан орамизда асоссиз ариза-шикоятлар ёзиш ёки ёзиб бериш  билан шуғулланувчи “профессионал ёзувчилар” ҳам учраб туради. Бунинг тагида эса аризабоз учун “манфаат” ётади. Кўп ҳолларда уларга “худо инсоф бериб қолар” ёки “ёзса ёзибди-да, ҳечқиси йўқ” қабилида эътибор берилмайди. Бу эса беҳуда аризабозликларнинг кенг илдиз отишига имкон яратади. Натижада улар ўзларининг “касб касаллиги”ни борган сари авж олдираверадилар. Шу   сабабли давлат органи ва давлат хизматчиси фаолияти юзасидан ёзилган шикоят ўз тасдиғини топмаса, ариза  муаллифининг жавобгарлиги масаласи қатъий кўриб чиқилиши ва харажатлар ундириб олиниши мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, бошқа кишилар ҳам устимдан ёзишибди, деб қўл қовуштириб турмасдан ўз ҳақ-ҳуқуқини англаб, агар асоссиз бўлса буни исботлаб бериш учун қонун ҳужжатларини яхшилаб билиб олишлари зарур. Шунда турли “ёзғув”чиларнинг илдизига болта урган бўламиз.

Албатта, инсонни фақат жазолаш билан қўрқитиб, мақсадга эришиб бўлмайди. Муҳими, аҳолимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳамда бу ишларни тизимли ташкил қилишга жиддий эътибор қаратишимиз керак. Бу ишларни амалга ошириш соҳасида Олий Мажлис Сенати аъзолари, депутатлар, давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари ходимлари, хуллас, барчамиз биргаликда масъулмиз. Зеро, маърифатли, маънавиятли ва маданиятли инсонлар ҳар бир элу халқ ҳамда давлату жамиятнинг кўрки ва фахридир.

Абдишукур ОМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Report typo