Таъкидлаб ўтиш жоиз, пахта етиштириш бўйича республикада етакчи ўринларда турадиган вилоятимизда ҳам пахта толасини қайта ишлаш салоҳияти юксалиб бормоқда. Сўнгги йилларда бу йўналишда бир нечта истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилгани шунга имкон бераётир.
Буни Косон туманидаги “Бунёдкор” масъулияти чекланган жамияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу корхона мавжуд қувватларнинг маънан эскирганлиги, сифат талабларига жавоб бермаслиги боис бир неча йилдан буён фаолият кўрсатмай келаётганди. Эндиликда корхона негизида замонавий технологиялар билан жиҳозланган, пахта толасига чуқур ишлов беришдан тортиб, тайёр маҳсулотлар тайёрлашгача бўлган барча босқичларни амалга оширишга мўлжалланган йирик мажмуа бунёд этилмоқда.
- Лойиҳамизнинг биринчи босқичида қиймати қарийб 4 миллион АҚШ долларига яқин бўлган ишлаб чиқариш қувватини ишга туширдик, - дейди жамият иш юритувчиси Жамшид Сайдалиев. - Хориждан йилига 800 тонна ип-калава ишлаб чиқариш имконига эга дастгоҳлар олиб келиб, ўрнатилди. Биз фойдаланаётган технология пахта толасини пневматик, яъни халқали усулда йигиришга асосланган. Унинг афзаллиги шундаки, ип йигириш ва пишитиш жараёнлари айланувчи ҳаво оқими ёрдамида бажарилади, энергия кам сарфланади. Бундай усулда олинган ипдан асосан трикотаж мато тўқилади. Бу маҳсулотларга Осиё мамлакатлари, шунингдек, Россия каби давлатлар асосий харидор ҳисобланади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда дунё бозорида пахта толаси ва ундан тайёрланган маҳсулотларнинг харидори кўп. Буни февраль ойидан фаолият бошлаган ушбу корхонага дастлабки даврдаёқ хорижлик ҳамкорлар томонидан 1,5 миллион доллардан ортиқ ҳажмда маҳсулот сотиб олиш бўйича таклифлар билдирилгани ҳам англатиб турибди. Корхона раҳбарияти айни дамда бу таклифларни кўриб чиқишмоқда ва шу ойдан бошлаб маҳсулот экспортини йўлга қўйишни режалаштиришган.
Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари, хусусан, АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия каби давлатлар ишбилармонлари ўзи сотиб олаётган ип-калавага анчагина жиддий талаблар қўяди. Маҳсулот белгиланган пишиқлик ва ингичкалик кўрсаткичларига жавоб бериши лозим. “Бунёдкор” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган лойиҳанинг иккинчи босқичи эса ана шундай “инжиқ” харидорларнинг ҳам “кўзини ўйнатадиган” маҳсулот ишлаб чиқаришни кўзда тутади.
- Ҳозирги кунда лойиҳанинг иккинчи босқичини амалга ошириш учун ҳам ишларни бошладик, - дейди Жамшид Сайдалиев. – Тез орада чет эллик ҳамкорларимиз келиб, технологияларни ўрнатишни бошлайди. Қиймати 11 миллион 600 минг АҚШ долларини ташкил этадиган ушбу лойиҳа доирасида Германиядан энг замонавий технологиялар олиб келинади. Шу асосда иккинчи босқич ишлаб чиқариш тўлиқ автоматлаштирилган тизимда амалга оширилади. Унда 90-номерли ип-калава тайёрланади. Айтиб ўтишим жоиз, бу ўлчамдаги иплар жаҳон бозорида, хусусан, Ғарб мамлакатларида жуда қадрланади. Биз ҳам маҳсулотни юз фоиз Европага экспорт қилишни мўлжаллаганмиз.
Айнан, лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга туширилиши билан корхона кластер усулидаги иш тизимига ўтади. Бунда ерни шудгорлашдан тортиб, пахта экиш, парваришлаш, ҳосилни йиғиб олиш ва қайта ишлашгача бўлган барча жараёнлар корхона томонидан ва унинг назорати остида амалга оширилади.
Лойиҳанинг учинчи босқичи якунланганидан сўнг эса корхона томонидан ички бозорга ва хорижга фақат ип-калава эмас, балки тайёр матолар, кийим-кечаклар ҳам чиқарила бошлайди. Хориждан олиб келинадиган замонавий технологиялар йилига 2 минг тоннадан ортиқ ана шу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш имконини беради.
2020 йилга қадар мўлжалланган лойиҳа тўлиқ амалга ошиши натижасида 900 та янги иш ўрни яратилади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.