- Ҳар бир оиладаги маънавий-ахлоқий муҳит фарзандлар тарбиясига сезиларли таъсир ўтказиб келган, - дейди Косон туманидаги Наврўз маҳалла фуқаролар йиғини раиси Норқора Яхшиев. - Инсоннинг асосий умри ўтадиган маҳалланинг хусусияти шундаки, унда яшовчи ҳар бир оила, шахс шу аҳли жамоа кўз ўнгида шаклланади. Маҳалла ёшлар ўртасида катта тарбия ўчоғи, маънавият ва маърифат маркази бўлмоғи лозим. Маҳалламизда 4000 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилса, шундан 2320 нафарини ёшлар ташкил этади. Таълим муассасаларида ҳар душанба куни “Маънавият соати” ўтказилади. Уларда маҳалланинг вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари ҳамда маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссиялари томонидан турли мавзуларда суҳбатлар уюштириб борилаяпти. Ҳафтанинг ҳар жума куни эса маҳаллада ота-оналар, психолог ва профилактика нозирлари иштирокида вояга етмаган ёшлар ҳамда ота-оналар билан суҳбат ўтказамиз.
“Маҳалла-оила-мактаб” ҳамкорлиги ўқув масканларидаги таълим-тарбия жараёни сифатини ошириш, бунда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, 9-синфни битирган ўқувчиларни коллеж ва лицейларга тўлиқ қамраб олиш, қизларнинг касб-ҳунар эгаллашига яқиндан кўмаклашишда муҳим омил саналади.
- Қиз боланинг тарбияси қанча эрта бошланса, шунча яхши, - дейди Косон туманидаги 12-мактаб директори Света Астанаева. - Мактабгача таълим муассасаларида ўтказилаётган “Зумрадойлар давраси” тўгараги жажжи қизалоқларни миллий урф-одат ва қадриятларимиз руҳида тарбиялаш, иболи, ҳаёли ва юксак маънавиятли қилиб вояга етказишга хизмат қилмоқда. Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ҳамда маҳаллаларда жорий этилган “Ораста қизлар” тўгараги эса уларнинг жисмонан соғлом, ҳар томонлама билимли бўлиб вояга етиши, халқимизга хос одоб-ахлоқ мезонларини ўзлаштиришида муҳим аҳамият касб этаётир. Тўгараклар ишига шифокорлар, ҳуқуқшунослар, меҳнат фахрийлари яқиндан ёрдам беришмоқда.
Маҳаллада турли ижтимоий тузилмалар билан йўлга қўйилган доимий ҳамкорлик доирасида “Юксак маънавият - енгилмас куч”, “Соғлом турмуш тарзи – соғлом келажак гарови”, “Одам савдоси: муаммо ва масъулият”, “Ким бўлсам экан?”, “Соғлом онадан - соғлом бола”, “Огоҳлик - давр талаби”, “ОИТС ҳақида нималар биласиз?”, “Оила - миллий қадриятлар бешиги” каби мавзуларда жонли мулоқотлар, учрашувлар ўтказиб борилаяпти.
- Бугун нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этаётган ёшларимиз сафи тобора кенгайиб, улар қўлга киритаётган совринлар кўпайиб бормоқда, - дейди Наврўз маҳалласи қошида ташкил этилган вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссия раиси Пўлат Омонқулов. - 2013-2016 йилларда маҳалламиз спортчи ёшлари жаҳон биринчилигида 1 та, халқаро турнирда 3 та, Осиё биринчилигида 5 та олтин, республика биринчилигида 124 та олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишиб, совриндорлар сафидан ўрин олишди. Маҳалламиздан 4 нафар халқаро тоифадаги спорт устаси, 27 нафар спорт усталигига номзод етишиб чиққан. 37 нафар спортчимиз эса турли спорт турлари бўйича терма жамоа аъзолигига қабул қилинган. Булар кичкина, ҳазилакам рақамлар эмас. Бу ғалабалар мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор маҳсулидир.
Пўлат Омонқуловнинг айтишича, маҳалладаги ҳар бир оила фарзандининг қайси таълим масканига қатнаётгани, дарсдан бўш вақтида фан, бадиий ижод, спорт тўгаракларига қамраб олингани мунтазам ўрганиб борилаяпти. Бу ёшларнинг дарсдан бўш вақтини бесамар ўтказиши, билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолишининг олдини олишда аҳамиятли. Биринчи Президентимиз қайд этганидек, “Соғлом бола тарбиясида маҳалла ва ижтимоий тузилмаларнинг катта ўрни ва таъсири борлиги ҳақида, ўйлайманки, ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ. Халқимизнинг “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деган мақолида, албатта, чуқур маъно мужассам”.
Шоҳиста БОЗОРОВА