Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

26.04.2018


ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ ЙЎЛИДА ЯНГИ ТАШАББУС

Тадбирнинг дастлабки икки кунида вилоят ҳокимлиги, адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги давлат нотариал идоралари ҳамда ФҲДЁ бўлимлари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича, шунингдек, маъмурий ва иқтисодий судлар, солиқ, ички ишлар бошқармалари, Марказий банк вилоят бошқармаси, бандликка кўмаклашувчи идоралар, Ёшлар иттифоқи вакиллари Шаҳрисабз шаҳрининг барча ҳудудларида 15 дан ортиқ гуруҳга бириккан ҳолда маҳалла, таълим муассасалари ва хонадонларга кириб бориб, фуқаролар билан мулоқотлар ташкил этдилар.

Ўрганишлар натижасида аниқланган ишсизлик, соғлиқни сақлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит, коммунал хизмат, таълим, кредит ажратиш, уй-жой таъминоти, тадбиркорлик фаолияти учун ер ажратиш билан боғлиқ муаммоларнинг айримлари жойида бартараф этилди, қолганларининг қонуний ечими бўйича фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Айрим мурожаатлар ҳал этиш ваколатига эга бўлган идораларга ижро учун юборилди.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш, ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашга бағишланган буклетлар, турли материаллар тарқатилди. Ҳуқуқий маълумотларни тезкор олишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, жумладан, “Telegram” мессенжеридаги “Huquqiy axborot” канали, “Facebook”даги “Қашқадарё адлия билан мулоқот” саҳифаси ҳамда “Lex.uz” сайти ва бошқа ижтимоий тармоқлар ҳақида тушунчалар берилди.

Дарҳақиқат, адлия – одамлар билан энг кўп мулоқот қиладиган, турли йўналишда давлат хизматлари кўрсатадиган, ҳуқуқий тафаккурни юксалтиришга ҳисса қўшадиган тизим ҳисобланади. Шу боис хоҳ ижтимоий тармоқда, хоҳ энг чекка, интернет етиб бормаган қишлоқлардаги инсонларнинг хонадонларида бўладими, барча билан ҳамнафас бўлишга, сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатишга ҳаракат қилинмоқда.

Шунингдек, тадбир доирасида Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қароридан келиб чиққан ҳолда китоб акцияси ташкил этилиб, иштирокчиларга бадиий адабиётлар жамланмалари туҳфа қилинди.

Сайилнинг сўнгги куни Оқсарой мажмуасида байрамона руҳда ўтди.

- Тадбир айнан буюк Соҳибқирон бобомиз ўсиб-улғайиб, камол топган Шаҳрисабзда, муҳташам Оқсарой мажмуасида ўтказилгани бежиз эмас, - деди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Қўчқоров. – Амир Темур бутун умри давомида доимо бир тамойилни ўзига шиор қилиб олган: куч – адолатда. Шунга таяниб айтиш мумкинки, адолат қачон таъминланади, қачонки қонун устувор бўлса, инсон ҳуқуқлари қачон устувор бўлади, қачонки қонун олдида ҳамма тенг бўлса. Мазкур сайилдан кўзланган туб мақсад ҳам аслида шу.

Санъаткорлар, иқтидорли спортчи ёшлар, бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг мусиқий композицияли дастурлари, ҳарбийлар ва каскадёрлар чиқишлари, ҳунармандлар кўргазмалари барчага бирдек манзур бўлди.

Якунда бу каби тадбирларни вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам доимий равишда ўтказиб боришга келишиб олинди.

НАСРИДДИН

Report typo