Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ҲАЙДАРОВ

30.01.2017


ҲУҚУҚИНИ БИЛГАН ҲАҚИНИ ОЛДИРМАЙДИ

Дарҳақиқат, бугун олдидан оққан сувнинг қадрига етмай, борига шукур қилмай, ўз ризқини хориждан излаётган айрим юртдошларимизни чет элларга нима етаклаётганини тушуниш қийин. Ваҳоланки, юртимизда шундай шароит ва имкониятлар яратилганки, ризқни ўзга жойдан излашга ҳожат йўқ. Ҳалол меҳнат қилган одамнинг бири икки бўлаяпти, топганига барака инаяпти.

Аммо айрим кишилар тезда бойиб кетишни ўйлаб, осон пул топиш мақсадида хорижий мамлакатларга иш излаб кетаётгани бор гап. Улар одам савдоси деб аталмиш трансмиллий жиноят таъсирига тушиб қолаётгани, қулдек таҳқирланиб, шаъни топталиб, зиғирча инсонийлик қадри қолмаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Одатда одам савдоси жинояти орқали тирикчилик қилишни кўзлаганлар атрофдаги содда ва моддий жиҳатдан эҳтиёжманд бўлган кишиларнинг ишончига кириш орқали, уларни тез орада бойиб кетишига ишонтириб, ўз тузоқларига илинтирмоқдалар. Ҳар йили дунё миқёсида одам савдосидан олинадиган даромад 19 миллиард долларни ташкил қиларкан. Одамфурушликни пул топиб, кун кечириш манбаига айлантириб олган кимсалар учун маҳалла-кўйчилик, қон-қариндошлик ришталарининг умуман аҳамияти йўқ. Улар учун инсон тирик товар воситасига айланади. Ўз манфаати, фойдаси йўлида юртдоши, маҳалладоши, қон-қариндошини ҳам сотиб юбораётганлар учраётгани ачинарли ҳол, албатта.

Бугун хорижга бориб, ўзини худди ишлари юришиб кетгандек, ўз ўрнини чет элда топгандек қилиб кўрсатадиган кишилар билан бафуржа суҳбат қурсангиз, уларга ўзга юртларда осон эмаслигини англайсиз. Инсон шаънининг топталиши, ҳақоратлар, уриш ва сўкишлар... Муттасил қочиб юриш, барқарор иш ўрни ва маошнинг йўқлиги... Шунинг учун аксарият юртдошларимиз чет элга келдимми, энди кўпроқ пул топмасам бўлмайди, дея ўта оғир шароитдаги юмушларни ҳар икки сменада, кечаю кундуз бажаришга мажбур бўлишади. Энди одам савдоси қурбонига айланган кишиларнинг аҳволини тасаввур қилаверинг.

Шуни ҳам қайд этиш ўринлики, одам савдоси турли уюшган жиноий гуруҳлар томонидан содир этилаётгани, бу жиноятдан кўпинча аёллар ва болалар катта жабр кўраётгани унга қарши турли халқаро, минтақавий ва миллий даражада жиноий-ҳуқуқий кураш чораларини кучайтиришни, ўзаро ҳаракатларни мувофиқлаштиришни тақозо этмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон БМТ томонидан қабул қилинган қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилди ҳамда МДҲ аъзолари ичида биринчилардан бўлиб уюшган жиноятчиликнинг одам савдоси турига қарши курашишга астойдил киришди.

Хусусан, 2008 йил 17 апрелда мамлакатимизда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. 2008 йил 8 июлда эса мамлакатимиз раҳбари томонидан “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш мақсадида уларга тегишли ҳуқуқий, тиббий, психологик ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш мақсадида ихтисослаштирилган муассасалар ташкил этилди.

Шундай экан, аввало ҳар бир инсон ўзининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни тўғри, тўла тушуниб етмоғи даркор. Ишлайман, деса юртимизнинг ўзида иш ўрни етарли. Савияли, кучли мутахассисни, қўлидан иш келадиган одамни ҳеч ким ташлаб қўймайди. Бундай одамнинг чет элда сарсон-саргардон юришининг ўзи нотўғри.

Шунингдек, фуқароларимиз ўзларининг чет эллардаги меҳнат муносабатларига оид ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари, фуқаро борган давлатнинг қонун ҳужжатлари билан кафолатланишини ҳам билиб олишлари зарур. Зеро, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хорижга ишга борган фуқароларимиз ўша давлат фуқаролари билан бир хил меҳнат ҳуқуқига эга бўладилар. Одам савдоси деб аталмиш чегара билмайдиган ва танламайдиган жиноятнинг қурбонига айланиб қолишмайди.

Н.ҲАЙДАРОВ,

жазони ижро этиш муассасаси махсус контингентлари ўртасида тарбиявий ишлар олиб бориш бўлими ходими

Report typo