Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Муродилла НОРМУРАДОВ

08.12.2018


ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАР КАФОЛАТИНИНГ ТАМАЛ ТОШИ

Фармон замирида, аввало, халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилаш, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, жамиятда қонун устуворлиги тамойилини тўлиқ жорий этиш мақсади мужассам. Унда аҳоли барча қатламлари манфаатларига мос кўплаб вазифа ҳамда чора-тадбирлар белгилаб берилган, уларни тўлиқ ва сифатли амалга ошириш ҳар биримиздан алоҳида фидойилик ва масъулиятни талаб этади.

Шу асосда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда 10 декабрь куни мамлакатимиздаги барча мактаб, лицей, коллеж, олий таълим муассасаларида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган умуммиллий дарс ўтказади.

Зеро, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси инсоннинг шахсий, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатдир. Дунёда бундан бошқа энг кўп тилга таржима қилинган, қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга асос бўлган, бу қадар кўп давлатлар қўшилган ҳужжат йўқ. Чунки унда сайёрамизда яшаётган ҳар бир инсоннинг, у қаерда туғилгани, яшаётгани, қайси миллатга мансублиги, қандай тилда сўзлашиши, диний эътиқодидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани белгиланган.

Маълумки, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқий шартномалар талаблари асосида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маърузаларни БМТ ва халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича тегишли идора ва комиссияларига   доимий равишда тақдим қилиб келади. Давлатимиз мустақилликка эришгандан кейин қўшилган дастлабки халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳам айнан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси эди. Шу кунгача Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан ортиқ амалий ҳужжат, БМТ томонидан мазкур соҳада қабул қилинган 10 та асосий халқаро шартнома иштирокчиси саналади. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган мақсадлар ҳам инсон манфаатларига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бу борада биргина мисол. 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилиниб, "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" тамойили асосида бажарилган ишлар, барча шаҳар, туманларда Президент Халқ қабулхоналари фаолият кўрсатаётгани аҳолининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил  19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ҳам юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш ва бу соҳадаги амалий ишларга эътибор қаратилди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўларкан, Бош комиссар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолади.

Бир неча кун аввал Самарқандда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70  йиллигига бағишлаб ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумини эса тарихий тадбир дейиш мумкин. Форум иштирокчилари эътиборига ҳавола этилган Президент мурожаатномасида асосий гап бугуннинг муаммоси - қуролли можаролар, чуқурлашаётган зиддиятлар, этник ва миллатлараро келишмовчиликлар ҳамда бошқа умумбашарий чақирув ва таҳдидлар ҳақида борди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш видеомурожаати, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Ингибёрг Солрун Гисладоттир, БМТ бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича БМТнинг минтақавий марказ директори Наталья Герман чиқишлари ҳам эътиборли бўлди. Қайд этилганидек, 2015 йил сентябрда Нью-Йоркда ўтган Барқарор ривожланиш бўйича БМТ саммитида 170 давлат етакчилари томонидан 2030 йилгача бажариладиган ишлар кун тартиби тасдиқланди. Барқарор ривожланишнинг 17 мақсадини рўёбга чиқариш учун 15 йил ичида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди. Аммо бугун дунёнинг айрим минтақаларида давлатлар томонидан инсон ҳуқуқларининг универсаллигини ҳар бир инсон учун таъминлаб бериш осон кечмаяпти.

Айтиш ўринли, Ер шаридаги энг катта қитъа, жами қуруқлик майдонининг 30 фоиздан ортиғини эгаллаган Осиё иқтисодиёти глобал иқтисодиётнинг қарийб 32 фоизини ташкил этади. Осиё қитъаси мамлакатларида иқтисодиёт жадал ривожланмоқда. Аҳоли даромадлари ошмоқда. Шу билан бирга, Барқарор ривожланиш мақсадлари таъминланиши ва инсон ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш учун долзарб вазифалар мавжудлиги аён бўлмоқда. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганидан буён қитъамизда илк бор ўтказилган ушбу форум инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мавжуд механизмларни янада такомиллаштириш ва янгиларини таъсис этиш юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, Марказий Осиё минтақасида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга биринчи бўлиб мамлакатимизда асос солинган. 1995 йилда Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили лавозими таъсис этилган. Бу борада қонунларга киритилган ўзгариш ва қўшимчаларга мувофиқ, Вакилга фуқароларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатлари билан ишлаш, қонун устуворлигида парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, Конституциявий суд ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган, ушлаб турилган ва қамоққа олинган шахслар аризалари билан ишлаш тартиби, умуман, фуқаролар манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонун-ҳужжатлари бузилишини бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ҳуқуқлари берилди.

Умуман олганда, юртимизда мазкур жабҳада юритилаётган сиёсат, кўламли ислоҳотлар марказида аввало инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсади мужассамдир.

Муродилла НОРМУРАДОВ,

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг вилоятдаги минтақавий вакили

Report typo