Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ҳусан ТУРСУНОВ

23.02.2017


ҲУҚУҚШУНОС ХАЛҚАРО ҲУҚУҚНИ НЕГА БИЛИШИ ЗАРУР?

Аввало шуни айтиш керакки, ҳар қайси давлат ўз Конституцияси ва қонунларини бошқа мамлакатлар миллий ҳуқуқ тизими, илғор қонунчилик тажрибаси, шу жумладан халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига таянган ҳолда қабул қилади. Бошқача айтганда, халқаро ҳуқуқни давлатлар миллий ҳуқуқ тизимларисиз, миллий ҳуқуқ тизимларини эса халқаро ҳуқуқсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Шу маънода, Ўзбекистон ҳам ўз миллий қонунчилик мактабини яратишда, авваламбор, кўп минг йиллик миллий анъана ва урф-одатлар, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси ва албатта халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари устуворлигига таянди. Айниқса, Конституциямизда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлиги тан олингани қонунчиликка халқаро ҳуқуқ нормаларини изчил ва босқичма-боcқич имплементация қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Бунинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида бевосита инсон ҳуқуқларига оид 70 дан ортиқ универсал ва минтақавий халқаро шартномалар, шу жумладан БМТнинг 6 та асосий шартномаси иштирокчисига айланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, бугун мамлакатимиз инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасидаги халқаро шартномавий мажбуриятларни сўзсиз бажариш бўйича дунёнинг етакчи давлатлари қаторидан жой олди.

Демак, давлатнинг миллий ҳуқуқий тизими халқаро нормалардан холи ривожлана олмас экан, ҳуқуқшунослар ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек вазифани амалга оширишда халқаро ҳуқуқни, халқаро шартномаларни ҳам билиши, ўз фаолиятини шунга мувофиқ олиб бориши талаб этилади.

Иккинчи томондан эса фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати халқаро ҳуқуқ билан ҳам ҳимояланганини, халқаро ҳуқуқ тизимининг асосий мазмуни ва қисми инсон ҳуқуқларидан иборат эканини унутмаслигимиз керак.

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у ёки бу фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёки суд йўли билан тиклашга эришдикми, демакки, биз фуқароларнинг Конституция, қонун ва халқаро ҳуқуқ билан кафолатланган ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилишни, давлатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятлари бажарилишини таъминлаган бўламиз. Ёки аксинча, бир фуқаронинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни лозим даражада бажармадикми, қонун бузилишига сабаб бўлдикми, фуқароларнинг Конституция, қонунлар ва халқаро ҳуқуқ билан мустаҳкамланган ҳуқуқларининг ҳам бузилишига йўл қўйган бўламиз.

Масалан, Жиноят-процессуал кодексининг 224-моддасига асосан ички ишлар органи ходими гумон қилинувчига у жиноят содир этишда гумон қилиб ушланганини билдириши ва ундан яқин орадаги милиция муассасасига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга бирга боришини талаб қилиши, шу билан бирга, ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатувлар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларини тушунтириши, шунингдек, у берган кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини билдириши шарт.

Агарда ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатувлар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларини тушунтирмай, у берган кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини билдирмай, қонун талабига риоя қилинмадими, нафақат жиноят-процессуал қонунчилиги, балки халқаро ҳуқуқнинг муҳим нормаларидан бири - “Миранда қоидаси”, шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг “jus cogens” нормаси, яъни  инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш принципи ҳам  бузилган ҳисобланади.

Шундай экан, биз ҳуқуқшунослар, энг аввало, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган қуйидаги 6 та асосий шартномаларни билишимиз зарур:

1) Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт ва унга Факультатив протокол;

2) Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт;

3) Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция;

4) Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция;

5) Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенция;

6) Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция.

Хўш, нима учун биз ҳуқуқшунослар биринчи навбатда айнан мазкур шартномаларни билишимиз зарур?

Нега деганда, биринчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган ушбу ҳужжатлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқда асосий шартномалар туркумига киради ва бирорта ҳам бошқа халқаро шартнома ёки ҳужжат уларга зид бўлиши мумкин эмас, иккинчидан, мазкур халқаро шартномаларда Конституциямизда белгилангани каби инсон ва фуқароларнинг шахсий, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳадаги фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкамланган, учинчидан, айнан ана шу асосий шартномаларнинг ўз ҳудудида бажарилиши юзасидан аъзо давлатлар БМТ қўмиталарига ҳисоботлар тақдим этиб боради, тўртинчидан, ушбу ҳужжатлар айни пайтда Ўзбекистоннинг асосий шартномалари ҳам ҳисобланади.

Жумладан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактда белгиланганидек, унда иштирок этувчи ҳар бир давлат ўз ҳудудидаги ва ўз юрисдикциясида бўлган шахсларнинг мазкур пактда эътироф этилган ҳуқуқларини – ирқи, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши ёки ўзга ҳолатидан қатъи назар, ҳурмат қилиш ва таъминлаш мажбуриятини олади.

Мухтасар айтганда, давлатимиз зиммасига олган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномавий мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларидан бири – инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш принципи устуворлигига эришиш суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари – биз ҳуқуқшунослар фаолияти билан бевосита боғлиқ.

Бунинг учун эса соҳа вакилларидан инсон ҳуқуқлари бўйича нормалар мустаҳкамланган халқаро қонунчиликдан, халқаро конвенциялар ва бошқа ҳужжатлардаги ўзгаришлардан доимо хабардор бўлиб бориш талаб этилади.

Ҳусан ТУРСУНОВ,

вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди.

Report typo