Вилоят ҳокимлиги, Маънавият тарғиботи маркази вилоят бўлими, маданият ва спорт ишлари бошқармаси, Қарши давлат университети ҳамда Қарши гарнизони ҳудудида жойлашган ҳарбий қисм ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Қуролли Кучлар фахрийлари, ҳарбий хизматчилар, талаба ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда тинчликни мустаҳкамлаш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш, кексаларни эъзозлаш, эртамиз эгаларини баркамол қилиб вояга етказишга давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, буюк аждодларга муносиб бўлиш, юртимиз тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшаш ҳар биримиз, айниқса, ёшларнинг муқаддас бурчидир. Буни теран англаш учун эса турмушимиз фаровонлиги йўлида фидойилик кўрсатган, катта ҳаёт тажрибасига эга кексалар билан фикр алмашиш, уларнинг ўгитларини тинглаш муҳим аҳамият касб этади.
- Бугунги ёшларга ҳавасингиз келади, - дейди Мудофаа вазирлиги фахрийлар ишлари бўйича вилоят кенгаши раиси, захирадаги полковник Тожинор Шукуров. – Ёшларимизнинг касб-ҳунар эгаллашлари, илм-фан сирларини пухта ўрганишлари учун барча шароитлар яратилган. Бунинг ҳаммаси юртимиздаги тинчлик ва осудалик самарасидир. Ҳарбийларга қаранг. Пухта жисмоний тайёргарлик, юксак интеллектуал салоҳият, мустаҳкам руҳий-маънавий иродага эга. Ижтимоий-маиший таъминоти бекаму кўст. Юрт армиясида хизмат қилиш ҳар бир ўғлон учун катта шараф ишига айланган. Ўз навбатида, юртимизда нуронийларга, меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган юксак эҳтиром диққатга сазовор.
- Бу каби тадбирлар биз ёшларни маънан етук бўлиб улғайишимиз, қалбимизга ватанпарварлик туйғуларини янада чуқур сингдиришимизда катта роль ўйнайди, - дейди Қарши давлат университети талабаси Мафтуна Хўжаева. – Айниқса, уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳаёт мактаби билан яқиндан танишиш асносида дунёда юрт тинчлиги, халқ фаровонлигидан кўра азизроқ неъмат йўқлигини яна бир бора теран англадим.
Тадбир сўнгида иштирокчилар эътиборига Қарши давлат университетининг “Зиё” талабалар театр-студияси томонидан саҳналаштирилган “Широқ” спектакли намойиш этилди.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Суратда тадбирдан лавҳа.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат